Жамият | 15:21 / 03.06.2026
6689
2 дақиқада ўқилади

Гувоҳномаси йўқ икки йигитчанинг пойгаси ўлимлар билан тугади

Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 17 ва 20 ёшли йигитлар – улар ўзаро таниш ва иккаласининг ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ – Damas ва Nexia автомобилларида тунги вақтда пойга ўйнаб, автоҳалокатга учради. Оқибатда икки киши: ўсмир йигит ва нариги машинадаги бир йўловчи ҳалок бўлди.

ЙҲХХ эълон қилган репортаждан кадр

Воқеа 28 май соат 23:50 ларда туманнинг Чақар маҳалласи ҳудудида рўй берган.

ИИВ ЙҲХХ хабарига кўра, Damas'ни 2009 йилда туғилган, ҳали ҳайдовчилик ёшига етмаган йигит бошқарган. Автомобилда ундан ташқари яна 4 нафар тенгқурлари ҳам бўлган.

Nexia рулидаги шахс эса уларнинг таниши – 2006 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ эркак бўлган.

Иккала машина кимўзарга ўйнаб, бир йўналишда ҳаракатланаётган пайтда ҳалокатга учраган. Оқибатда Damas'нинг 17 яшар ҳайдовчиси ва Nexia'даги йўловчи вафот этган. Қолганлар турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

ЙҲХХ репортажидан маълум бўлишича, 20 ёшли Nexia ҳайдовчиси гувоҳномаси бўлмаса-да, аввалдан автомобил ҳайдаб юрган, маҳалла аҳлининг бундан хабари бўлган.

“Фарзанд тарбиясида умуман раҳм қилмаслик керак экан-да, отиб ташласа ҳам... Калит жойида бўлмаганда миниб кета олмасди”, – деган ҳайдовчилардан бирининг отаси.

Ички ишлар органлари ҳодиса юзасидан маҳаллада жамоатчилик муҳокамасини ташкил этган.

“Иккита-учтадан ўғил ҳаммада бор, лекин биз [машинани] болаларимизга бермаймиз. Праваси бор ҳайдайди! Шунинг учун ота-оналарга жаримани босиш керак, командир”, – деган кексалардан бири.

Расмий репортажда воқеага маҳалла-кўй ва ёши катталарнинг бефарқлиги, жамоатчилик назоратининг сустлиги ва таъсири йўқлиги сабаб бўлгани таъкидланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид