Иқтисодиёт | 20:15 / 05.04.2023
30411
8 дақиқада ўқилади

ЖСТга аъзолик: Эндигина учта давлат билан келишган Ўзбекистон йил охиригача улгурадими?

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига 47 та давлат кирган, улар орасидан эндигина учтаси билан музокаралар якунланди. Аввалроқ президент асосий музокараларни йил охиригача якунлаш бўйича топшириқ берганди.

Фото: Denis Balibouse / Reuters

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича учта давлат билан музокараларни якунлади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ЖСТ билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Амирбек Муҳамедов маълум қилди.

“ЖСТга аъзо бўлиш – жуда ҳам узоқ ва қийин жараён. Ташкилотга ҳамма аъзо давлатларнинг розилиги олинганидан кейин қўшилиш мумкин. 164та давлатнинг ҳаммаси билан музокара олиб бормасак-да, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи таркибига жами 47 та давлат кирган.

ЖСТга қўшилишнинг аниқ санасини айтиш қийин, чунки бу музокаралар икки томонлама бўлиб, чет эл томонига ҳам боғлиқ. Масалан, ташкилотга кириш учун Қозоғистонга 13 йил, Россияга 10 йил керак бўлди. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг умумий савдо тизими бўйича муҳокамалар кетяпти. Олтинчи йиғилиш март ойида ўтказилганди. Ушбу йиғилиш якунлари бўйича бизга юклатиладиган мажбуриятлар энди келиб тушади”, – деди Муҳамедов 31 март кунги матбуот анжуманида.

Унинг қўшимча қилишича, 47 та давлатнинг барчаси товар ва хизматлар бозорига кириш бўйича Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориш истагини билдирган. Ҳозирда 31 давлат билан музокаралар олиб борилмоқда.

“Улардан учта давлат билан музокараларни якунладик ёки якунлаш босқичидамиз, деб айтишимиз мумкин – бу Грузия, биз ҳозир Мўғулистон ва Туркия билан якуний босқичдамиз”, – деди у.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил якунлари бўйича парламентга қилган мурожаатномасида 2023 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича асосий музокаралар охирига етказилиши кутилаётганини айтиб ўтганди.

Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев раислигида ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг январ ойидаги йиғилишида ҳам ташкилотга аъзо бўлишга оид барча асосий музокараларни 2023 йил охиригача якунлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланганди.

ЖСТ ҳақида

Жаҳон савдо ташкилоти – халқаро савдони либераллаштириш, савдо ва сиёсий муносабатларни тартибга солиш билан шуғулланадиган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1995 йил 1 январда имзоланган келишув асосида фаолият кўрсатади. Бугунги кунда дунёдаги энг йирик халқаро иқтисодий ташкилотга 164 давлат аъзо ва ушбу мамлакатлар ҳиссасига глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 98 фоизи тўғри келади.

ЖСТ 1947 йилда тузилган халқаро битим – GАТТ'нинг давомчиси ҳисобланади. Ташкилотга аъзо ва иштирокчи мамлакатлар учун мажбурий бўлган тамойиллар ва қоидалар белгиланган.

ЖСТнинг асосий вазифаси – глобал иқтисодиётни кузатиш орқали халқаро савдо изчиллиги ва шаффофлигини таъминлашдир. Шунингдек, ташкилотнинг яна бир устувор йўналиши ривожланаётган, кам ривожланган ва кам даромадли мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ЖСТнинг қоида ва интизомларига мослашишга ёрдам бериш ҳисобланади.

Нега Ўзбекистон ташкилотга шу пайтга қадар аъзо бўлмаган?

ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ҳар бир мурожаат этувчи мамлакат учун алоҳида ўрганиб чиқилади ва аъзо бўлиш шартлари мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш босқичига ва амалдаги савдо режимига боғлиқ тарзда амалга оширилади. Жараён ўртача 5 йил давом этиши, аммо мамлакат ташкилот талабларига тўла жавоб бермаса ёки сиёсий муаммолар халақит берадиган бўлса, у узоқроқ муддатга чўзилиши мумкинлиги кўзда тутилган. ЖСТга аъзо бўлиш учун энг қисқа муддатли музокаралар Қирғизистон билан (2 йил-у 10 ой), энг узоқ музокаралар эса Россия билан (19 йил-у 2 ой) амалга оширилган.

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1994 йил 21 декабрда ариза топширган ва ишчи гуруҳ тузилган. Баъзи экспертлар таъкидлашича, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон ташқи савдо сиёсатида протекционизм устувор аҳамият касб эта бошлайди. Бу, асосан, мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотлари нархи жаҳон бозорида пасайиши билан изоҳланади. Ҳукумат эса валюта назорати орқали импортга қарши кураша бошлайди. 1998 йилда Осиё мамлакатларида юз берган иқтисодий инқироз протекционизмга бўлган муносабатини янада кучайтиради.

2003 йилда валюта айирбошлаш чекловлари олиб ташланади ва савдони эркинлаштириш томон қадам ташланади. Ислоҳотлар натижасида савдо ва умуман иқтисодиёт сезиларли даражада ўсади. Бироқ 2008 йилдаги жаҳон иқтисодий инқирозидан кейин ҳукумат хорижий валюта устидан қайта назорат ўрнатади ва яна савдо протекционизмига қайтади. Расмий курс ва норасмий бозор курси ўртасида катта тафовут юзага кела бошлайди. Айнан чекланган валюта конвертацияси кўп йиллар давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб келади. Божхона тўсиқлари ва давлатнинг иқтисодиётга юқори даражадаги аралашуви йиллар давомида сақланиб қолади.

Умуман олганда, 2005 йилда ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилиши ўтказилади ва шундан сўнг музокара жараёнлари тўхтаб қолади. Бу 2005 йил май ойидаги Андижон воқеалари сабаб Ўзбекистон ва халқаро молия институтлари ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетиши билан боғланади.

Ишчи гуруҳ фаолияти қайта тикланиши

Ўзбекистонда 2017 йил сентябр ойидан валюта курсини талаб ва таклифга асосан эркин белгилаш тартиби жорий этилди. Шундан кейин ЖСТга аъзо бўлиш масаласи яна кун тартибига қайтди. 2019 йил бошига келиб, ишчи гуруҳ фаолияти ҳукумат томонидан жонлантирилади. 2020 йил 7 июлда 15 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича қўшма ишчи гуруҳ йиғилишлари қайта тикланади.

Ушбу ишчи гуруҳнинг 6-йиғилиши Швейцариянинг Женева шаҳрида жорий йил 14−15 март кунлари ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлишини жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилган.

ЖСТга қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?

ЖСТнинг асосий тамойили – эркин, очиқ ва шаффоф рақобат ҳисобланади. Агар Ўзбекистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинса, глобал савдо “ўйин қоидалари”га амал қилган ҳолда, босқичма-босқич протекционизмдан воз кечади.

Бу биринчи навбатда, божхона тарифлари камайиши ҳисобига истеъмолчиларга арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим қилади. Хомашё нархи пасайиши ҳисобига маҳаллий маҳсулотлар нархи ҳам арзонлашади ва халқаро бозордаги рақобатбардошлиги ортади. Логистика билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада камаяди.

Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.

Мамлакат ичидаги айрим монопол компанияларнинг ички бозордаги устун мавқейига чек қўйилади ва эркин рақобат муҳити яратилади. Ҳозирги шароитда Ўзбекистондаги импорт протекционизми даражаси анча баланд ҳисобланади.

Шунингдек, инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига кириши кўпаяди. Бу эса янги иш ўринлари яратилишига имконият тақдим қилади. Бундан ташқари, ўрта муддатли истиқболда ташкилотга аъзолик инфляция пасайишига замин яратади.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид