Спорт | 16:40 / 16.10.2025
4662
2 дақиқада ўқилади

Садриддин Ҳасанов дунёнинг энг яхши ёш футболчилари қаторига кирди

Ҳасанов чап қанотдан ёриб киришни ёқтиради, тезкор, кучли, интилувчан ва ғолиблик руҳиятига эга, дея “Бунёдкор” клуби ҳужумчисига таъриф берди The Guardian. U-17 Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси келаси ой жаҳон чемпионатида ҳам ўзини кўрсатиб, Осиёда йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси деб топилса, топ клублардан жиддий таклифлар олиши мумкин.

Фото: ЎФА

Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ҳужумчиси Садриддин Ҳасанов Британияда чоп этиладиган The Guardian газетаси версиясига кўра дунё футболидаги энг яхши ёш истеъдодлар рўйхатига кирди.

Рўйхатга 2008 йилда туғилган жами 60 нафар ўсмир футболчи киритилган.

The Guardian Садриддин Ҳасановга қуйидагича таъриф берган:

“Ўзбекистон апрел ойидаги U-17 Осиё кубоги финалида Саудия Арабистони билан биринчи таймдан кейин 0:0 ҳисобида дуранг қайд этаётган, лекин иккита қизил карточкадан кейин 9 киши бўлиб қолган эди. Ҳасанов майдонга тушди, жамоани 2:0 ҳисобидаги ғалабага руҳлантирди ва ўзи ҳам гол урди. У жами тўртта голи билан, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

Ҳасанов чап қанотдан ёриб киришни ёқтиради. Тезкор, кучли, интилувчан. Ғолиблик руҳиятига эга. Аллақачон Туркияга кетиши ҳақида миш-мишлар тарқалган – агар Осиёда йилнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилса (у ОФКнинг шортлистига киритилган), тез орада унда бошқа вариантлар ҳам пайдо бўлиши мумкин”.

Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатидаги ғалабадан кейин Kun.uz Садриддин Ҳасановнинг ота-онаси билан суҳбатлашган эди.

“Биз ишонардик, чунки ўғлим менга, албатта, кубокни олиб келамиз она, деб ваъда бериб кетганди”, – деганди унинг онаси Дилфуза Раҳматуллаева.

Ҳасановни ноябр ойида Қатарда бўлиб ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионати кутмоқда. Осиё чемпионлари гуруҳ босқичида Парагвай, Ирландия ва Панамага қарши майдонга чиқади.

  • The Guardian рўйхатидан, шунингдек, қозоғистонлик форвард Дастан Сатпаев ҳам жой олган. Ҳозирда “Қайрат” клубида ўйнаётган Сатпаевни 4 млн еврога Англиянинг “Челси” клуби сотиб олган. У Лондонга 2026 йил ёзида кўчиб ўтиши кутилмоқда.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид