«UzAuto Motors» ишида суд қарори қабул қилинди
30 октябрь куни «UzAuto Motors» иши бўйича суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинди. Жамоатчилик ушбу қарордан таажжубини билдирмади. Суд мажлиси эса янада қизиқарли муҳокамага бой ўтди.
Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors» АЖнинг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, компания тижорат сирига оид, шунингдек, судга тақдим этилган махфий ҳужжатлар муҳокамаси ёпиқ суд тартибида ўтказилгандан сўнг, суд яна очиқ мажлисда муҳокамани давом эттирди.
Дастлаб Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили Сардор Отамурадов судга илтимоснома билан мурожаат қилиб, мазкур ишнинг якуний натижасидан манфаатдор истеъмолчилар ҳамда «Azim avtomotive» МЧЖни мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида судга жалб қилишни сўради. Прокурор илтимосномани қўллаб-қувватлаб, жавобгар илтимосини қаноатлантиришни сўради. Аммо судья Ғолиб Давлатов илтимосномани рад этди.
Шу орада судга номаълум шахс кириб келиб, «UzAuto Motors» ишида гувоҳ сифатида чақирилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, суд котиби телефон қўнғироғи орқали уни гувоҳликка чақирган. У қўлида бўлган қоғозни судьяга топширди. Судья Давлатов қоғоз билан танишиб чиққач, ушбу шахсни суд мажлисини кузатиб ўтириши мумкинлигини тушунтирди, аммо у зални тарк этди.
Кейинроқ судья Ғолиб Давлатов залга кириб келган кишининг шахсига аниқлик киритиб, у «UzAuto Motors»га мурожаат қилгани, жавобдан норози бўлган тақдирда юқори турувчи органга мурожаат этиши мумкинлиги баён этилган хатни судьяга тақдим этганини билдирди.
Сардор Отамурадов судга иккинчи илтимоснома билан мурожаат қилиб, унда «UzAuto Motors» АЖ вакили Наргиза Отахонованинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлган хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришни сўради. Яъни суднинг ўтган иккинчи йиғилишида Отахонова нутқ ирод этиб, сўзларида қўмитанинг маълумоти сохта эканини билдирганди. Отамуродов айнан шу Наргиза Отахонованинг сўзи юзасидан судья ҳуқуқий баҳо бериб ўтиши шартлигини эслатди. Мазкур илтимоснома юзасидан тарафлар фикри сўралгач, суднинг якуний ҳал қилув қарори эълон қилинганда тушунтириш берилиши маълум қилинди. Якунда эса Отамуродовга ушбу масала юзасидан асослантирувчи далил ва исботлар билан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этиши тушунтирилди.
Шундан сўнг, тарафларнинг асосий шикоят аризаси юзасидан фикрлари тингланиб, музокара сўзига киришилди. Дастлаб музокара сўзида аризачи «UzAuto Motors» вакиллари Лазиз Эрдонаев ва Рустам Шаймардонов ўз фикрларини билдирди.
Шундан сўнг музокара сўзида жавобгар вакиллари Бекзод Умматов, Улуғбек Давлатов, Шерзод Шадмонқулов ва Сардор Отамурадов ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Ишда иштирок этувчи Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Э. Воҳидовнинг иш юзасидан шикоят аризасини қаноатлантириш ҳақидаги музокара сўзи тингланди. Унда прокурор қуйидаги фикрни билдирди:
«Мен қуйидаги фикрга келдим, яъни қўмита «UzAuto Motors» фаолияти юзасидан текширув ўтказиб, ўрнатилган тартибда натижаси юзасидан ҳукуматга ахборот бериши лозим эди.
Қўмита ўрнатилган тартибда тегишли рухсатни олиб, компания фаолиятида текширув ўтказган. Лекин текшириш даврида қўмита вакиллари «UzAuto Motors»нинг молиявий фаолиятига киришган. Бундан ташқари, аниқ ҳисоб-китобларга таянмаган ҳолда, тахминий рақамлар билан қарор қабул қилган. Ушбу қарор қабул қилинишида эса ҳукумат тасдиқлаган тегишли низом талабларига тўлиқ риоя қилинмагани судда ўз исботини топган, деб ҳисоблайман. Компаниянинг аризасини қаноатлантиришингизни сўрайман», — деди у.
Шундан сўнг суд ҳал қилув қарори қабул қилиш учун маслаҳатхонага кирди.
Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди. Шундан сўнг Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасидан аризачи «UzAuto Motors» АЖ фойдасига шикоят келтиришда тўланган давлат божи 2 230 000 сўм ва 20 000 сўм почта харажатлари ундириш белгиланди. Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги ҳолати юзасидан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилди.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024