Жаҳон | 15:58 / 08.10.2024
3598
5 дақиқада ўқилади

Флорида «Ҳелен»дан 10 кун ўтиб яна бир тўфон келишига ҳозирланмоқда

Американинг Флорида штатига яқинлашган «Милтон» тўфони максимал — Саффир-Симпсон шкаласи бўйича бешинчи тоифага чиқди, деб хабар бермоқда АҚШ Тўфонларни кузатиш миллий маркази (NHC).

Фото: Reuters

«Милтон» шарқ томон 14,5 км/с тезликда ҳаракатланмоқда. Шамол тезлиги соатига 287 километрга етган.

Метеорологлар Флорида соҳилларида ҳалокатли оқибатлар рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирган. 9 октябр куни тўфон тўла куч билан Мексика кўрфази бўйидаги аҳоли тиғиз яшовчи Тампа (Флорида) шаҳрига ёпирилиши кутилмоқда.

Флорида аҳолисидан сўнгги йиллардаги энг кенг кўламлиси бўлиши кутилаётган эвакуацияга тайёрланиш сўралмоқда. Флорида губернатори Рон Десантис вақт жуда кам қолганидан огоҳлантирган.

«Биз махлуқ билан тўқнашувга тайёр бўлишимиз лозим», — деган Десантис душанба кунги матбуот анжуманида.

«Милтон» тўфони тўғрисидаги огоҳлантириш Флоридага ёпирилиб, АҚШнинг олтита штатида 200 дан ортиқ киши ўлимига сабаб бўлган «Ҳелен» тўфонидан 10 кун ўтиб берилмоқда. «Ҳелен» АҚШда сўнгги 19 йилликдаги энг ажалвор табиат ҳодисаси бўлди — бундан олдин 2005 йилда «Катрина» тўфони 2 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетганди. «Ҳелен» тўфонидан кейин яна юзлаб кишилар бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Миллий метеорология хизмати директори Кен Грэм «Милтон» тўфони биринчидан бешинчи тоифага қадар кучайганини маълум қилган: сўнгги 24 соат ичида шамол тезлиги 148 км/соатга етган.

«Бу кузатувлар тарихидаги энг юқори учинчи кўрсаткич», — деган у.

«Милтон» шарққа томон 14,5 км/с тезликда ҳаракатланмоқда. Шамол тезлиги 287 км/соатга етган. Фото: EPA

Тўфонлар кучи шамол тезлигига қараб беш баллик шкалада баҳоланади. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи тоифадагилари — қурбонлар ва жиддий талафотга олиб келиши мумкин бўлган вайронкор табиий офатлар ҳисобланади.

Метеорологлар тахминига кўра, «Милтон» тўфони 8 октябр кунидан кучсизланишни бошлаши мумкин. Флорида соҳилларига етиб келганида, 9 ёки 10 октябр кунлари унинг тоифаси учинчи даражага тушади.

АҚШ Тўфонларни кузатиш миллий маркази (NHC) яқин соатларда Флоридада тропик ёмғирлар ва сув тошқинлари рўй бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.

NHC кейинги кунлар даовмида 38 сантиметргача ёғин тушиши мумкинлигини билдирган.

Флорида округлари расмийлари душанба куниёқ эвакуация ҳақида кўрсатма беришни бошлаганди. Флорида ғарбида ва штат марказида бу кунларда йўллар учун тўловлар бекор қилинади. Штат жанубидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида улкан навбатлар кузатилмоқда, айрим станцияларда ёнилғи тугамоқда.

Сешанба кунидан айрим округларда мактаблар ёпилади.

Шунингдек Орландо ва Тампа шаҳридаги аэропортлар сешанба кунидан тўфон туфайли фаолиятини тўхтатиши ҳақида хабар берган.

Мексика аҳолиси ҳам «Милтон» тўфони келишига тайёргарлик кўрмоқда. Фото: Reuters

Ноқулай об-ҳаво АҚШ президентлиги учун номзодларнинг сайловолди кампанияси тақвимига ҳам ўзгартиришлар киритган.

АҚШ вице-президенти, президентликка Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис Флорида губернаторини «кризисли вазиятда» унинг қўнғироқларига жавоб бермагани ва «сиёсий ўйин ўйнагани» учун қоралади. NBC News хабарига кўра, Десантис АҚШ президенти билан мулоқотда вице-президентнинг қўнғироқларидан бехабар бўлганини билдирган. Аммо, Камала Ҳарриснинг версиясига кўра, Десантис атайлаб унинг қўнғироқларига жавоб қайтармаган ва худди шу вақтда Жо Байден билан алоқага чиққан.

Майамида республикачилар партияси номзоди Доналд Трамп иштирокидаги съёмка бекор қилинган. Тадбир ташкилотчилари съёмка иштирокчиларининг хавфсизлиги муҳимроқ эканини қайд этишган.

Флоридада «Ҳелен» тўфони оқибатлари. Фото: AFP

Бу вақтда Флорида ҳали ҳам «Ҳелен» тўфони оқибатларига қарши курашмоқда, бу тўфон Саффир-Симпсон шкаласи бўйича тўртинчи тоифани қайд этганди. Аввалроқ АҚШ ҳукумати «Ҳелен» тўфонидан кейинги оқибатларни бартараф этиш ва чиқиндиларни тозалаш ишларига йиллар кетиши мумкинлигини маълум қилганди.

Ҳудудда «Ҳелен»дан жабрланган юзлаб йўллар транспорт ҳаракати учун ёпиқлигича қолмоқда, бу эса табиий офатдан нисбатан кўпроқ азият чеккан аҳоли яшаш манзилларига инсонпарварлик ёрдамларини етказишни қийинлаштирмоқда.

Мавзуга оид