Ўзбекистон | 12:00 / 21.01.2020
18174
2 дақиқада ўқилади

«Қўйлиқ» бозорида инсонни юзидан таниб олувчи камералар ўрнатилди

Фото: Voice of Tashkent

Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори ҳудудида инсонни юзидан таниб олувчи 3 дона интеллектуал камералар ўрнатилган. Бундан ташқари, бозорда 210 дона IP камералар ҳам ўрнатилган.

Бу ҳақда пойтахтнинг Бектемир туманида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Турсунов, туман ҳокими ўринбосари Ф.Ниғмонов, туман прокурори Д.Отажонов ва бошқа расмий шахслар иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар бермоқда ШИИББ расмий сайти.

Йиғилишда бозор ҳудудида автомобиллар тўхташ жойини ташкил қилиш ҳақида таклиф берилган, савдо расталарида ишловчилар ва харидорлар учун муҳим эълонларни узатиб туриш учун радиоузел ҳамда жамоатчилик назорати маскани ташкил этилганига урғу берилди.

Йиғилишда яна шундай таклифлар янграган:

·       Бозор ходимлари учун махсус униформа жорий этиш;

·       Пичоқ сотиладиган расталарда қулфланадиган ойнаванд расталар барпо этиш;

·       Умумий овқатланиш жойлари ва дорихоналарда алкоголли ва таркибида спирт бўлган маҳсулотларни сотиш устидан назоратни кучайтириш, бозор ҳудудида ва унга ёндош ҳудудларда алкоголни қуйиб сотишни тақиқлаш;

·       Бозорда юриш-туриш қоидалари баён этилган махсус буклетлар тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек бозор ҳудудида баннерлар ўрнатиш.

Жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини сақлаш мақсадида тревога тугмалари ўрнатилади. Ҳар пайшанба бозорда ишловчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилади.

Мавзуга оид