Жамият | 18:42 / 11.07.2020
67280
5 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар фаолияти беқадрлигича қолмоқда. Бир мурожаат 45 врачнинг жамоавий мурожаатига айланди

24 июнь куни Kun.uz сайтида «Коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлар берилмаяпти(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда коронавирусга қарши курашга жалб этилган шифокор Шерали Бахроновга қонунчиликда белгиланган қўшимча тўловлар тўланмаётгани тўғрисида сўз юритилганди.

Орадан маълум муддат ўтиб, Ш.Бахронов таҳририят билан қайта боғланди. Буни қарангки, бу сафар у ёлғиз эмасди: эндиликда мурожаат жамоавий тус олиб, унинг ёнига қолган 44 нафар ҳамкасби, яъни РШТЁИМнинг Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 10-сонли тез тиббий ёрдам бўлимининг коронавирус инфекциясига қарши ташкил этилган махсус бригадасининг барча врачлари қўшилган.

Шифокорларнинг таҳририятга маълум қилишича, кейинроқ уларга ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловнинг икки ойлиги, яъни 2 206 000 сўмдан тўланган, учинчи ой учун эса тўланмай қолган.

Бундан ташқари, 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли Президент қарорида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган врач ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 25 миллион сўмлик махсус тўлов тўланиши белгиланган бўлса-да, бу қарор ижро этилмай, мазкур тўлов уларга умуман тўланмаган.

«Карантин зонадан тест натижаси ижобий чиққанларни шифохоналарга олиб бориб ётқизамиз. 6 фоиз қўшимча тўловнинг 2 ойини – 2 206 000 сўм беришди, 1 ойи қолди. Махсус тўловни тўлашларини сўраганимизда эса масъуллардан: «Бу тўлов сизларга тўғри келмас экан, фақат тасдиқланган беморларни шифохонада даволаётганларга тўланаркан, «юқори»дан шундай дейишяпти», деган жавобни олдик.

Коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита мулоқотда бўламиз. Худо кўрсатмасин-у, ўзимиз ҳам инфекция юқтириб олиб, ҳаётдан кўз юмадиган бўлсак, бу учун ким жавоб беради? Нега ишимизга бунчалик паст назар билан қарашяпти?» – дейди махсус бригада врачларидан бири.

«Яқинда ОАВда карантин зонасидаги врачнинг касаллик юқтириб олиб вафот этиши тўғрисида маълумот тарқалди ва ССВ вакиллари марҳумнинг яқинларига компенсация тўлаб беришди. Карантин зонасида касалланганлар билан мулоқотда бўлганлар ёки бошқа шубҳа остидагилар сақланади, бизлар эса касаллиги расман тасдиқланган беморларни ташиймиз, ишимизнинг хавфлилиги уларникидан асло кам эмас, лекин бизларга қўшимча тўлов тўланмаяпти, қани адолат?», – дейди Ш.Бахронов.

Маълум бўлишича, бригада врачлари махсус тўлов бўйича раҳбариятга мурожаат қилишганида, улар махсус тўлов тўланадиган тиббиёт ходимлари тоифасига кирмасликлари ҳақидаги жавобни олишган.

Карантин даврида минглаб фуқаролар карантин қоидаларини бузганликлари учун уларга маъмурий жарималар қўлланди, карантин қоидаларини бузган минглаб ҳайдовчилардан 4 460 000 сўмдан жарималар ундирилди. Фуқаролардан жарима ундириш бўлса фаол ҳаракат қиламиз-у, афсуски, коронавирусга қарши курашда тиним билмай заҳмат чекаётган тиббиёт ходимларининг меҳнатини Президент ҳужжатларида ваъда қилинганидек рағбатлантириш масаласига келганда турли баҳоналарни ўйлаб топамиз.

Таъкидлаш лозимки, 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли Президент қарорининг 1-бандида:

  •  коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган;
  •  зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда фаолият олиб борадиган;
  •  коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб борадиган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус тўлов тўланиши белгиланган.

Бундан кўриниб турибдики, махсус бригада врачлари 1-бандда тилга олинган коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган тиббиёт ходимлари тоифасига киради ва шу сабабдан ҳеч қандай баҳоналарсиз уларга махсус тўлов тўланиши лозим.

Шунингдек, Ш.Бахроновнинг Kun.uz таҳририятига йўллаган мурожаати юзасидан унга Яккасарой тумани прокуратураси томонидан маълумотнома берилган бўлиб, унда Ш.Бахроновга март, апрел ойлари учун 6 фоизлик тўлов берилиши маълум қилинган. Бироқ маълумотномада май ойи учун 6 фоизлик тўлов ҳамда Президент қарорига асосан тўланиши лозим бўлган махсус тўлов ҳақида сўз юритилмаган.

Умид қиламизки, масъул идоралар тез орада ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб ишлаётган махсус бригада ходимларига тўланиши лозим бўлган қўшимча ва махсус тўловларни тўлаб беришади ва прокуратура органлари ҳам мазкур вазиятга жиддий ёндашиб, Конституцияда айтилганидек, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни тўлиқ амалга оширишади.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид