Спорт | 12:33 / 26.04.2026
8195
8 дақиқада ўқилади

«Барса»га бир қадам қолди, «Сити» яна бир финалда. Кун ўйинлари

Ла лигада чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлди, АПЛда «Арсенал» ўзига хос рекорд ўрнатиб, ғалаба қозонди ва биринчи ўринни қайтариб олди.

Фото: Denis Doyle/Getty Images

АПЛ: етакчининг минимализми

«Арсенал» – «Нюкасл Юнайтед» 1:0
Гол:
Эзе, 9 (1:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Уайт, Субименди (Люис-Скелли, 81), Райс, Эдегор, Эзе (Мартинелли, 53), Мадуэке (Сака, 81), Ҳаверц (Йокереш, 34)
«Нюкасл Юнайтед»: Поуп, Ботман, Тиау, Бёрн, Майли, Тонали, Уиллок (Эланга, 86), Гимарайнс (Волтемаде, 75), Рэмси, Мёрфи (Висса, 66), Осула (Барнс, 66)
Огоҳлантиришлар: Мартинелли, 71. Райс, 86 – Бёрн, 57. Поуп, 74

«Арсенал» охирги ўйинларидан фарқли ўлароқ, бу сафар мухлисларини узоқ қийнамади ва тезкор гол урди. Яна – бурчак зарбасидан. Сўнгги вақтларда жамоа бурчак зарбаларидан гол ура олмаётганди, аммо бу сафар жамоа мураббийлар штаби стандарт вазиятни ижро этишга янгича ёндашишди. Тўп бурчакдан ерлатиб жарима майдонига етказилди, у ерда тўпни ёлғиз қабул қилган Ҳаверц уни жарима майдони ташқарисида зарба беришга тайёр турган Эзеге оширди. Инглиз яримҳимоячиси олис бурчак томон кучли ва аниқ зарба йўллади.

Эътиборли жиҳати, бу гол орқали «Арсенал» бир мавсумда бурчак зарбаларидан энг кўп гол урган (17) жамоага айланди. Бу орқали жамоа ўзининг 2023-24 йиллар мавсумида ўрнатилган рекордини биттага янгилади.

Аммо ушбу голда иштирок этган икки футболчи ўйин давомида жароҳат олишди. Аввалига ўйиннинг ярим соати ортда қолганида Кай Ҳаверц рақиб футболчиси билан тўқнашувдан кейин газонга ётди ва алмаштиришни сўради, унинг ўрнига Йокереш ўйинни давом эттирди.

Иккинчи бўлим бошида эса Эзе ўз ўрнини Мартинеллига бўшатиб беришга мажбур бўлди.

Ўйин мезбонлар устунлигида давом этди ва ўйин охирларига бориб Артета Сака ва Люис-Скеллини ҳам майдонга ташлади, улардан биринчиси жароҳат туфайли 22 мартдан буён илк бор ўйнади, асли чап қанот ҳимоячиси бўлган иккинчиси эса илк бор марказий яримҳимоячи позициясига туширилди.

«Канонирлар» кичик ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолишди ва чемпионлик пойгасида яна олдинга чиқиб олишди. Очколари сонини 73 тага етказиб олган лондонликларда мавсум якунига қадар яна тўрт ўйин қолди, бу ўйинлар «Фулҳэм», «Вест Ҳэм», «Бёрнли» ва «Кристал Пэлас»га қарши кечади. Иккинчи ўринда келаётган ва 70 очкога эга «Сити»нинг кейинги рақиблари эса кучлироқ: «Эвертон», «Борнмут», «Брентфорд», «Кристал Пэлас» ва «Астон Вилла».

Англия кубоги, яримфинал

«Манчестер Сити» – «Саутҳэмптон» 2:1
Голлар:
Азаз, 79 (0:1). Доку, 82 (1:1). Гонсалес, 87 (2:1)
«Манчестер Сити»: Траффорд, Стоунс, Аке, Айт Нури (О`Райли, 71), Матеус Нунес, Гонсалес, Ковачич (Доку, 58), Рейндерс (Бернарду Силва, 85), Шерки, Фоден (Савио, 58), Мармуш (Ҳоланд, 71)

Бу тур ўйинини олдинроқ ўтказиб, «Бёрнли»ни кичик ҳисобда (1:0) мағлуб этган «Сити» шанба куни Англия кубоги яримфиналида  «Саутҳемптон»га қарши ўйнади. Ўйиннинг катта қисми тенг курашлар остида кечди, 79-дақиқада эса чемпионшип жамоасининг ирландиялик яримҳимоячи Азаз «шаҳарликлар» дарвозасини ишғол этиб, «Уэмбли» ўйингоҳига йиғилган мухлисларни шокка туширди. 

Аммо бир неча дақиқа ўтиб Доку узоқ масофадан йўллаган зарба рикошет орқали дарвозага бориб тушди ва ҳисоб тенглашди. Яна бир неча дақиқа ўтиб эса Нико Гонсалес ҳам жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади, тўп тўсин остидан дарвоза тўрига кирди. Бу гол «Сити»ни бу мавсумда иккинчи бор финалга (Англия кубогида сўнгги ўн йилликда бешинчи бор) олиб чиқди. Хосеп Гвардиола шогирдларининг финалдаги рақиби «Челси» ва «Лидс» учрашувида аниқланади.

Испания: беш дақиқадаги камбэк

«Хетафе» – «Барселона» 0:2
Голлар:
Фермин Лопес, 45 (0:1). Рэшфорд, 74 (0:2)
«Хетафе»: Сория, Даконам (Абкар, 76), Босельи (Кико Фемения, 46), Дуарте, Манча (Санкрис, 76), Иглесиас, Миля, М. Мартин, Арамбарри (Камара, 81), Бирманчевич (Васкес, 46), Сатриано
«Барселона»: Гарсия, Кубарси, Х. Мартин, Жоау Канселу, Кунде (Араухо, 60), Гави (де Йонг, 60), Педри (Касадо, 88), Олмо, Фермин Лопес (Балде, 82), Баржи (Рэшфорд, 60), Левандовски
Огоҳлантиришлар: Даконам, 63. М. Мартин, 87 – Кунде, 20. Гави, 39

«Барселона» «Хетафе»ни сафарда беш мавсумдан буён мағлуб этолмаётганди (=4-1), аммо бу сафар жамоа Рафиня ва Ямалсиз ўйнаганига қарамай, нохуш сериясига чек қўйди. Каталонияликлар бу ўйинда рақибнинг қуролини ўзига қарши қўллади ва ҳимоядан ўйнаб, дастлабки зарбасини 45-дақиқага келибгина йўллади. Мезбонлар қарши ҳужумга чиқишга тайёрланаётганида майдон марказида Кубарси тўпни олиб қўйди, Педри эса Фермин Лопесни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди.

Иккинчи гол эса «Хетафе» ҳужумда аут ташлаганида юзага келди. Тўп жарима майдонига етказилди, аммо тўп учун курашда устун келган Левандовски вазиятни тезда аниқ баҳолади ва тўпни Рэшфорднинг йўлига ташлаб берди. Левандовски ла лигада гол+пас тизимидаги очколари сонини 100 тага етказди (81+19). Аммо энг асосий рақамлар турнир жадвалида – бу турда «Реал» «Бетис» билан дуранг ўйнаб қўйгани (1:1) туфайли пешқадам билан орадаги фарқ 11 очкога етди.

Агар кейинги турда Ҳанси Флик жамоаси сафарда «Осасуна»ни мағлуб этса, «Реал» эса Каталония пойтахтида «Эспанёл»ни мағлуб эта олмаса, мадридликлар класико куни азалий рақиби учун чемпионлик йўлаги ташкил этишга мажбур бўлади.

«Атлетико» – «Атлетик» 3:2
Голлар:
Паредес, 23 (0:1). Гризманн, 49 (1:1). Сёрлот, 54 (2:1). Сёрлот, 90+3 (3:1). Гурусета, 90+7 (3:2)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Пубил, Руджери, Лиоренте (Молина, 63), Коке (Ле Норман, 72), Барриос (Кардозо, 58), Баэна, Симеоне (Варгас, 72), Гризманн (Гонсалес, 63), Сёрлот
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Паредес, Берчиче (Бойро, 63), Горосабел, Руис де Галаррета (Весга, 70), Рего, Гомес (Сансет, 63), Уилямс (Беренгер, 70), Иняки Уилямс (Наварро, 70), Гурусета

Аллақачон чемпионлик пойгасини тарк этган «матрасчилар» сўнгги ҳафталарда асосий эътиборни ЕЧЛ ва Испания кубогига қаратиб, ла лига ўйинларига иккинчи таркибни туширмоқда. Бу сафар эса Диего Симеоне ашаддий рақибга қарши ўйинда катта ротацияга қўл урмади, аммо «Атлетико» барибир биринчи бўлим якунларига кўра ҳисобда ортда қолаётганди. Басклар марказий ҳимоячиси Паредес стандарт вазиятда гол уриб, ҳисобни очди. Натижада жамоа қаторасига бешинчи ўйинда ютқазиб, Симеоне давридаги антирекордни янада янгилаши хавфи юзага келди.

Мадридликлар тарихидаги энг яхши ҳужумчи Антуан Гризманн эса бунга қарши чиқди. Француз футболчиси иккинчи бўлим бошларида Баэна ва рикошет ёрдамида ҳисобни тенглаштирди. Кейинроқ Алекс Сёрлотга ҳам ассистентлик қилди. Шу тариқа, ўйин беш дақиқа ичида 180 даражага ўзгарди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Сёрлот дублни расмийлаштирди. Бу ғалабага қарамай, «Атлетико» тўртинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди, аммо жамоа ЕЧЛда «Арсенал»га қарши ўйинга яхши кайфиятда етиб келмоқда.

Футбол қоидалари Телеграм-канали
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид