Жамият | 14:40 / 03.01.2020
28594
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда «ертўласида балиқ боқса бўладиган дом» қулаб тушиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканидаги жойлашган 17-«А» уйда яшовчи кишилардан Kun.uz таҳририятига мурожаат тушди. Унда бу уйнинг ертўласи сувга тўлиб қолгани, у ерда ҳатто балиқ боқиш мумкинлиги ҳақида айтилганди.

Аслида Самарқанд шаҳри марказида кўп қаватли уйда бундай ҳолат кузатилиши тасаввурга сиғмайдиган ҳолат. Негаки, шаҳардаги уйларни таъмирлаш учун бу йили нақ 71 миллиард сўм маблағ ажратилган. Атиги бир ой олдин Самарқандда 300та кўп қаватли уй таъмирдан чиқарилгани ОАВ орқали эълон қилинганди.

Воқеа жойига бориб ҳолатни ўргандик.

Албатта, уй эгаларининг «балиқ боқишга зўр шароит» дейишгани шунчаки ҳажвия бўлиб, ертўладаги сув асосан канализациядан оқиб тушмоқда. Ҳидига тоқат қилиб бўлмайдиган ертўладаги бу «ҳовуз»да аслида эпидемияга сабаб бўлиши мумкин бўлган вируслар етишиши учун ҳақиқий шароит мавжуд.

Яшовчиларнинг маълум қилишича, улар Самарқанд шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат марказига мурожаат қилишган. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган. Шундай қилиб, бутун бошли кўп қаватли уй аҳли бир неча ойдан бери бадбўй ҳид ва захдан азият чекмоқда.

Ертўланинг сувга тўлиб қолиши билан бир қаторда у ердаги электр тармоқларининг очиқлиги ҳам агар олди олинмаса эрта-индин муқаррар ҳалокатга сабаб бўлиши мумкин.

Байрам кунлари бўлгани сабабли мутасаддилардан маълумот ололмадик. Аммо бу уйда яшовчилар яна қанча вақт антисанитар ҳолатга тоқат қилишига тўғри келиши юзасидан изоҳ кутамиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид