Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда 25 ёшли йигит сел оқизиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди
Ҳодиса 19 май куни Деҳқонобод туманида содир бўлган. 25 ёшли йигит тушдан сўнг қўйларини боқиш мақсадида чиқиб кетган. Кечга яқин унинг мурдаси сел билан оқиб келган.
Сунъий интеллект яратган сурат
Қашқадарё вилоятида сел оқизиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳодиса Деҳқонобод туманида содир бўлган. 19 май куни соат 20:20 да туман ИИБ навбатчилик қисмига Янги ҳаёт маҳалласи Қурилиш қишлоғидаги дарёдан сел билан бирга нотаниш эркак мурдаси оқиб келгани ҳақида хабар келиб тушган. Туман прокурори раҳбарлигидаги тергов-тезкор гуруҳи ҳодиса жойига етиб борган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ҳалок бўлган йигит 2001 йилда туғилган О.Ш. экани аниқланган.
Марҳумнинг яқинларига кўра, О.Ш. 19 май куни соат 15:00 ларда қўйларини боқиш учун чиқиб кетган. У соат 18:00 га қадар қайтиб келмаган. Ўша вақтда қишлоқда кучли ёмғир ёғиб, сел келган. Орадан бир қанча вақт ўтиб, йигитнинг мурдаси сувда оқиб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ФВВ ахборот хизматига кўра, 19 май куни Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Яккабоғ, Деҳқонобод ва Шаҳрисабз туманларида кучли ёғингарчиликлар кузатилган. Сел тошиши оқибатида Қамашида ички йўл, Яккабоғда эса кўприк маълум муддат ёпилган.
Мавзуга оид
18:52
Ҳафта охирида Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида сел келиши мумкин
11:44
“Талафотлар дрон орқали ўрганиляпти” – Навоийда сел оқибатлари
18:48 / 21.05.2026
Навоийда кучли сел келди. Талафотлар бор
11:45 / 18.05.2026