Жаҳон | 19:33 / 09.10.2024
12197
7 дақиқада ўқилади

Эрон Исроил билан можарода Россиянинг ёрдамига умид қилиши мумкинми?

Теҳрон ва Москва ўртасидаги ҳарбий-техник ва ҳарбий ҳамкорлик Россия 2022 йилда Украинада бошлаган уруш, шунингдек, Эроннинг яқин вақтлар ичида кенг кўламли можарога олиб келиши мумкин бўлган Исроил бўйлаб зарбалари билан боғлиқдир.

Фото: Dimitar Dilkoff/AFP

Эрон аллақачон Россияга дронлар етказиб берган, россиялик ҳарбийлар улар билан Украинани ўққа тутмоқда. Бошқа йирикроқ етказмалар ҳам бўлган.

Аммо бу ҳарбий-техник ҳамкорлик анча жиддийлашиши ҳам мумкин. Масалан, Россия аввалига Мисрга сотиш учун (бу келишув муваффақиятсизликка учраган) йиғилган Су-35 қирувчилари партиясини Эронга сотиши мумкин.

Бундай қирувчиларга эга бўлиши Эронга қарши ҳаво амалиётлари ўтказилишини қийинлаштирган бўларди. Ҳозирда Эрон ҳарбий-ҳаво кучларида фақат бир неча ўнта жанговар самолёт бор — булар Россия самолётлари ҳамда 1979 йилги ислом инқилобидан кейин Эронда қолган Американинг эски моделларидир.

2023 йил баҳорида Эроннинг IRIB телерадиокомпанияси мамлакатнинг БМТдаги миссиясидаги ходимининг аноним шаклдаги сўзларини келтирганди, у келишув амалга ошганини айтганди, аммо шундан буён ОАВда Эронга Россия самолётлари етказиб берилгани ҳақида хабар чиқмаган.

Узоқ Шарқдаги КнААЗ авиация заводи аэродроми тураргоҳида 20 дан ортиқ янги қирувчи самолётлар ялтираб турибди, Россиядаги Ҳарбий стратегиялар ва технологиялар таҳлили маркази уларни «Мисрга тайёрланган» самолётлар деб атаган. Уларни Гугл-харита сервиси орқали ҳам кузатиш мумкин.

Россия Эронга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, масалан, қисқа радиус бўйлаб ҳаракатланувчи «Панцир С1» тизимларини ҳам бериши мумкин. Улар нисбатан катта масофадаги нишонларни уриб туширишга мўлжалланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ёки бошқа объектларни Исроил ракеталаридан ҳимоялашда қўлланиши мумкин бўлади.

Оқ уйдагилар 2023 йилда Россиянинг «Вагнер» гуруҳи бундай қурилмаларни ёки «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига, ёки Эронга бермоқчилиги тўғрисида хабар қилганди. Ўшанда Американинг Миллий хавфсизлик агентлиги вакили Жон Кирби америкаликлар агар бундай етказма амалга оширилса, «Россия жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан аксилтеррорчилик санкциялари» қўллашга тайёрланаётганини айтганди.

Шундан кейин бундай режа амалга оширилгани тўғисида хабар берилмаган.

Ўз навбатида, Эрон Россияга оператив-тактик ёки ҳатто кичик радиусда ҳаракатланувчи баллистик ракеталарни етказиб бериши мумкин. Агар Россия армиясида бундай ракеталар пайдо бўлса, бу Украинадаги вазиятни ўзгартириб юборган бўларди. Гап шундаки, баллистик ракеталарни уриб тушириш қийин, Россияда эса уларнинг захираси камайиб кетган ва уларни қанотли ракеталарга қараганда анча кам ишлатишади.

Исроил билан уруш чиққан тақдирда ушбу мамлакатдан минглаб километр узоқликда бўлган Эрон учун ўрта масофали ракеталар зарур бўлади, Россияга эса 500 километр масофагача борадиган, оператив-тактик ракеталар ҳам етарли. Шунинг учун Россияга бундай ракеталар етказиб бериш Эроннинг Исроилни ўққа тутиш имкониятларига таъсир кўрсатмайди.

Эрон ракеталари Россияга етказиб берилиши эҳтимоли шу қадар хавфли бўлиб кўриндики, бу мавзу Москва ва Вашингтон ўртасидаги ташқи сиёсатдаги кескинлашув манбайига айланди — сентябр ойи бошида президент Жо Байден Украинага Америка ракеталаридан Россия ичкарисидаги нишонларга зарба йўллашга рухсат бериш ҳақида ўйлаётганди.

Ўшанда АҚШ, Франция, Германия ва Буюк Британия расман Эронни Россияга баллистик ракеталар етказиб беришда айблаганди. Матбуотга маълум бўлишича, бу ракеталар аллақачон Россияга етиб борган.

Киев барибир Россиядаги нишонларга зарба беришга рухсат ололмади, аммо Москва ҳам Украинада Эрон ракеталарини қўллагани йўқ. Эрон уларни Россияга етказиб бермагани ҳақида расман баёнот берди.

Бу ҳақда матбуотга маълумот сизиб чиққани туфайли қирувчи самолётлар ва баллистик ракеталар етказиб бериш амалга ошмай қолди.

Аммо бу шуни кўрсатдики, Эрон ва Россиянинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги салоҳияти улкан ва бу минтақадаги вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин.

Аммо бундай ҳамкорлик Россия билан у қадар яқин бўлмаса ҳам камида Ғарбнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ маълум муносабатларни сақлаб қолган Исроилнинг манфаатларига таъсир қилади.

Украина раҳбарияти бир неча марта сўраганига қарамай, Исроил шу вақтгача Украинага ўлдирувчи қуроллар етказиб бермаган, ҳеч бўлмаганда бу ҳақда очиқ эълон қилинмаган.

Киев Исроилнинг «Темир гумбаз» каби юқори самарадорликка эга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қизиқиш билдирган. Исроил бундай тизимларни ўз армиясидан олиб бериши даргумон, лекин улар экспорт учун ҳам ишлаб чиқарилади ва бундан ташқари, АҚШга иккита батарея етказиб берилган — уларни исроилликлар розилиги билан украинларга етказиб бериш мумкин.

Исроил Украинага жиддий ҳарбий ёрдам бермайди — у фақат инсонпарварлик ёрдамлари етказишда иштирок этади.

2023 йил февралида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш имконияти кўриб чиқилиши мумкинлигини айтганди. Аммо ҳозиргача бу масалада ўзгариш бўлгани йўқ.

Исроил ва Россия муносабатларини икки мамлакат авиацияси Сурияда ёнма-ён ҳаракатланиши, ҳарбий самолётлар тез-тез бир-бирига жуда яқин учиши факти ҳам мураккаблаштиради.

Улар 2018 йилда россияликларнинг разведкачи самолёти учувчиси ўлимига олиб келган ҳолат такрорланмаслиги учун ўз ҳаракатларини мунтазам равишда мувофиқлаштиришига тўғри келади. Ўшанда самолётни Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими хатолик туфайли уриб туширганди, аммо Россиядагилар маълумотига кўра, унинг ёнида сурияликлар нишони бўлган Исроил қирувчи самолёти ҳам учган.

Яқин Шарқдаги давлатларнинг халқаро муносабатлари шунчалик қаттиқ тўпга ўралганки, ҳар қандай интенсив аралашув бошқа давлатлар билан муаммоларга олиб келади.

Нима бўлганда ҳам Москва ва Теҳрон минтақадаги вазият кескинлашувидан олдин барча тафсилотларни муҳокама қилишга ҳаракат қилгани аниқ.

30 сентябр куни Теҳронга Россия бош вазири Михаил Мишустин учиб келди. Россиянинг «Ведомости» газетаси ёзишича, ташриф вақтида Россия-Эрон ҳамкорлигининг барча йўналишлари муҳокама қилиниши режалаштирилганди, аммо асосий эътибор транспорт, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳаларга қаратилганди.

Бу ҳарбий технологиялар алмашинувини ҳам англатадими ёки йўқ, буниси номаълум.

Мавзуга оид