Ўзбекистон | 17:11 / 23.02.2017
9592
2 дақиқада ўқилади

МАК негизида лоукостер компания ташкил этилади

Арзон авиакомпаниялар хизматидан фойдаланувчи хорижий сайёҳлар оқимини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси негизида лоукостер (арзон нархларда ташувчиларни амалга оширувчи) компанияни ташкил этиш билан кенгайтириш таклиф этилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси сайтига жойлаштирилган «Ўзбекистон Республикасида ўрта истиқболда туризмни ривожлантириш бўйича Концепциясини ҳаётга татбиқ этиш чоралари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига тақдим этилган ҳаракатлар концепциясида шундай чоралар белгиланган.

Сайёҳларни халқаро ва ички йўналишларда ташиш учун маркетинг тадқиқотларини ўтказган ҳолда миллий авиаташувчи рақобатбардошлигини таъминловчи чартер рейсларни ташкил этиш ҳамда чартер рейсларини амалга ошириш учун хорижий авиаташувчиларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. 

Бундан ташқари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан дунёнинг исталган мамлакатига саёҳатчиларни ташиш бўйича чартер рейсларини доимий асосда йўлга қўйишни ташкил этиш кўзланган. Бу каби парвозлар мамлакат ичкариси ва хорижий мамлакатларга ҳам талаблар бўлганда оптимал нарх-наво асосида амалга оширилади. Бу амалиёт сайёҳларни ташиш бўйича халқаро авиация ташувларида кенг қўлланилиб, доимий авиарейсларни амалга ошириш натижасидаги тижорий харажатларни сезиларли тежаш имконини беради. Шунга кўра, 

– Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб саёҳат қилаётган сайёҳлар учун тарифларни пасайтириш чораларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, хусусан, авиа ҳамда темир йўл ташувларини субсидиялаш;

– ҳаво қатновлари қоидаларини либераллаштириш имкониятларини қайта кўриб чиқиш ва “Очиқ осмон” сиёсатини жорий қилиш йўли билан йирик халқаро авиаташувчиларни кенг жалб қилиш;

– мавжуд аэропортларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтиш пунктларини барпо қилиш, вертолёт майдонларини ташкил этиш кабилар таклиф этилмоқда.

Мавзуга оид