Жамият | 21:30 / 18.03.2026
13052
4 дақиқада ўқилади

“Жазони оғирлаштиришга эҳтиёж ва талабни сездик” – администрация раҳбари ўринбосари 

Энди Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг ҳимояси янада кучайтирилади. Президент имзолаган янги фармон билан бундан бу ёғига тазйиқ ҳолатларига жамиятда муросасиз кайфият шаклланиши керак. Kun.uz билан суҳбатлашган фармон ижросига масъул президент администрацияси раҳбари ўринбосари Нодира Ҳакимованинг айтишича, аёллар ва болалар билан боғлиқ салбий статистикалар жиддий ўсиб боргани сабаб жазоларни оғирлаштиришга талаб ортган.

Ўзбекистон президенти имзолаган фармон – жамиятда аёллар ва болаларнинг ҳар томонлама ҳимоясини яхшилаш, уларга тазйиқ, зўравонлик ҳолатларига узил-кесил жавоб қайтариш ва муросасизлик кайфияти шаклланишига хизмат қилиши керак. Ҳужжат бир нечта бандлардан иборат бўлиб, унда эрта никоҳларнинг олдини олишдан тортиб, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда молиявий саводхонлиги, уларни ҳаётга тайёрлаш лойиҳалари, таълим имтиёзларигача қамраб олинган.

 Ушбу фармонда келтирилган вазифалар ижросини таъминлашга масъуллардан бири, Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимованинг айтишича, охирги йилларда ёш қизларнинг фарзанд кўриш статистикаси, аёлларга зўравонлик бўйича ҳисоб-китоблар – вазият салбий томонга ривожланаётганини кўрсатган. 

Эрта туғуруқ, маиший ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик, ажрим ва бошқа статистикалар ошгани сабаб ўзгариш қилиш пайти аслида бугун эмас, кеча эканлиги ўз исботини топди. Қисқа қилиб айтганда зўравон ва педофилларга қарши уруш, жанг эълон қилдик”, дейди администрация раҳбари ўринбосари. 

Маълум қилинишича, фармон билан аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига тезкор жавоб қайтариш учун SOS тугмачалари ишга туширилмоқда ҳамда мобил илова орқали энди ички ишлар органларига хабар бериш имкони кенгаяди. 

Ички ишлар органлари ходимлари SOS тугмачаси орқали хабар берилганда узоғи 10 дақиқада етиб келадиган тизим ишлаб чиқяпмиз”, дейди администрация вакили Нодира Ҳакимова. 

Эрта никоҳларнинг олдини олиш – президент фармонида алоҳида урғу берилган жиҳатлардан бири. Буни ҳар томонлама тарғибот қилиш учун 21 ёшдан кейин рўйхатга олинган никоҳларга рағбат тизими ҳам ишлаб чиқилади.

18 ёшдан турмуш қуриш эмас, 21 ёшдан кейинги никоҳларни трендга олиб чиқишимиз керак. Президент ҳам шуни айтяптилар, ҳаётнинг маъносини англаб, ўқиб, кейин оила қуришни ёшларга тарғиб қилиш асосий вазифамизга айланмоқда”, дейди Нодира Ҳакимова. 

Фармон билан педофил ва зўравонларга қарши узил-кесил чоралар ишлаб чиқилади. Ўзбекистонда энди вояга етмаган шахсларга нисбатан қилинган педофилия жиноятлари учун умрбод қамоқ жазоси берилиши бошланмоқда. Администрация раҳбари ўринбосарининг айтишича, бу қарорга келиш осон бўлмаган ва жуда кўплаб вариантлар ичкарида муҳокама қилинган. 

Осон бўлмади, қайсидир маънода умрбод бир инсонни қамаш ва уни ушлаб туриш ҳам давлат учун маълум харажат. Лекин ёш қизларимиз, фарзандларимиз умри ва шаъни биз учун ҳамма нарсадан устун эди. Кимёвий кастрация варианти ҳам бор эди, лекин у тиббий жиҳатдан қийин амалиёт ва натижадорлиги кам бўлгани боис биз ундан воз кечдик”, дейди администрация раҳбари ўринбосари. 

Бундан ташқари, фармон билан аёллар ва қизларнинг ҳар томонлама ҳимоясини кучайтиришни таъминлаш учун уларга таълим таътиллари ёки фарзанд кўрган хотин-қизларга масофадан ўқиш имкониятлари ҳам тақдим қилинмоқда.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид