Жаҳон | 21:14 / 19.05.2023
12298
2 дақиқада ўқилади

Россия Халқаро жиноят суди прокурорини қидирувга берди 

Россия Ички ишлар вазирлиги Халқаро жиноят суди прокурорини қидирувдаги шахслар базасига киритди. 

Фото: DPA/ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги президент Владимир Путин ва Россия болалар омбудсмени Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноят суди (ХЖС) прокурори Карим Аҳмад Хонни қидирувга берди. 

Бундай маълумотлар Ички ишлар вазирлиги қидирувдаги шахслар маълумотлар базасида пайдо бўлди. 

Аввалроқ Россия расмий вакилларини жиноий жавобгарликка тортишга қарор қилган ХЖС прокурори ва судьялари қидирувга берилиши ҳақида Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин маълум қилганди. 

Россияда ХЖС судьяларига нисбатан Жиноят Кодексининг бир неча моддалари бўйича иш очилган. Жумладан, «қасддан ноқонуний ҳибсга олиш», шунингдек, «халқаро ҳимоядан фойдаланаётган хорижий давлат вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик кўриш». 

Прокурорга нисбатан «қасддан бегуноҳ шахсни жиноий жавобгарликка тортиш», «шахсни оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда қонунга хилоф равишда айблаш», шунингдек, «халқаро ҳимоядан фойдаланаётган хорижий давлат вакилига ҳужум қилишга тайёргарлик кўриш» моддалари бўйича иш қўзғатилган. 

Ишда айбланувчилар – ХЖС прокурори Карим Аҳмад Хон ва судьялар Томоко Аканэ, Росарио Салваторе Айтала ва Серхио Херардо Угалде Годинес. 

2023 йил 17 март куни Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилганликда гумонланмоқда. Суд тушунтирганидек, бунинг учун шахсан Путин жавобгар, деб ҳисоблаш учун «оқилона асослар» бор. Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилди. 

Мавзуга оид