Жаҳон | 10:04 / 08.01.2026
10405
7 дақиқада ўқилади

Эрондаги намойишчилар икки шаҳарни назоратига олгани айтилмоқда

Полициячилар улар томонга ўтган. Пропагандачилар эса бу шаҳарлардаги намойишлар тарқатиб юборилганини хабар қилмоқда. Иккинчи ҳафтада давом этаётган намойишлар ҳақида нималар маълум?

Ҳамадондаги намойиш иштирокчиси. Фото: Mobina / MEI / SIPA / Scanpix / LETA

Эронда 28 декабрдан буён оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Аввалига миллий валюта қадрсизланиши ва улкан инфляция туфайли Теҳрон марказидаги Катта бозорда сотувчилар иш ташлаш уюштиришганди. Кўп ўтмай намойишлар тўлқини бутун мамлакатга ёйилди. 10 кун ўтиб эса Эрон ғарбидаги икки шаҳар намойишчилар назоратига ўтган. Давлат ахборот агентликлари хабарларида бу шаҳарлар намойишчилар томонидан эгаллаб олингани тан олинмаяпти ва полициячилар намойишчиларни тарқатиб юборгани айтилмоқда. Эрон олий раҳбари Али Хоминаий иқтисодий муаммолар борлигини тан олган, аммо буни «душманлар иши» билан боғлаган. У шунингдек, «бузғунчилар билан музокара қилиш бефойдалиги» ва уларга «жойини кўрсатиб қўйиш лозимлиги»ни айтган.

Эронда намойишлар бошланганининг 10-кунига келиб икки шаҳар – Абданан ва Маликшоҳ намойишчилар назоратига ўтди, деб хабар берди 7 январ куни Fox News телеканали Эрон Миллий қаршилик кенгашига таяниб. «Бугун Эрон ғарбидаги икки шаҳарда жиддий воқеалар содир бўлди: улар амалда эгаллаб олинди ва одамлар буни кўчаларда нишонламоқда. Улар „Хоминаийга ўлим!“ дея ҳайқиришмоқда», – деган телеканалга Эрон мухолифатининг хориждаги вакили Али Сафавий. Эрон Миллий қаршилик кенгаши президенти Марям Ражави ҳам X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида кўчаларга чиқиб, «жазо отрядларини чекинишга мажбур қилган» одамларни олқишлаган.

Абданан мамлакат ғарбидаги Илам вилоятидаги шаҳар бўлиб, Ироқ билан чегарадош ҳисобланади, Маликшоҳ эса ундан тахминан 100 километр ичкарида жойлашган.

Эрон Миллий қаршилик кенгаши ўз ҳисоботларида Абдананда бўлиб ўтган воқеаларни тасвирлаган. Унга кўра, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси жангчилари намойишчиларга ҳужум қилишга уринган, бунга жавобан намойишчилар корпусга тегишли бўлган «Офог Курош» (Ofogh Kourosh) дўконлар тармоғини ёқиб юборган.

Маликшоҳда тўқнашувлар олдинги кунларда ўлдирилган Фарис Оға Муҳаммадийнинг дафн маросими вақтида юзага келган. Маҳаллий ресурсларда тарқалган хабарларга кўра, Абданан намойишчилар назоратига ўтгач, уларга полициячилар ҳам қўшилиб кетган.

Эрон мухолифатининг қувғиндаги етакчиси, АҚШда яшовчи Ризо Паҳлавий намойишларни қўллаб-қувватламоқда. Паҳлавий The Washington Post газетасида 6 январ куни эълон қилинган мақоласида Эрон «жиддий ўзгариш арафасида тургани» ҳақида ёзган. У 2026 йил бошига келиб ислом республикаси «1979 йилдан бери ҳар қачонгидан ҳам заифроқ ва тарқоқроқ» ҳолатда эканини қайд этган. Паҳлавий намойишчилар озодликка чақирувлар билан бир қаторда ўзининг номини ҳам айтиб ҳайқираётганини, шу муносабат билан, у «истибдоддан халқнинг ўзи танлайдиган демократик келажакка ўтиш»га раҳбарлик қилишга тайёрлигини таъкидлаган. Паҳлавий Эроннинг демократик кучларини учта асосий тамойил атрофида бирлаштиришни таклиф қилади: мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги, индивидуал эркинликлар ва барча фуқароларнинг тенглигини ҳимоя қилиш, дин давлатдан ажратилиши. «Ушбу уч тамойил келажакдаги демократик бошқарув шаклини аниқлаш учун миллий ярашув жараёни ва референдум билан мустаҳкамланиши керак», – дейилади Паҳлавий колонкасида.

Ризо Паҳлавий
Abdul Saboor / Reuters / Scanpix / LETA

Эрондаги давлат ахборот агентликлари намойишчилар Абданан ва Маликшоҳни эгаллаб олганини рад этмоқда. Irna агентлиги Абдананда полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ҳақида ёзган, Tasnim агентлиги эса шундан сўнг намойишчилар «қочиб кетишгани» ва шаҳар кўчаларида тез орада «тинчлик ва хавфсизлик» тикланганини қўшимча қилган.

Эрон ҳукумати намойишчилар икки шаҳарни эгаллаб олгани ҳақидаги хабарлар юзасидан алоҳида тўхталмаган. Бироқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бир неча кун аввал АҚШ эронлик намойишчиларга «ёрдамга келиш»га тайёрлиги ҳақида ёзган Доналд Трампнинг сўзларига жавоб қайтарган ва «Эроннинг ички ишлари унинг халқидан бошқа ҳеч кимга тегишли эмаслиги»ни айтганди. «Ҳукумат ва халқ ўзаро мулоқот жараёнида», – дея қўшимча қилганди у.

Эрон олий етакчиси Али Хоминаий намойишлар юзасидан фақат бир марта – 3 январ куни, кўча намойишларининг еттинчи кунида муносабат билдирганди. У мамлакатда иқтисодий муаммолар борлигини тан олган (дастлаб намойишлар шу сабабли бошланганди), бироқ миллий валюта курсининг беқарорлигини «душманнинг иши» деб атаганди. «Норозиликка асос бор, аммо норозилик тартибсизлик дегани эмас. Биз намойишчилар билан гаплашяпмиз, расмийлар улар билан мулоқот қилиши керак. Лекин бузғунчилар билан гаплашиш бефойда. Уларнинг жойини кўрсатиб қўйиш керак», – деб ёзган Хоминаий.

28 декабрдан буён намойишлар Эроннинг 31 вилоятидан камида 17 тасини қамраб олди, деб ҳисоблайди интернетда тарқалган видеоёзувларни ўрганиб чиққан BBC Verify журналистлари. Улар ўтказилган акциялар кўлами «анча каттароқ бўлиши мумкинлиги»ни истисно этмайди. Теҳрондаги вазият кескинлигича қолмоқда – у ерда ҳамон Катта бозордаги савдогарлар намойиш қилмоқда, уларга ўз акцияларини «Диктаторга ўлим» ва «Намойиш ўтказиш – олиб бўлмас ҳуқуқимиз» каби шиорлар остида ўтказаётган талабалар ҳам қўшилган. Эрон Миллий қаршилик кенгаши шаҳарнинг айрим туманларида акциялар ҳукмрон режим кучлари билан тўқнашувларга айланганини қайд этган.

Human Rights Activists News Agency (HRANA) ҳуқуқ ташкилоти маълумотига кўра, намойишларнинг 10 куни мобайнида бутун мамлакат бўйлаб (ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатнинг 27 вилоятида ва 22 университетда намойишларни қайд этган) камида 36 киши ҳалок бўлган – 34 нафар намойишчи ҳамда режим вакилларидан икки нафари. Яна икки мингдан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид