Ўзбекистон | 10:52 / 08.06.2024
5415
4 дақиқада ўқилади

“Ҳиндистон дориларига импортни вақтинча чеклаш орқали муаммога халқаро ташкилотлар эътиборини қаратиш зарур” – адвокат

7 июн куни “Док-1 Макс” иши бўйича апелляция суди давом этди. Унда Сардор Кариевни ҳимоя қилаётган адвокат томонидан судга илтимоснома киритилди. Мунира Кариеванинг ишончли вакили эса агар Сардор Кариевга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланса товон пули қай тартибда тўлаб берилиши бўйича тушунтириш берди.

“Док-1 Макс” иши бўйича апелляция судининг навбатдаги суд мажлиси ўтказилди. Унда судланувчининг адвокатлари тингланди.

Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева агар ўғлига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланса “Док-1 Макс” жабрланувчиларига суд томонидан белгиланган 75 млрд сўмдан ортиқ миқдоридаги маънавий зарарни тўлаб бериш таклифи билан чиққанди. Суд мажлисида Кариеванинг ишончли вакили бу пуллар қай тартибда ва қанча муддатда тўлаб берилмоқчи эканлиги бўйича тушунтириш берди.

Адвокатга кўра, дастлабки тўлов сифатида 7,5 млрд сўм тўловни бирданига амалга оширилади. Сўнг 36 ой давомида дастлабки ойларда 1,8 млрд сўмдан, охирги ойларда эса 3 млрд 780 млн сўмдан тўлаш режалаштирилган. Шунда ҳар бир жабрланувчига биринчи ойда 100 млн сўмдан, 2-35 ойлар бўйича ҳар ойда 25 млн сўмдан ҳамда охирги ойда 50 млн сўмдан тўғри келади. Фақат бу учун Кариева ўғлига тайинланган 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгартирилиб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши лозимлигини илтимос қилган.

Шунингдек, Сардор Кариевнинг адвокати судга илтимоснома киритди. Унда Ўзбекистонга Ҳиндистон дорилари импортини вақтинча чеклаш орқали муаммога Ҳиндистон ҳукумати, ЖССТ ва бошқа халқаро ташкилотлар эътиборини қаратиш ҳақида гап боради.

Илтимосномада келтирилишича, ОАВда Marion Biotech компанияси мансабдор шахсларига Ҳиндистонда қўзғатилган жиноят иши бўйича тарқалган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида тергов органи Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли сўровнома юборган. 2024 йил март ойида адвокатларга берилган жавобда Ҳиндистон тарафдан сўровномага ҳеч қандай жавоб берилмаганлиги маълум қилинган.

“Док 1 макс” ва “Амбронол” сиропларини ишлаб чиқарган Marion Biotech мансабдор шахсларининг ҳаракатларига тўғри хуқуқий баҳо бериш, ушбу фожиа сабабларини ва ҳақиқий айбдорларни биргаликда аниқлаш, жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни бартараф этиш, ҳамда келажакда бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун зарур бўлган тизимли ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш ўрнига, Ҳиндистоннинг тегишли ваколатли органлари томонидан сукут сақлаб келаётганлиги ачинарли ҳолат.

Бундай вазиятда, дипломатик каналларнинг кучи етмаса, Ҳиндистоннинг барча дори ишлаб чиқарувчиларига нисбатан Ўзбекистонга импортни вақтинча тўхтатиш каби чекловларни қўллаш ҳақидаги таклифни Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига олиб чиқиб, шу орқали мазкур муаммога Ҳиндистон ҳукумати, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар эътиборини қаратиш зарур”, дейилади илтимосномада.

Аввалроқ “Док-1 Макс”ни ишлаб чиқарган компания раҳбарлари ҳамон озодликда қолаётгани хабар қилинганди. Ўзбекистонда камида 68 боланинг ўлимига олиб келган “Док-1 Макс” сиропининг ишлаб чиқарувчиси – Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси таъсисчилари ва директорлари – Сачин Жаин ва унинг хотини Жая Жаин Ўзбекистон томонидан Интерпол қидирувига берилган бўлса-да, БАА пойтахти Абу-Дабида қўлга олиниб, кўп ўтмай қўйиб юборилган.

Мавзуга оид