Ўзбекистон | 08:10 / 07.10.2020
7662
4 дақиқада ўқилади

Ташқи реклама бозорида тартибсизлик. Мутасаддилар ва тадбиркорлар нима дейди?

Тошкент шаҳри ва бутун республика кўчаларида минглаб ташқи реклама баннерларига кўзимиз тушади. Лекин уларнинг ким томонидан, қандай тартибда ўрнатилганига, бу каби реклама пештахталарнинг ўзи катта бир соҳа эканига кўп ҳам эътибор бермаймиз.

Соҳа вакилларининг айтишича, ташқи реклама конструкциялари бизнесидан ҳам давлат бюджетига яхшигина солиқ тушумлари тушади.

Aйни пайтда кўчалардаги ташқи реклама конструкцияларини инвертизация қилиш, тозалаш ва янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Соҳа вакиллари номидан таҳририятга йўлланаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, айни кунларда ушбу соҳада бироз тартибсизликлар, давлат ваколатли идоралари ва бизнес эгалари ўртасида тушунмовчиликлар юзага келган.

Шу муносабат билан Kun.uz реклама конструкциялари эгалари ва ушбу соҳага масъул давлат ташкилотлари вакиллари ўртасида очиқ мунозара минбарини ташкил қилди ва унда вужудга келаётган муаммолар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистонда реклама бозорини 1998 йилда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги қонун тартибга солиб келади. 2020 йил 20 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори кучга киргач, ташқи реклама конструкцияларини ислоҳ қилиш бошланган.

Тадбиркор Aнвар Йўлдошевнинг айтишича, қарорнинг кўплаб бандлари ҳозирча ишламаяпти.

Aнвар Йўлдошев

Бир неча йиллардан бери реклама конструкциялари билан ишлаб келаётган Бахриддин Исмоилхўжаевнинг айтишича, конструкциялар ўртасидаги оралиқ масофа сабаб қонуний ишлаётган рекламачиларнинг конструкциялари эндиликда ноқонунийга чиқиб қолмоқда.

«Сабаби қонуний ўрнатилган реклама конструкцияси олдига ноқонунийсини ўрнатиб кетишмоқда. Натижада иккала реклама конструкцияси ҳам ноқонунийга чиқиб қолмоқда», – дейди тадбиркор.

Бахриддин Исмоилхўжаев

Бундан ташқари, айни вақтда ҳукумат томонидан ташқи реклама конструкцияларини инвертизациялаш амалга оширилмоқда. Бунда фақат қонуний реклама баннерлари ҳисобланиб, ноқонунийларига тегинилмаяпти. Тадбиркорлар эса текширишда барча реклама конструкциялари қамраб олинишини исташяпти.

Шунингдек, қарор бўйича ташқи реклама конструкцияларининг кўпчилиги мониторлар бўлиши кераклиги айтилган.

Тадбиркор Aҳмаджон Содиқовнинг фикрига кўра, бу биринчидан имконсиз. Иккинчидан, бундай қилиниши маблағи кам тадбиркорларни синдириб, реклама бозорининг монополлашувига олиб келади. Шунингдек, мониторларни ўрнатиш учун кўчалар талабга жавоб бермаслиги, фуқароларга ноқулайликлар туғилиши ва йўл ҳаракати хавфсизлигига ҳам жиддий таъсир қилиши мумкин.

Aҳмаджон Содиқов

Учрашувда иштирок этган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбари Элмурод Ҳайитметовнинг сўзларига кўра, ушбу қарор лойиҳаси тайёрланиш жараёнида чет эл тажрибаси ўрганилган. Шунингдек, бу қарор билан ноқонуний реклама конструкцияларига чек қўйиш кўзда тутилган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбари Элмурод Ҳайитметов

Ҳайитметов қарор лойиҳасини тайёрлашда реклама конструкциялари эгаларининг таклифлари инобатга олинганини қўшимча қилди.

Aгентлик раҳбарининг маълумот беришча, мониторлар билан боғлиқ ишларни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ишлаб чиққан. Бу шаҳарнинг замонавий ва чиройли қиёфасини ишлаб чиқиш учун жорий қилинмоқда.

Маълумот учун айтиш лозимки, «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарорга кўра, ташқи реклама объектлари соҳасидаги муносабатлар тубдан ислоҳ қилиниб, соҳага оид қатор қонун ҳужжатлари тасдиқланган. Ўрнатилган янги тартиб ва қоидалар соҳа вакилларининг эътирозларига сабаб бўлган.

Суҳбатни тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид