Ўзбекистон | 15:55 / 09.12.2021
38406
7 дақиқада ўқилади

«Мижоз йўқотамиз, нархни оширишга мажбур бўламиз» – Қўйлиқдаги тадбиркорлар кўчишга қарши

Kun.uz билан суҳбатда сотувчилар бозор бошқа жойга кўчишидан келадиган салбий оқибатлар ҳақида огоҳлантиришди. Улар янги жойдаги тўловлар қимматлиги, у ердаги шароитлар маъқул келмаганини айтишмоқда.

7 декабрь куни Тошкент шаҳар ҳокимининг Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилиши ҳақидаги қарори эълон қилинди. Унда айтилишича, пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш режалаштирилган.

Бу янгилик ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди. Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятлари билан чамбарчас боғлиқ равишда озиқ-овқат маҳсулотлари етказилишини таъминлайдиган бу бозорда фаолият юритувчи тадбиркор ва сотувчиларнинг фикрини билиш, бозорнинг кейинги тақдири ҳақида маълумот олиш учун Қўйлиқда бўлди.

Фото: Kun.uz

Гапиришни истаганлар кўп эди - бозор кўчиши ҳақида хабар топган сотувчилар ва тадбиркорларнинг дарди ичида экан. Улар бозор бошқа жойга кўчишидан келадиган салбий оқибатлар ҳақида огоҳлантиришди. Бозор кўчиши мижозлар камайиши ва савдо сусайишига сабаб бўлишини айтишди, шунингдек, ҳозирда бу ерда чипта нархлари ва транспорт қулайлиги ҳақида таъкидлашди.

Мирҳосил Акромов, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«Бизга Food city мажмуасидан ижарага дўкон олишимиз мумкинлигини айтишган. Лекин у ернинг тўловлари сал қийинлик қиларкан бизга. Ҳозир мева-чева маҳсулотларимиз кўп. Шуни чиритмасдан халққа сотиб олишимиз керак. У ерга кўчсак сотолмаслигимиз мумкин».

Ҳамдам Хўжамов, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«Кўчишимиз ҳақида ҳозирча аниқ гап айтилмади. Лекин янги қурилган бозорга бориб кўрдик. Бизга шароитлари маъқул келмади. Бу ерда битта камерамиз 60 кв/метр. У ердаги дўконлар 20-25 кв/метр чиқар экан. Маҳсулотларимиз сиғмайди у дўконларга.

Бу бозорда улгуржи савдо бўлгани учун маҳсулотларимизнинг асосий қисмини насияга берамиз. Кўчадиган бўлсак, мижозларимиз учун ҳам қийин бўлади.

Янги бозорни бориб кўрдик, битта кичкина дўконни 120 млн сўм гаров эвазига таклиф қилишди. Бундан ташқари, ҳар ойда ижара ҳақи ҳам тўлаш керак. Улар нархни ошириши ҳам мумкин, чунки улар хусусий бўлгани учун нархни белгилашга ҳақли. Шу сабабли шу ердан кўчмаслик тарафдоримиз».

Катта эҳтимол билан Қўйлиқ деҳқон бозори кўчирилиши назарда тутилаётган, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган Food city савдо мажмуасида дўконларнинг ижара ҳуқуқи асосида сотувга қўйилиши 2021 йилнинг июнь ойидан бошланган. Дўконлар 19, 25 ва 28 кв/метрдан иборат бўлиб, бошланғич баҳоси 50 млн сўмдан 100 млн сўмгача белгиланган.

Мажмуа вакили бу бошланғич нархлиги, ижарага дўкон олиш учун 100 млн сўмдан ортиқ маблағни гаров сифатида қўйиш кераклиги ва ойига 3,5 млн сўмдан ижара тўлови борлигини билдирди.

Бахтиёр Бобомуродов, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«Янги бозор қурилгач, у ердаги дўконлар сотилиши бошланди. Ҳозир бизнинг бозорни кўчириш режа қилиняпти. Аслида, бунинг учун Қўйлиқни кўчиришга зарурат ҳам, бундан маъно-мантиқ ҳам йўқ. Келадиган катта юк автомобилларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ўша ерга жойлаштирилса ҳам бўлади. Кўпчилик шу фикрда.

Қарорда тирбандликнинг олдини олиш ҳақида ҳам айтилган. Бундай ҳолатни ҳамма бозор атрофида кузатиш мумкин».

Шаҳноза Хўжамова, тадбиркор:

«Ўрта Чирчиқ туманидаги янги бозорни кўриб келдик. Дастлабки гаров пули, ойлик ижара тўлови, солиқлар тўлаш бизга жуда оғирлик қилади».

Зулфия Аминова, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«Янги бозорга қатнашда транспорт масаласи ҳам қийинчилик туғдиради. Ҳозир Қўйлиққа метрода бемалол келиб, бозор қилиш мумкин. Бу ердаги икки бозор орасида қанча аравакаш юк ташиб, оила тебратади. Жуда кўпчилик ишсиз қолади бунақада».

Ўктамбой Самандаров, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«Улгуржи бозорнинг ўзида камида 2 минг тадбиркор бор. Уларнинг барчаси кўчага ташланяпти ҳозир. Янги бозорда ҳеч қандай шароит йўқ. Ўзимиз қурган эски дўконларни олиб, бизга ижара асосида ҳозирги дўконларимизни беришган. Энди шу тайёр жой қайтариб олиниб, одамлар кўчага чиқариб юбориляпти».

Kun.uz суҳбатда бўлган тадбиркорлар бозорнинг кўчирилиши озиқ-овқат нархлари ошишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўктамхон Қурбонова, тадбиркор:

Фото: Kun.uz

«2000 йилдан бери шу ерда ишлайман, аввалига тепадан буёққа кўчирилди – шунда бир марта мижозларни йўқотдик. Энди 3 йил деганда ярим мижозларимизни қайтариб йиғганимизда, яна кўчирилади дейишяпти. Янги бозордаги битта дўконга бир тадбиркорнинг юки сиғмайди, 3та дўкон олишимиз керак юкни сиғдириш учун. Устига устак ижараси жуда қиммат.

Бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига олиб келади. Ижара тўловимизни чиқариш учун маҳсулотлар нархини оширишга мажбур бўламиз. 4 минг сўмлик гуруч 6 минг сўмга чиқади, 6 минг сўмлиги 10 минг бўлади. Ўзи карантин бўлиб халқнинг чўнтагида пул қолмади».

Қўйлиқ деҳқон бозори ва улгуржи савдо бозори қаерга кўчирилиши, сотувчи-тадбиркорлар тақдири нима кечиши ҳақида маълумот олиш учун бозор маъмуриятидан жавоб олиш мақсадида қош қорайгунча кутдик. Аммо улар бу ҳақда бугун хабар топишганини айтиб, гапиришдан бош тортишди.

«Қўйлиқ деҳқон бозори» акционерлик жамияти ва улгуржи савдо бозорининг асосий акциядори – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобланади. Деҳқон бозорининг деярли 87 фоизи, улгуржи савдо бозорининг эса 90 фоиздан ортиқ акциялари ҳокимиятга тегишли.

Лекин ҳокимиятдагилар пойтахтдаги энг катта иш берувчи мажмуалардан бири, минглаб одамлар учун даромад манбайи бўлаётган бозор бузилиши билан боғлиқ саволларга жавоб берадиган масъул ҳали йўқлигини айтишди.

Айни пайтда улар ҳам бозор ўрнида қуриладиган кўприк лойиҳасидан бошқа маълумотга эга эмас экан, Қўйлиқдаги ижара дўконидан ажраётган тадбиркорлар эса Food city’дан ижарага дўкон олишлари мумкинлиги ҳақида маълумот айтилди, холос.

Мавзуга оид