Ўзбекистон | 23:16 / 10.04.2023
9368
5 дақиқада ўқилади

Ижтимоий объектларни иситиш тизимлари ДХШ асосида модернизация қилинади — президент қарори

Хусусий шериклар ё тендер асосида, ёки тендерсиз танланади. Улар ижтимоий соҳа объектларини иситиш билан боғлиқ барча масалаларни ўз зиммасига олади. Хусусан, тадбиркорларга янги қозонлар ўрнатиб, объектни иситиш харажатларини камида 20 фоизга, электр йўқотишларини 30 фоизга камайтириш мажбурияти юкланади.

«Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга кўра, 2023-2026 йилларда республика ҳудудида фаолият юритаётган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлаш давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор иштирокида босқичма-босқич жорий этилади. 

Биринчи босқичда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги 5722 та давлат ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти тизими хусусий сектор иштирокида модернизация қилинади ва бошқариш тизими жорий қилинади. 

2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида ҳамда бошқа вилоятларда иситиш тизими давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилинади. 

Модернизация қилиш ишларини ташкиллаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи тузилади. 

Унинг асосий вазифалари қуйидагилар бўлади:

  • давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари учун талаб этиладиган кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш;
  • ҳар чоракда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва жалб қилинган хусусий шериклар томонидан бажарилган ишлар натижадорлигини ўрганиш ва мунтазам мониторинг қилиб бориш;
  • давлат ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилишда юзага келадиган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларининг лойиҳалар ижроси юзасидан ахборотларини қабул қилиш ва натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий материалларни киритиб бориш;
  • мазкур қарорда кўрсатилган топшириқларнинг белгиланган муддатларда бажарилишини назорат қилиб бориш. 

2023 йил 1 августдан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган ва лойиҳа концепциялари тасдиқланган туман ва шаҳарлардаги ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари бошланади.

Лойиҳаларни амалга оширишда давлат шериги этиб – туман (шаҳар) ҳокимликлари белгиланади.

Хусусий шериклар – Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуни талабларига мувофиқ тендер ўтказиш ва (ёки) Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг қарорлари асосида энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали аниқланади.

Хусусий шерикларнинг вазифалари қуйидагилар бўлади:

  • иситиш учун меъёр бўйича талаб этиладиган кўмир ва электр энергияси харажатларини камида 20 фоизга ва иссиқлик энергияси йўқотишларини 30 фоизга камайтириш;
  • ижтимоий соҳа объектларида Ўзбекистон Республикасида камида бир йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатиш;
  • ўрнатиладиган иситиш қозонларининг сифатини кафолатлаш ва муддатидан олдин яроқсиз ҳолатга келган иситиш қозонларини ўз маблағлари ҳисобидан янгилаш; бундай ҳолларда Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратилмайди;
  • ижтимоий соҳа объектларини иситиш билан боғлиқ барча масалаларни ўз зиммасига олиш.

Лойиҳаларни амалга оширишда модернизация қилиш ва таъмирлаш харажатлари учун талаб этиладиган инвестиция маблағлари хусусий шериклар ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Хусусий шерикларнинг улуши камида 50 фоиз ва объектларни эксплуатация қилиш муддати 10 йилни ташкил этади.

Туман (шаҳар) ҳокимлари ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари тўлақонли фаолият кўрсатиши учун масъул ва шахсий жавобгар ҳисобланади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилда республика бўйича давлат-хусусий шериклик асосида давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш учун жами 500 миллиард сўм, шундан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун 250 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятига 50 миллиард сўмдан маблағ ажратади.

Иситиш қозонлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган (импорт қилинадиган), республикада ишлаб чиқарилмайдиган товарлар 2025 йилнинг 1 январига қадар божхона божидан озод қилинади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳалар бўйича тасдиқланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларда белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши ва битим шартларига риоя этилиши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириб боради.

Бунда, мониторинг натижасида биринчи марта аниқланган камчиликлар учун йиллик тўлов миқдорини 10 фоизга, иккинчи марта аниқланган камчиликлар учун 20 фоизга камайтириш ҳамда учинчи марта аниқланган камчиликлар учун битимни бекор қилиш каби жазо чораларини қўллаш механизми татбиқ этилади.

Мавзуга оид