Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путинни ҳибсга олишга ордер берган ХЖС судяси Россияда сиртдан ҳукм қилинди
ХЖС прокурори Карим Хон «РФ фуқароларини ҳибсга олиш бўйича қасддан ноқонуний буйруқлар чиқариш» бўйича кўрсатма берганликда айбдор деб топилди. Унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва қидирувга берилди.
Москва шаҳар суди прокурор ва Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) саккиз нафар судясини Россия фуқароларини ноқонуний таъқиб қилишда айблаб, сиртдан ҳукм чиқарди, деб хабар берди Россия Бош прокуратураси.
ХЖС прокурори Карим Хон «РФ фуқароларини ҳибсга олиш бўйича қасддан ноқонуний буйруқлар чиқариш» бўйича кўрсатма берганликда айбдор деб топилган. Унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, дастлабки тўққиз йилини қамоқда, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.
ХЖС бошқа вакиллари 3,5 йилдан 15 йилгача сиртдан озодликдан маҳрум этилди. Россия Тергов қўмитасининг аниқлик киритишича, судялар Томоко Акане, Росарио Салваторе Атала, Серхио Херардо Угалде Годинес, Хайкел Бен Мафуд, шунингдек, Ҳаагадаги суд раиси Пётр Юзеф Хофманский, унинг ўринбосарлари Карранс Лус дел Кармен Ибанес, Бертрам Шмитт ва Рене Аделаида Софи Алапинини-Гансу судланган. Ҳукмлар чиқарилгач, прокурор ва судялар халқаро қидирувга берилди. Шу билан бирга, Бош прокуратура Ҳаагадаги суд қайси россияликларни таъқиб қилганига аниқлик киритмади.
2023 йил март ойида ХЖС Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Суднинг фикрича, улар болаларни Украина ва босиб олинган ҳудудлардан Россияга ноқонуний кўчириш ва депортация қилиш учун «жавобгар бўлиши мумкин». Бунга жавобан Россия Тергов қўмитаси ХЖС судялари устидан жиноий иш қўзғатди.
Шундан сўнг Путин Ҳаагадаги судни АҚШ, Хитой ва Туркия тан олмайдиган «кам ҳурматли» ва «мустақил бўлмаган» ташкилот деб атади. Шунингдек, у ҳукуматлараро келишувлар орқали ҳибсга олиш ордерини осонгина четлаб ўтиши мумкинлигига ишонтирди. Шунга қарамай, таъкидланишича, Путин сўнгги бир неча йил ичида ҳибсга олиш таҳдиди туфайли бир нечта давлатларга ташриф буюришдан бош тортди.
Хусусан, 2025 йилда у Жанубий Африкадаги G20 саммити ва Бразилиядаги BRICS саммитига учмади. Шу билан бирга, 2024 йил сентябр ойида Путин Мўғулистонга, 2025 йил октябр ойида эса Тожикистонга ташриф буюрди. Иккала давлат ҳам ХЖС аъзоси, бироқ Россия президентини ҳибсга олмади. Европа Иттифоқи шу туфайли Улан-Батор ва Душанбени танқид қилди.
Мавзуга оид
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
09:15 / 09.06.2026
Путин ва Нетаньяҳуга ордер берган прокурор вақтинча ишдан олинди
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
22:09 / 08.06.2026