Жаҳон | 13:30 / 23.10.2024
4310
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг Ливанга зарбаси, Россияда очилган BRICS саммити ва қисқариб бораётган Украина аҳолиси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазодаги вазият

Исроилнинг Ғазодаги агрессияси эксклав иқтисодиётини 79 йил орқага итқитиб ташлади. Бу ҳақда БМТнинг Ривожланиш дастури ҳамда Ғарбий Осиё учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси томонидан тайёрланган «Ғазодаги уруш: Фаластин давлати учун ижтимоий-иқтисодий оқибатлар кутилмалари» докладида қайд этилган.

«Ғазо 70 йил аввалги ривожланиш даражасига тушириб борилди», деган БМТ Ривожланиш дастурининг Фаластин халқига ёрдам бериш дастури вакили ўринбосари Титошэ Ногучи Женевада ўтказилган брифинг чоғида.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили сектор аҳолиси оммавий қирилиб кетиш таҳдиди остида қолганини маълум қилган. Қамал қилинган эксклавнинг шимолида 470 минг инсонга оммавий қирғин хавф солиб турибди.

Бу ҳақда Фаластин давлатининг БМТдаги доимий вакили Риёз Мансур БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси Филемон Янг ҳамда шу ойдан бошлаб Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Швейцарияга йўллаган хатида маълум қилган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроил армияси инсонпарварлик юклари ортилган 250 мингдан ортиқ юк машиналарининг Ғазога кириб келишига монелик қилган.

Ғазо ҳукумати матбуот хизматининг маълум қилишича, Тел-Авив маъмурияти Ғазо секторида, айниқса эксклавнинг шимолидаги Жабалия туманида истиқомат қилаётган фаластинликларни очлик билан қийнашда давом этишмоқда.

«Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёш болалар озуқаси олиб кирилишини тақиқлаб Исроил тинч аҳолига нисбатан очарчилик таназзулидан қурол сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳам инсониятга қарши жиноятдир», — дейилади хабарда.

Ғазо ҳукумати Исроил томонидан сўнгги чегара эшиклари 169 кунга ёпиб қўйилгани ва Фаластин эксклавининг барча қисмлари қатъий қамал остида қолганига эътибор қаратган.

Эксклав ҳукумати «Ғазо секторида истиқомат қилаётган 2,4 миллион фаластинликларга қарши Исроил оккупацион режимининг шафқатсиз жиноятларига жаҳон ҳамжамияти ва дунё давлатларининг сукутини тушуна олмаётгани»ни ҳам таъкидлаб ўтган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазога босқини қурбонлари сони 42 минг 718 нафарга етган. Ярадорлар сони эса 100 мингдан ошган.

Ливандаги вазият

Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Ливан пойтахти Байрут шаҳридаги Рафиқ Ҳаририй шифохонаси яқинига берган авиазарбаси қурбонлари сони 18 нафарга етган. Камида 57 киши яралангани маълум қилинмоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, пойтахт Байрутнинг Женаҳ туманидаги Рафиқ Ҳаририй номидаги давлат шифохонаси ён-атрофига тунда ҳужум уюштирилган.

18 киши, жумладан бир ёш бола ҳалок бўлган. 57 киши турли даражада яраланган ва уларнинг етти нафари оғир аҳволда.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен сешанба куни Исроилга келиб қўнди. Бу ушбу америкалик дипломатнинг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан буён минтақага 11-бор ташриф буюришидир.

Америка томони ўтган ҳафтада ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар ўлдирилганидан кейин Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилмоқда.

Афтидан, бу натижаси АҚШнинг минтақадаги сиёсатини ўзгартириши мумкин бўлган президентлик сайловлари олдидан демократлар маъмуриятининг можарони ҳал қилиш жараёнида муваффақиятга эришиш учун сўнгги уриниши бўлади.

Исроилнинг йўқотишлари

Ливаннинг жануби Исроил учун асло енгилгина сайр қилинадиган ҳудуд эмаслиги маълум бўлмоқда.

Сўнгги сутка ичида Исроилнинг камида 25 нафар аскари Ливан жанубидаги тўқнашувларда яраланган.

«Ҳизбуллоҳ» билан чегараолди жангларда “Адирим” артиллерия полкининг 508-баталйони аскари 27 ёшли Саар Элиад Наварский ҳалок бўлган. Шу баталйоннинг яна уч нафар аскари жиддий яраланган.

Бундан ташқари, Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» билан тўқнашувларда Исроил армиясининг захирадаги майори, «Алон» бригадаси 9308-баталйони қўмондони ўринбосари Авирам Хариб ўлдирилган.

Исроилнинг Ғазо ва Ливандаги урушларда ҳалок бўлган жангчиларининг расман эълон қилишга рухсат этилган сони 752 нафарни ташкил этмоқда. 5043 киши яраланган.

The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, норасмий маълумотларга кўра 700 дан ортиқ исроилликлар бедарак йўқолган ҳисобланади.

Оммавий ахборот воситалари таъкидига кўра, расмий тузилмалар ҳанузгача бедарак йўқолганларнинг оилаларига тайинли жавоб беришмаган ва қидирилаётганларнинг ягона рўйхати тузилмаган.

Яқинларини топиш учун одамлар барча усуллардан, жумладан ижтимоий тармоқ орқали қидирувдан ҳам фойдаланишмоқда.

BRICSʼнинг Россиядаги саммити

Россияда BRICS саммити бошланди. Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида ташкиллаштирилган саммитда 36 та давлат ва 6 та халқаро ташкилот делегациялари иштирок этмоқда.

Тадбирда, шунингдек, BRICS аъзоси бўлишга интилаётган, лекин ҳали кирмаган Россияга «дўстона» давлатлар раҳбарлари ҳам иштирок этади. 

Украинадаги уруш бошланганидан буён жаҳон етакчиларини Россияда энг йирик учрашувда тўплаган Владимир Путин Ғарбга ўз мамлакати яккаланишдан йироқ эканини кўрсатмоқчи, деб ҳисобламоқда экспертлар.

Бироқ гуруҳ аъзоларининг ҳаммаси ҳам Ғарбга тўғридан тўғри қаршилик кўрсатишга рози эмас ва экспертларнинг фикрига кўра, уларни Путиннинг қўллаб-қувватлашидан кўра кўпроқ Хитой иқтисодиётининг кучи жалб қилади.

Расмий равишда BRICS саммити Қозонда кеча очилди, бироқ расмий тадбирлар бугун бўлиб ўтади.

Владимир Путин BRICS аъзоларининг барча етакчилари билан алоҳида учрашув ўтказиш ниятида, шунингдек, уюшмага ҳали аъзо бўлмаганлар билан, хусусан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам алоҳида учрашмоқчи.

Бундан ташқари, Путиннинг Фаластин, Сербия, Лаос, Мавритания, Боливия президентлари, шунингдек, БМТ Бош котиби ва Виетнам бош вазири билан учрашиши режалаштирилган.

Ҳозир 9 та давлат BRICS аъзоси ҳисобланади. Дастлаб, ташкилот Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка иштирокида тузилган ва шунинг учун бу давлатларнинг бош ҳарфларидан иборат атамани олган.

2024 йил 1 январида яна тўртта давлат – Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия ташкилотга қўшилди. Гуруҳга Саудия Арабистони ҳам таклиф қилинган, бироқ у ҳали расман қўшилмаган.

Гуруҳга аъзо мамлакатлар етакчиларидан фақатгина ўз қароргоҳида бошидан жароҳат олган Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва саммитда қатнашмаяпти.

Украинадаги вазият

Украина аҳолиси шиддат билан қисқариб бораётгани маълум бўлди.

2022 йилнинг февралида Россия Украинага кенг кўламли босқин уюштирганидан сўнг мамлакат аҳолиси 10 миллион кишига камайган, деб маълумот берган БМТ.

БМТнинг миллатлар нуфуси фонди — UNFPA вакили Флоренс Бауэрнинг маълум қилишича, гарчи аҳоли сони аниқ саноқдан ўтказилмаган бўлса-да, Украинанинг демографик йўқотишлари жуда катта экани кўриниб турибди.

«Вазият инсон капиталининг улкан йўқотишларидан далолат бериб турибди. Маълумки, Украинани тиклаш ва келажагини қуриш учун бу жуда зарур», — деган Бауэр.

Кенг кўламли уруш бошлангунга қадар ҳам Украина туғилиш даражасининг пастлиги ва миграция даражаси юқори эканлиги билан тўқнаш келиб турган эди, уруш бу муаммоларни янада чуқурлаштирди.

Уруш бошланганидан буён 6,7 миллион киши мамлакатни қочқинлар сифатида тарк этган. Туғилиш даражаси эса бир аёлга бир бола даражасигача тушган. Бу эса Европадаги ва дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Бундан ташқари, демографик вазиятга урушнинг ўн минглаб қурбонлари ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Бауэр хоним ҳарбий ҳаракатлар қурбонларини ҳам тилга олиб ўтган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, расман 2022 йилнинг февралидан буён тинч аҳоли вакилларидан 11 минг 973 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид