Мюнхенда «отишма»
«Бавария» – «Реал» 4:3
Голлар: Арда Гулер, 1 (0:1). Павлович, 6 (1:1). Арда Гулер, 29 (1:2). Кейн, 38 (2:2). Мбаппе, 42 (2:3). Л. Диас, 89 (3:3). Олисе, 90+4 (4:3)
«Бавария»: Нойер, Упамекано, Та, Лаймер, Станишич (Дэйвис, 46), Киммиҳ, Павлович, Гнабри (Мусиала, 61), Л. Диас, Олисе, Кейн
«Реал»: Лунин, Эдер Милитау, Рюдигер, Менди, Александр-Арнолд (Мастантуоно, 90), Беллингҳэм, Валверде, Арда Гулер (Питарч, 90), Б. Диас (Камавинга, 61), Винисиус Жуниор, Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Станишич, 29 – Эдер Милитау, 40. Рюдигер, 70. Камавинга, 78. Себалёс, 90. Арда Гулер, 90
Четлатишлар: Камавинга, 86 (иккинчи сариқ). Арда Гулер, 90 (иккинчи сариқ)
«Бавария» ва «Реал» турнирнинг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказди. Чемпионлар лигаси чоракфиналидаги жавоб учрашуви мухлисларга ажойиб интрига ва етти гол тақдим этди. Аммо испанлар турнирни тарк этди, Германия гранди эса соврин учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Мюнхенликлар устози Венсан Компани Мадриддаги биринчи учрашув учун танлаган бошланғич таркибини ўзгартирмади, Алваро Арбелоа эса бирданига тўртта ўзгаришга қўл урди – ўтган ўйинда захирадан ўйинга қўшилган Беллингҳэм, Милитао ва Браим Диас ҳамда соғайиб сафга қайтган Менди илк дақиқалардан майдонда ҳаракат қилди. ЕЧЛ тарихида илк бор «Реал» ўйинни бирорта испан футболчисисиз бошлади.
Ўйин амалда 0:1 ҳисобидан бошланди. Мадриддаги биринчи ўйин қаҳрамони бўлган Нойер 35-сонияда қўпол хатога йўл қўйди. Ушбу 40 ёшли дарвозабон ўз одатига кўра жарима майдони ташқарисига чиқиб, Киммиҳдан пас қабул қилиб олди ва кейин тўпни Гулерга ташлаб берди. Туркиялик ҳавбек эса чап оёғида тўпни бўш дарвозага аниқ йўналтирди. Бу мадридликларнинг ЕЧЛ тарихидаги энг тезкор голига айланди.

Аммо беш дақиқа ўтиб «Бавария» ҳисобни тенглаштирди ва умумий ҳисобда яна олдинга чиқиб олди. Венсан Компани жамоаси илк дақиқалардан прессинг уюштирди ва «Реал» футболчиларини хато қилишга мажбурлади. Мадридликлар босим остида тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди, Киммиҳ бурчакдан узатма берди, Лунин тўпга чиқишда хатога йўл қўйди ва Павлович бош билан у қўриқлаётган дарвозани ишғол этди.















