Ўзбекистон | 22:36 / 29.09.2022
32154
2 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлигига янги раҳбар тайинланди

Жўрабек Мирзамаҳмудов бош вазир ўринбосари — энергетика вазири бўлди.

Фото: Kun.uz

«Ўзкимёсаноат» раиси Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика вазирлигининг янги раҳбарига айланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Жўрабек Турсунпўлатович Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш бўйича ўринбосари - энергетика вазири лавозимига тайинланди», дейилади хабарда.

Жўрабек Мирзамаҳмудов 1979 йилда Наманган вилоятида туғилган. 2001 йил АҚШдаги Алабама университетини, 2005 йил Тошкент кимё-технологиялар институтини тамомлаган.

2006-2012 йилларда «Ўзбекнефтгаз»да турли лавозимларда ишлаган, 2012-2014 йилларда иқтисодиёт вазири ўринбосари, 2014-2017 йилларда «Ўзкимёсаноат» раиси ўринбосари бўлган, 2017-2018 йилларда Вазирлар маҳкамасида департамент мудири лавозимида ишлаган, 2018-2019 йилларда Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги бош директори, 2019 йилдан «Ўзатом» агентлиги бош директори бўлган. 2019-2020 йилларда энергетика вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, 2020 йил январида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси лавозимига тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил февралидан янги ташкил этилган энергетика вазирлигига раҳбарлик қилган Алишер Султонов 2022 йил апрелида саломатлиги туфайли лавозимдан озод этилган ва шундан буён вазирлик раҳбарлиги бўш қолаётганди.

Мавзуга оид