Спорт | 11:54 / 07.10.2025
23403
2 дақиқада ўқилади

ОФК ЎФАни 340 минг доллар жаримага тортди

Бунга Ўзбекистон – Қатар учрашувида бир қатор регламент бузилишлари қайд этилгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон футбол ассоциациясини жаримага тортди. ОФК расмий сайтида хабар берилишича, тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон футбол ассоциациясини иккита ҳолат бўйича жами 340 минг доллар миқдорида жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқарган.

Бунга 10 июн куни ЖЧ-2026 саралаши доирасида Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ва Қатар учрашувида бир қатор қоидалар бузилгани сабаб сифатида келтирилган. Хусусан, ўйиндан кейин Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг рухсатисиз ёпилиш маросимини ташкил қилган.

Маросимда футболчиларни мукофотлаш учун ажратилган BYD автомобиллари майдонга олиб чиқилганди. Бу билан ЎФА маркетинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ОФК ва унинг тижорат ҳамкорларини қўллаб-қувватламаган ва «амбуш-маркетинг» ҳолатларининг олдини олмаган деб топилган.

Шунингдек, ЎФА ОФКга расмий тадбирлар, жумладан, матбуот анжуманлари ва интервюлар ўтказишда ҳам зарур ёрдам кўрсатмагани учун жазоланган.

Қайд этилишича, ОФК мезбонлардан стадион ҳудудида, майдон ичида ва атрофида ўз ҳомийлари брендларидан бошқа брендлар бўлмаслигини қатъий талаб қилади. Чунки, ОФК ЖЧ саралаш ўйинлари учун ҳар бир мезбон жамоага пул тўлайди.

Бундан ташқари, ОФК 2228 июл кунлари бўлиб ўтган «Мираброр Усмонов хотираси кубоги-2025» халқаро турнирини ташкил этишда қоидабузарлик ҳолатини қайд этган. Ассоциация мусобақани авторизация қилиш учун кеч сўров юборган, бу такрорий даврда еттинчи қоидабузарлик бўлган.

Ушбу эпизод бўйича ОФК футбол ассоциациясини 1500 доллар жаримага тортди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид