Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ватаннинг гўё бир парчаси: Кореядаги ўзбек маҳалласидан репортаж
Кореяда ўзбек диаспораси кенгайиб бораркан, бир нечта шаҳарларда кўплаб ўзбеклар яшайдиган маҳаллалар шаклланиб боряпти. Кимҳэ шаҳридаги Сеосанг-донг – ана шундай жойлардан. Kun.uz мухбири Кореяга сафари давомида Ўзбекистондан минглаб километр узоқликдаги “ўзбек маҳалласи” қандай шакллангани ва у ердаги ҳаёт тарзи билан қизиқди.
Аввало айтиш керакки, Кореядаги ўзбекистонликлар сони 100 минг нафарга яқинлашган ва энг йирик 5 та диаспорадан бирига айланиб улгурган.
Кимҳэ шаҳридаги Сеосанг-донг даҳасидаги биргина кўчада 5-6 та ўзбек дўкони бор. Бу дўконларда Ўзбекистонда сотиладиган маҳсулотларнинг деярли барчасини топиш мумкин. Гўёки маҳалла бошидаги таниш дўконга киргандек бўласиз. Қолаверса, ўзбек ошхоналари ҳам талайгина. Ошхона очганлардан бири – Наврўзжон Сафоев.



“Менюда 20 дан ортиқ миллий таомларимиз бор”
Наврўзжон Сафоев, тадбиркор:
— Кореяга келганимизга 6 йил бўлди. Бизнес виза билан келганмиз. Шу пайтгача ошхоналарда ишлаб, тажриба тўпладик. Энди эса ўзимизнинг ҳалол ошхонамизни очдик. Менюда Самарқанд таомлари, 20 дан ортиқ ўзбекча овқатлар бор. Кореяликлар ҳам шоҳона овқатларимиз – палов ва шашликларни ёқтириб ейишади.
Кореяда бизнес қилиш жуда қулай. Ҳамма нарса очиқ, тизимлашган. Ҳужжатлар учун сарсон бўлмайсиз. Давлат органлари ўзи ёрдам беради. Бу ерда қонун устувор. Фуқаро кореяликми, чет элликми, фарқи йўқ – қонун барча учун бир хил.
Ошхонани очиш учун тахминан 100 минг доллардан кўпроқ маблағ ва бир ойдан ортиқ вақт кетди.




“Ҳам ўқиб, ҳам ўз ишимизни юритяпмиз”
Ҳасан ва Ҳусан Набиевлар 2021 йилда магистратурага ўқишга келган, бугун эса докторантуранинг биринчи босқичида таҳсил олмоқда. Йўналишлари – инглиз тили. Ўқиш билан бирга, Кореяда кичик тадбиркорликни – миллий таомлар ошхонаси ва новвойхона фаолиятини йўлга қўйишган.
Ака-ука ўз мижозларига сомса, тандир гўшт ва янги ёпилган нонни таклиф қилади.
“Икковимиз ҳам олий таълим олиш билан бирга ишлаяпмиз. Докторантурада дарс ҳафтада бир марта бўлади, қолган вақтни илмий фаолият ва тадбиркорликка сарфлаймиз. Ўзимиз учун шартнома пули ва кундалик харажатларни шу ерда ишлаб топамиз”, – дейди Ҳасан Набиев.
Улар даромад топиш билан бирга, ўзбек миллий таомларини тарғиб ҳам қилмоқда. Харидорлар орасида фақат ўзбекистонликлар эмас, балки корейслар, ветнамликлар, малайзияликлар ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор.
“Масалан, кўпинча корейслар биринчи марта кўраётган тандир нон ёки гўшт ҳақида сўрашади: “Бу қандай ейилади?” дейишади. Биз уларга тушунтирамиз. Улар оз-оздан олиб кўришади – битта сомса ёки кичик бўлак нон. Улар биздагидек чой билан тўйиб овқатланмайди, лекин қизиқиш бор. Айниқса, шанба-якшанба кунлари одам кўп бўлади, икки катта қозондаги ош ҳам тез тугайди”, – дейди Ҳусан Набиев.





Кореяда ўзбекча муҳит – муҳожирликда ватан тафтини ҳис қилиш ҳамдир
Корея бугун дунёнинг илғор давлатларидан бири. Саноат, тиббиёт, таълим, технология – ҳар бир соҳада юқори натижаларга эришган. Лекин ўз юртидан узоқда юрган инсон учун иш, маош ёки технологиялар эмас, балки маънавий яқинлик муҳимроқ бўлиши мумкин.
Кимҳэдаги “Кичик Ўзбекистон” – айнан шундай маънавий ҳароратни берадиган жой. Бу ерда одам ўзини ёлғиз ҳис қилмайди, чунки кўча бошида ўзбекча дўкон, йўл бўйида ўзбекча ошхона, гаплашадиган, кўмак берадиган юртдошлар бор.
Бу – шунчаки мигрантлар ҳаёти эмас. Бу – бошқа юртда юрган бўлса-да, ўзлигини сақлаётган, миллий қадриятларни унутмаган ва энг муҳими, уни бошқаларга танитаётган ўзбекларнинг ҳаёти.
Муаллиф:
Иброҳим Самадов
Тасвирчи:
Зиёддин Маматжонов
Монтажчи:
Шоҳрузбек Абдурайимов
Мавзуга оид
16:33 / 06.01.2026
«Расм сифати яхши, тўғрими?» — Ли Хитой билан муносабатларни тиклашга уринмоқда
21:21 / 26.12.2025
Сеул ва Вашингтонга жавоб: Кимнинг «орзу рўйхати»даги яна бир қурол деярли тайёр
18:16 / 26.12.2025
Жанубий Кореянинг собиқ президентига 10 йиллик қамоқ жазоси сўралди
09:03 / 15.12.2025