Ўзбекистон | 10:08 / 28.05.2021
3924
2 дақиқада ўқилади

БАА Нукусда шифохона барпо этилишига 27 млн доллар ажратади

Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари хайрия жамғармасининг грант маблағлари ҳисобига замонавий она ва бола шифохонаси барпо этилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

26 май куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида видеоконференция шаклида Ўзбекистонда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга БАА Халифа бин Бин Зоид Ол Наҳаён номидаги хайрия жамғармасининг техник кўмагини жалб этиш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.

Ўзбекистон томонидан битимни инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев ва БАА томонидан молия вазири ўринбосари Юнис Ҳожи Ал-Хурий имзолади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 27 млн долларни ташкил этади ва молиялаштириши тўлиқ Халифа бин Бин Зоид Ол Наҳаён жамғармаси грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

100 беморга мўлжалланган ҳамда дизайн ва техник жиҳозлари бўйича ҳудудда ягона бўлган янги шифохона туғуруқолди ва туғуруқ бўлимлари, оналар ва янги туғилган чақалоқлар учун палаталар, оналар ва болалар интенсив терапияси бўлимлари, жарроҳлик бўлими, шифохона, амбулатория ва маслаҳат диагностика бўлимлари ҳамда лабораторияларга эга бўлади.

Ҳозирги вақтда объектда қурилиш ишлари бошланган. 2022 йил якунига қадар унинг тўлиқ қуриб битказилиши кутилмоқда. Энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги тиббиёт маскани Оролбўйи минтақаси аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини сезиларли даражада яхшилашга имкон беради.

Мавзуга оид