Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Репортаж: Чирчиқда туғилган сиам эгизакларига шифохонадан уйига жавоб берилди
Август ойида ўзбек шифокорлари сиам эгизакларини ажратишдек мураккаб операцияга қўл уриб, уни муваффақиятли якунлашган. Шундан кейин бир ярим ой шифохонада қолган чақалоқлар ҳозирда уйига қайтган. Kun.uz мухбири Оҳангаронда бўлиб, Фотима ва Зуҳранинг ҳолидан хабар олди, уларни ажратган профессор Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашди.
25 август куни профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги шифокорлар ноёб операция ўтказди. Улар Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида муддатидан олдин туғилган сиам эгизакларини муваффақиятли ажратиб олишди.
9 октябр куни Kun.uz мухбири 1,5 ой шифохонада бўлиб уйига қайтган эгизаклар ҳолидан хабар олди. Гувоҳи бўлдикки, қизалоқларнинг ҳолати яхши. Улар оғиз орқали ҳам овқатлана бошлашган ва аста-секин вазн тўплашяпти.
Эгизакларнинг онаси Ўғилой Абдусамадованинг айтишича, ҳомиланинг 20-22 ҳафталигида Олмалиқда скрининг текширувларидан ўтган. Унда шифокорлар қорин бўшлиғида нимадир бўртиб турганини айтиб, Тошкент шаҳрида қайта кўрикдан ўтишни тавсия қилган.
“Кейин 23-24 ҳафталигида Тошкентга скринингга бордим. Ўша пайтда сиам эгизаклар эканини билдим. Тўғриси, мен шокка тушиб қолдим.
Кейин Одил Алишеровичга (Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали шифокори – таҳр.) бордик. У фарзандларингиз ичаклари бир-бири билан бирлашган, деди. Сиам эгизакларининг кўп турлари яшамас экан, яшамайди деб ҳам айтишди. Тўғриси, мен бошқача ҳолатда эдим. Кутдим уларни. Операциядан яхши чиқди. Олдириб ташла, деганлар ҳам бўлди. Лекин катта бўлиб қолгани учун кўзим қиймади”, – дейди Абдусамадова.
Эгизакларнинг отаси Фаррух Абдусамадов ҳам айрим шифокорларнинг гапларига қарамасдан, болаларни сақлаб қолишга интилган.
“Одил Алишерович Бахтиёр Бердалиевични тавсия қилди. Бахтиёр акани бизга Худонинг ўзи етказди. Бахтиёр ака билан учраганимизда: “Авваламбор, буёғи Худодан, лекин қиламиз, бундан олдин ҳам шундай операцияни қилганман”, деди.
Туғруқ куни Тошкентдаги шифохоналарга олиб боришнинг имкони бўлмади: Бахтиёр ака 3-4 та шифохонага ўзи телефон қилди, чақалоқларни ҳеч ким олишни хоҳламади. Кейин шу ерда ўша Чирчиқнинг директори Дониёр ака (Дониёр Асадов – Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиали директори – таҳр.): “Бизда қилинг, нима шароит керак бўлса, қилиб берамиз”, деди ва бизга шароитларни яратиб берди”, – дейди ота.
25 август куни эрталаб эгизаклар ҳомиладорликнинг 33-34 ҳафтасида кесарча кесиш йўли билан олинади. Орадан 9 соат ўтиб, улар муваффақиятли ажратилади. Абдусамадовнинг сўзларига кўра, ҳозир эгизакларнинг аҳволи яхши, кесилган жойлари битяпти.
“Ўзбекистонда Бахтиёр акага ўхшаган докторлар кўпаяверсин. Чирчиқдаги докторларга гап йўқ. Чунки ўзимизда тўполон бўлди-да. Бу болани олдириб ташла, деган докторлар ҳам бўлди. “Бугун қолади, олиб ташлаймиз”, дейишди. Қандай олиб ташлайсиз, бу боланинг юраги уриб турган бўлса? Тўрт мучаси соғ. Ростини айтсам, юрагим дош бермади. Олдирмаймиз деб қаршилик қилдик”, – дейди у.
Абдусамадовларнинг эгизаклардан ташқари 1,5 ёшли қиз фарзанди ҳам бор. У ўз муддатида, соғлом туғилган. Шу тариқа, оила энди уч нафар қиз фарзандни улғайтирмоқда.
Ўзбекистонда биринчиси эмас
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашевнинг айтишича, Чирчиқдаги сиам эгизаклари операцияси Ўзбекистонда ягона эмас.
Жарроҳнинг сўзларига кўра, биринчи операция 2008 йилда Хирургия илмий-амалий марказида россиялик мутахассислар иштирокида ўтган. Аммо жарроҳлик амалиётидан кўп ўтмай, хоразмлик Ҳасан-Ҳусанлардан бири вафот этган. Навбатдаги операция 2022 йил Республика перинатал марказида қирғизистонлик сиам эгизакларида олиб борилган. Қиз эгизаклар 7 ойлик муддатда битта жигар билан туғилган. Аъзо муваффақиятли ажратилган бўлса-да, эгизакларнинг Зуҳраси 2023 йилда шамоллаб, маҳаллий шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Фотима эса айни пайтда 3 ёшдан ўтган, у соғлом, Эргашев қабулига келиб туради.
“Мана бу учинчи ҳолат, бизнинг Республика перинатал марказига мурожаат қилишди. Унда сиам эгизакларининг омфалопаг турини кўрдик: ичаклар бир-бирига ёпишиб турган эди. Ота-онасига ўзимнинг фикримни айтдим, яъни ажратиш имкони бор, лекин ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкин. Ўлим ҳолати ҳам. Улар уйида маслаҳатлашиб, болаларни сақлаб қолишга қарор қилишди.
Бизнинг марказимиз санитар тозалаш учун вақтинчалик ёпилган эди, ўшанда ҳомиланинг 34 ҳафталигида аёлда сув кетиб қолиши кузатилган ва улар менга телефон қилишди. Мен ҳозир бизлар ёпиқмиз, Чирчиқ шаҳрига мурожаат қилинг, деб айтдим.
Улар у ерга борганидан кейин марказ директори Дониёр Алишерович менга телефон қилиб, ҳомиладор аёлда ҳақиқатда сув кетаётгани ва болаларни кесарча йўли билан олиш зарурлигини айтди. Шу куни 25 август эди. Шуни ҳал қилинглар, мен ўзим бораман, дедим. Соат 10:00 ларда операцияни амалга оширишди ва мен етиб бордим. Болаларни текширганимда аҳволи оғир эди. Нафас етишмовчилик белгилари борлиги учун уларни СИПАПга олишганди. Болаларни бошқа шифохонага ўтказиш имконияти йўқ эди”, – дейди Бахтиёр Эргашев.
Унинг сўзларига кўра, йўғон ичак ҳам, сийдик қопи ҳам бирлиги мураккаб ҳолатни келтириб чиқарган.
“Йўғон ичак яна сийдик қопининг ичига очилган, жуда ҳам мураккаб ҳолат. Биз барчасини бартараф этдик, шу қон томирларини қолдириб, операцияни муваффақиятли тамомладик. У 5 соат давом этди. Мен ўзим ҳар куни ёки кунора беморлардан хабар олиб турдим. Аста-секин болалар ҳолати барқарорлашиб, улар овқатланишга ўтди. Бошида зонд орқали, кейин мустақил равишда. Болаларнинг туғилгандаги умумий вазни 3 400 грамм эди. Ҳозирга келиб ҳар бирининг вазни 2 800 граммни ташкил қилади. Болаларнинг аҳволи яхши”, – дейди шифокор.
Профессорнинг маълум қилишича, болалар 6 ойлик ёки 1 ёшга етганда ҳаёт сифатини яхшилаш учун яна бир жарроҳлик амалиётини ўтказади.
“Бунда аноректал аномалияни бир пайтнинг ўзида операция қилиш болаларга жуда оғирлик қилади. Шунинг учун биз бу операцияни кейинги босқичга қолдирдик”, – дейди у.
Бахтиёр Эргашевнинг сўзларига кўра, қизалоқлар жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланиб кета олишади, чунки улардаги мавжуд нуқсонларни бутунлай коррекция қилиш мумкин.
Профессор сиам эгизаклари вужудга келишига сабаб бўладиган омилларни санаб берди.
Унга кўра, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, экология, вируслар, ТОРЧ инфекциялар, ҳомиладорликнинг илк ҳафталаридаги стресс ҳолатлари оқибатида ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида ҳужайраларнинг бўлиниш даври бузилиши мумкин.
Шифокор олмалиқлик сиам эгизакларининг авлодида эгизаклар кўплиги, хусусан уларнинг бувиси ҳам эгизак бўлганини айтади.
Ҳомиладорликка алоҳида тайёргарлик керак
Фарзанд кўриш ниятидаги оилалар туғилажак фарзанднинг саломатлиги ҳақида аёл ҳали ҳомиладор бўлмаган пайтданоқ ўйлай бошлаши керак, дейди Бахтиёр Эргашев.
Унинг сўзларига кўра, фолий кислотаси, ёд препаратлари ва “Элевит” каби витаминлар мажмуаси ҳомиладорликка тайёргарлик босқичидаёқ фойдали бўлиши мумкин. “Мен доимо айтаман, ҳомиладор аёл умуман бошқа аёл”, дейди Эргашев.
Туғма нуқсон – ногиронлик эмас
Бахтиёр Эргашев суҳбат давомида туғма нуқсонлар ҳақида гапирди.
“Европада ҳам, бошқа ривожланган давлатларда ҳам болалар жарроҳлигининг асосида туғма нуқсонлар операцияси ётади. Туғма нуқсон дегани бу бола ногирон дегани эмас. Туғма нуқсонларнинг бор-йўғи 10 фоизи бор, ўшалар болани ногиронликка олиб келиши мумкин. Қолган 90 фоизи ўз вақтида операция қилинса, улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлади.
Бутун дунёда болалар жарроҳлигида ўтказилаётган операцияларнинг деярли 80 фоизи туғма нуқсонлардан амалга оширилади. 20 фоизи бу орттирилган бўлиши мумкин”, – дейди тиббиёт фанлари доктори.
Эргашевнинг қайд этишича, агар ҳомилада анэнцефалия (бош мия йўқлиги), Поттер синдроми (буйраклар мавжуд эмаслиги) каби фатал нуқсонлар бўлса, уларни операция қилиб тузатиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар ҳомиланинг 23-ҳафтасигача аниқланиб, тўхтатилиши керак.
Бу муддатдан ўтиб кетса, фарзанд туғма нуқсонлар билан туғилиши мумкин. “Бундай ҳолатларда охирги қарорни ота-она қабул қилади. Бизнинг ҳаққимиз йўқ уни мажбурлаб олдириб ташлашга. Айрим болаларни операция қилиш имкони бор, лекин операциядан кейин узоқ даврлик реабилитация талаб этилади. Ёки бутун умрга ногирон бўлиши мумкин. Баъзи ҳолатларда қанақа нуқсон бўлса ҳам, “олдириб ташла, олдириб ташла”, дейдиганлар бор. Мен бунга қаршиман. Ҳар битта ҳолатга индивидуал ёндашиш керак”, – дейди шифокор.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда учраган бир ҳолатда ҳомиланинг 28 ҳафталигида Даун синдроми топилган.
“Аслида бу жуда кеч, 23 ҳафтагача бу каби нуқсонларни аниқлаш керак. 28 ҳафтада аниқладик. У тирик-ку, тўхтатиб қўймайсиз, бу жиноят. Энди у туғилиши керак. Нима учун скрининг текширувларида эрта аниқланмаган, деган саволни қўйиш керак”, – дейди Бахтиёр Эргашев.
Профессор сиам эгизакларга хавф сифатида қарамасликни тушунтирди. Шундай чақалоқлар туғилса, уларни операция қилиш имкониятларини кўриб чиқиш ва скрининг текширувларини яхши йўлга қўйиш керак, дейди у.
Шаҳзод Ўроқбоев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:40 / 07.11.2025
Абаканда оғир аҳволга тушган она ва 3 фарзанди ватанга қайтарилди
17:43 / 03.11.2025
Никоҳдан ажралишларнинг асосий сабаби феъли тўғри келмаслиги экани маълум бўлди
20:49 / 23.10.2025
Олмалиқда мураббий болаларни калтак билан «тарбиялаб» келган. У бу иши учун узр сўради
16:49 / 14.10.2025