Ўзбекистон | 11:03 / 16.04.2021
30938
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқдаги воқеадан кейин 11 нафар солиқчи ишдан бўшатилди

Интернетда тарқалган видео ортидан Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими ишдан бўшатилди.

Давлат солиқ қўмитаси кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга уринган зўравон солиқчилар бўйича ўтказилган текширувлар натижаларини маълум қилди.

«Давлат солиқ қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўйича тезкор текширув ўтказилиб, натижаси бўйича Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 11 нафар ходими, жумладан, воқеада бевосита иштирок этган уч нафар солиқ инспектори ишдан бўшатилди ва уларнинг барча махсус унвонлари бекор қилинди», дейилади Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, Тошкент вилояти ДСБ бошлиғига ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан берилган.

Қайд этилишича, шу пайтга қадар ноқонуний фаолият юритган фуқароларга тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, фаолияти қонунийлаштирилган. Уларга Олмалиқ шаҳридаги савдо марказидан тегишли жой ажратиб берилган. Шунингдек, кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилиб, улардан бирига тикув машинаси ҳадя этилган.

Аввалроқ, солиқчилар кўчада сотувчилик қилаётган аёлларнинг буюмларини тортиб олиб, машинага юклашга урингани акс этган видео интернетда тарқалганди.

Шундан сўнг, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев зўравон солиқчилар акс этган видео бўйича муносабат билдириб, керакли чоралар кўрилишини айтиб ўтганди.

Мавзуга оид