Пекин Вэнсни нодон деб атади
Бу АҚШ вице-президентининг «хитойлик деҳқонлар» ҳақидаги сўзларига жавоб бўлди.

Фото: Getty images
Хитой АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнсни «АҚШ хитойлик деҳқонлардан қарз олади» деган сўзлари учун «жоҳил ва одобсиз» деб атади.
Тортишув шу кунларда АҚШ президенти Доналд Трамп бошлаган савдо урушининг янги босқичи фонида юзага келди.
Вэнс Fox News телеканалига берган интервюсида президентнинг Хитойга нисбатан янги бож тарифларини жорий этиш қарорини қўллаб-қувватлаб, шундай деганди: «Биз бу хитойлик деҳқонлардан қарз оламиз, сўнгра бу пулларга хитойлик деҳқонлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиб оламиз».
Хитой – АҚШ ғазначилик облигацияларининг дунёдаги энг йирик эгаларидан бири ҳисобланади.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лин Цзян 8 апрел куни бўлиб ўтган матбуот брифингида Вэнснинг сўзларига муносабат билдириб, шундай деди: «Бу вице-президентдан шундай жоҳил ва беадаб сўзларни эшитиш ҳайратланарли ва ачинарли».
Душанба куни Трамп Хитой жавобан қўллаган 34 фоизлик божни бекор қилиш учун сешанбагача вақт берган, акс ҳолда АҚШга импорт қилинадиган барча Хитой маҳсулотларига 50 фоизлик бож солишни ваъда қилганди.
Ўтган ҳафтада Трамп март ойида Хитой товарларига қўйилган 20 фоизлик божга 34 фоизлик тарифларни қўшиб қўйганди. Агар у ўз сўзида турса, америкалик импортчилар учун Хитой фирмалари маҳсулотларининг нархи икки баравардан кўпроқ ошади.
Хитой Трампнинг ҳаракатларини «қўрқитиш» деб атаб, «охиригача курашиши»ни билдирди.
«Хитойнинг Хитой ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатларига нисбатан позицияси жуда аниқ баён этилган», – деди Лин сешанба куни.
Вэнс сўзлари Хитой ижтимоий тармоқларида баҳс ва мунозаралар тўлқинини юзага келтирди. Баъзилар АҚШ вице-президентига Хитойга киришни тақиқлашни талаб қилди.
«АҚШ ҳукуматидаги муҳим шахс сифатида Вэнс учун бундай гапларни айтиш уят», – деб ёзади Weibo фойдаланувчиларидан бири.
«Унинг мемуарлари „Hillbilly Elegy“ деб номланмаганмиди?» деб ёзган бошқа бир фойдаланувчи Вэнснинг китобини назарда тутиб, унда сиёсатчининг Америка қишлоқларида ўсгани батафсил тасвирланган ва сарлавҳани «Қишлоқ элегияси» деб таржима қилиш мумкин.
Вэнс ўз интервюсида Хитой билан чекланмаган. Масалан, унинг сўзларига кўра, АҚШнинг Украина минералларини қазиб олишдаги улуши – «30-40 йил жанг қилмаган қандайдир тасодифий мамлакатнинг 20 минг аскари»дан кўра ишончлироқ хавфсизлик кафолатидир.
Ҳозирча фақат Буюк Британия ва Франция йирик контингент юборишга тайёрлигини ҳисобга олган ҳолда, британиялик сиёсатчилар ва ҳарбийлар бу жумлани эътиборсиз қолдирмади ва АҚШ вице-президентини сўнгги ўн йилликларда бир неча бор америкаликлар билан бирга ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Британия армиясига ҳурматсизликда айблади.
Вэнс амалда сўзини қайтиб олишга мажбур бўлди. «Бу бемаънилик ва ноҳақлик. Мен бу видеода сўнгги 20 йил ичида АҚШ билан бирга мардонавор жанг қилган Буюк Британия ёки Францияни тилга олмаганман», – дея ёзган у X ижтимоий тармоғида.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
Германияда «Германия учун альтернатива» партияси экстремистик деб топилди
Жаҳон | 17:01
-
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди
Жаҳон | 16:46
-
«Дамашққа аниқ сигнал». Исроил Сурия пойтахтига зарба йўллади
Жаҳон | 16:44
-
Элдор Шомуродов – яна бир бор «Рома»да ойнинг энг яхши футболчисига айланди
Спорт | 16:41
Мавзуга оид

16:46
Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга дори-дармон хомашёси экспорти бўйича етакчилар қаторига кирди

16:35
Трамп 8 майни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалаба куни деб эълон қилди

14:39
Грин-карта жавоблари 3 май куни чиқади

11:51