Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сицилиядаги шаҳар кўчки туфайли жар ёқасига келиб қолди
«Гарри» циклони туфайли юз берган кучли ёмғирдан сўнг, шаҳарда кўчки содир бўлди. Оқибатда юзлаб уйлар том маънода жар ёқасига келиб қолди.
Фото: Fortunato Serrano / AGF / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Италиянинг Сицилия оролидаги Нишеми шаҳри том маънода жар ёқасига келиб қолди. Январь ойида «Гарри» циклони туфайли юз берган кучли ёмғирдан сўнг, шаҳарда кўчки содир бўлди. Оқибатда 1600 нафардан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, юзлаб бинолар жар ёқасида қолди. Шаҳарда жами 25 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.
Хавфли ҳудудда 880 та бино бор: 201 таси кўчки чизиғидан 50 метргача, 240 таси 50 дан 100 метргача, 439 таси 100 дан 150 метргача масофада жойлашган.


Кўчки оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмади. Эвакуация қилинган уйларнинг аҳолиси қариндошлариникига кўчиб ўтди, баъзилари спорт аренасига, мини-меҳмонхоналарга, энг кексалари эса қариялар уйларига жойлаштирилди.
Нишемидаги кўчки чегараси 25 январ куни ҳаракатлана бошлади. Тўрт километр узунликдаги ёриқ пайдо бўлди, у кенгайишда давом этмоқда.


«Ҳаммаси бир неча дақиқада содир бўлди, - деди хавфли ҳудудга тушиб қолган уйлардан бирида яшовчи 70 ёшли Салватрис Диска. - Электр ўчиб қолди, бир неча дақиқадан сўнг полиция эшикни тақиллатди. Улар бизга дарҳол кетишимизни, ҳамма нарсани ташлаб, фақат энг зарур нарсалар - бир нечта адёл ва дори-дармонларни олиб кетишимизни айтишди. Бир ҳафта давомида ювиниш, кийим алмаштиришнинг ҳам иложи бўлмади».
Кўчки юз берган ҳудудда қулаш 1997 йилда содир бўлган. Шунда оммавий эвакуация ўтказилган. Аммо шундан бери шаҳарни ҳимоя қилиш учун ҳеч нарса амалга оширилмаган. Нишемидан бир неча километр узоқликда жойлашган Жел шаҳри прокуратураси кўчки ҳодисаси бўйича тергов бошлади. Идора вакиллари масъулиятсизликда айблов қўйишлари мумкинлигини истисно қилмади - аммо ҳозирча гумонланувчилар йўқ.


«Гарри» циклонидан сўнг Италия ҳукумати мамлакатнинг жанубий ҳудудларида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кучли шамол, ёмғир ва баландлиги 15 метргача бўлган тўлқинлар портлар ва йўлларни вайрон қилган Сицилиядан ташқари, Калабрия ва Сардиния ҳам зарар кўрди. Вайронагарчиликларнинг умумий зарари 2,5 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
21:33 / 31.03.2026
Италия АҚШнинг Яқин Шарққа учаётган самолётлари Сицилияга қўнишига рухсат бермади
08:56 / 30.03.2026
Италиядаги музейда йирик ўғирлик: уч шоҳ асар йўқолди
10:21 / 26.03.2026
Италия ўзбекистонликларни мавсумий ишга қабул қилади
21:59 / 24.03.2026