Жамият | 17:00 / 21.10.2018
40097
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда жиноий гуруҳ тузишда айбланаётган шахслар қўлга олинди

Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жиноий гуруҳ фаолиятини ташкил этишда айбланган шахслар қўлга олинди. 

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ

Маълум бўлишича, Жарқўрғондаги «Узумзор» маҳалласида яшовчи Э.А Термиз нефть базасининг шу тумандаги филиали (Жарқўрғон нефтебаза унитар корхонаси) собиқ раҳбари М. исмли шахсга 2014 йилда 15 миллион сўм миқдорида қарз берган. Ўтган вақт давомида у қарзини ололмаган. У 17 октябрь куни Сурхондарё вилояти ИИБга мурожаат қилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ «Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш» бўлими ариза асосида иш олиб бориб, батафсил маълумот йиғади.

Маълум бўлишича, Жарқўрғон тумани «Обод» маҳалласида яшовчи Т.Н. томонидан Э.А.га таҳдидли қўнғироқ бўлган. У ЭА.ни «Узумзор» маҳалласида яшовчи А.Ҳ.нинг уйига чақирган. Э.А. айтилган манзилга борганида, Т.Н. ва А.Ҳ. уни туманнинг чеккароқ қисмида жойлашган адирликка мажбурлаб олиб боришган. У ерда Э.А.нинг ўзига қабр кавлатишган. Уни оёқ-қўлини боғлаб тириклай кўмиб ташлаш билан қўрқитишган. Бунга сабаб сифатида М. дан 15 миллион сўм пулни сўраб, уни халқ олдида обрўсизлантирганини кўрсатишган. Тирик қолиш учун қарздан воз кечиши ва «Кобалт» русумли автомашинасини сотиб пулини, ўзларига олиб келиб беришни тайинлашган.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ

Жон аччиғида қўрқиб кетган Э.А. шартларга рози бўлган. Автомашинасини 50 миллион сўмга сотган. Пулнинг 37 миллион сўми ва машинага тегишли баъзи жиҳозларни Т.Н. ва А.Ҳ.га келтириб берган. Аризачининг айтишича, Т.Н. қолган 12 миллион сўмни тез фурсатда олиб келмаса, оила аъзолари билан йўқ қилиб юбориш билан қўрқитган. Э.А. эса тегишли ташкилотга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Шундан сўнг, Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ «Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш» бўлими томонидан тезкор тадбир уюштирилган. Қолган маблағнинг 1 миллион сўми гуруҳ аъзоларига топширилаётган вақтида улар қўлга олинган.

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ

 

Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ
Фото: Сурхондарё вилояти ИИБ ЖҚБ

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид