Охирги йилларда Саудия шайхларининг футболга сарфлаётган катта пуллари кенг муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бироқ Осиё футболидаги бу «кино»нинг премераси бундан бир неча йил олдин Тошкентда бошланганди. 2008-2010 йилларда «Бунёдкор» жаҳоннинг таниқли футболчи ва мураббийларини Ўзбекистонга чақиришни одат тусига айлантирди. Ўшанда бразилиялик футбол афсонаси Ривалдо ҳам пойтахт клубига олиб келинганди. Орадан шунча пайт ўтган бўлса-да, юзага келган молиявий можаролар ҳали ҳам тугагани йўқ.
Ривалдо олдидаги қарздорлик
2008 йилнинг август ойи охирида бразилиялик футбол афсонаси Ривалдо «Бунёдкор» билан бир йиллик шартнома имзолайди. Орадан икки ой ўтиб келишув яна 2 йилга узайтирилади. Футболчининг йиллик маоши солиқлардан ташқари 6 млн еврони ташкил этиши, шунингдек, унга реклама ва ҳомийлик шартномаларидан тушган маблағнинг ҳам бир қисми берилиши кўзда тутилади. Айрим манбаларга кўра, Ривалдо «Бунёдкор»даги биринчи йилида таҳминан 8,1 млн евро ишлаб олади.
Орадан бир йил ўтиб, 2009 йилнинг ёзидан клубда молиявий муаммолар юз бера бошлайди, ўйинчиларга ойлик тўлаш тўхтатилади. Вазият ижобий томонга ўзгармагач, бразилиялик футболчи 2010 йилнинг июлида судга мурожаат қилади ва клубдан кетади. У шартномаси бўйича Бунёдкор ва ҳомийлардан умумий ҳисобда 16 млн евро талаб қилади. Худди шу вақтда Ривалдони Ўзбекистонга олиб келган Zeromax компанияси ҳам банкрот бўлади. Футболчи 6 йил давомида – 2016 йилгача Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax устидан бир қатор органларга мурожаат қилди, бироқ айтарли маблағ ундиришнинг имкони бўлмайди. Шундан сўнг у «Бунёдкор» устидан ФИФАга ариза бера бошлайди.
Нега Zeromax эмас «Бунёдкор»?
2024 йилда ФИФАнинг интизомий қўмитаси «Бунёдкор» бразилиялик футболчилар Ривалдо ва Денилсонга салкам 9,2 млн евро тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқаради. Клубнинг Ривалдо олдидаги қарздорлиги 8,1 млн евро, Денилсон олдидаги қарздорлиги 1,1 млн еврога баҳоланади. Бу суммалар ичига вақтида тўланмаган мукофот пуллари, тўлаш кечиктирилгани учун ҳисобланган фоизлар, шартнома бекор қилингани учун белгиланган товон пуллари ва футболчиларнинг суд харажатлари киритилади.
Таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев нима учун Ривалдонинг даъволари Zeromax’га қаратилган бўлса-да, қарздорлик «Бунёдкор» бўйнига илинганини қуйидагича изоҳлаганди.






