Жаҳон | 15:29 / 02.06.2024
14047
8 дақиқада ўқилади

Панамерика шоссесидан Транссибир магистралигача – дунёнинг энг узун йўллари қаерда жойлашган?

Бугун темирйўл ва ҳаво транспорти юксак тараққий этгани билан энг муҳим транспорт йўналиши автомобил йўллари бўлиб қолмоқда. Дунё бўйлаб йўловчилар ва юкларнинг асосий қисми автомобил йўллари орқали ташилмоқда. Автомобил йўлларининг мамлакат иқтисодиётида ўрни беқиёс. Шу сабабли ҳам аксарият давлатлар йўлларнинг сифатига жуда катта эътибор беришади.

Ўзбекистон ҳудудидаги энг узун йўл Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов ҳисобланади. Кейинги ўринда М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўли. Бу йўл аслида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан бошланади ва унинг умумий узунлиги 1,5 минг км атрофида.

Йўлларнинг собиқ иттифоқ давридаги номлари ва рақамлари фақат Ўзбекистонда сақланиб қоляпти. Атрофимиздаги бошқа давлатлар уларни қайта номлаган ва рақамлаган. Масалан, М-34 Тошкент-Душанбе йўлининг Тожикистондан ўтган қисми анчадан буён Душанбе-Хўжанд-Чаноқ йўли деб аталади.

Шунингдек, Қозоғистон ҳам ўз ҳудудидан ўтган халқаро йўлларни мустақиллик йилларида тўлиқ қайтадан рақамлаб чиқди. Масалан, биз М-39 деб атайдиган Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Қозоғистон ҳудудидан ўтган қисмини қўшниларимиз А-2 (халқаро автомобил йўли) деб қайта рақамлашган.

Ўзбекистон ҳудуди унча катта эмас, шу сабабли биздаги йўллар дунёнинг узун йўллари рўйхатига кирмайди. Бундай йўллар асосан катта ҳудудга эга бўлган Россия, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Канада ва Аргентина каби йирик давлатларда жойлашган

Панамерика шоссеси, АҚШ

Панамерика шоссеси дунёдаги энг узун йўл ҳисобланади. Бу йўл Канададан бошланади ва Ғарбий яримшарда жойлашган 20 та давлат ҳудудидан ўтиб Жанубий Америкадаги Аргентинага боради.

Ушбу йўл лойиҳаси 1923 йилда тайёрланган. Ўша пайтда АҚШда автомобил йўллари бирмунча ривожланган, бошқа давлатларда ҳам уларни қуриб, йўлларни бирлаштириш лозим бўларди.

Асосий қурилиш ишлари Иккинчи жаҳон урушидан кейин бошланади ва йўлнинг Канададан Мексикагача бўлган қисми 1950 йилда фойдаланишга топширилади. Марказий ва Жанубий Америкадаги қисми эса АҚШ ёрдамида кейин қурилади.

Ҳозирги кунда умумий узунлиги 48 000 километрга етадиган Панамерика шоссеси дунёдаги энг узун транспорт маршрути ҳисобланади.

Шоссе 1, Австралия

Шоссе 1 автомобил йўли Австралия қитъасини тўлиқ айланиб чиқади

Гарчи Австралиядаги йўлнинг рақами 1 бўлса ҳам у дунёдаги биринчи рақамли йўл эмас. Мазкур йўл 20-асрнинг биринчи ярмида қурилган. Йўлнинг узунлиги 14 500 километрни ташкил этади.

1955 йилда унга миллий автомагистрал мақоми берилган. Йўлнинг давоми 1998 йилгача қурилган. Бу йўлдан ҳар куни бир миллион одам одам ўтиб қайтади.

Шоссе 1 Австралия ҳудудининг четлари бўйлаб ўтган ва бутун қитъани қамраб олади. Шоссе 1 Австралиядаги барча йирик шаҳарларнинг ичидан ёки атрофидан ўтади. Фақат мамлакат шимолидаги Дарвин шаҳри йўлдан бироз четда қолади.

Транссибир магистрали, Россия

Транссибир магистрали Россиянинг энг ғарбий қисмида жойлашган Санкт-Петербургдан Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳригача боради. Бу йўлнинг узунлиги 11 000 км.

Бу магистрал таркибига кирувчи йўллар турли йилларда қурилган. Санкт-Петербург атрофидаги йўллар 19-асрда, Сибир ва Узоқ Шарқдаги йўллар эса 20-асрнинг иккинчи ярмида қурилган. Сўнг бирлаштирилиб Транссибир магистрали номи берилган.

Транссибир шоссеси таркибига жами еттита федерал магистрал киради. Улар орасида энг узуни Чита ва Хабаровск шаҳарларини боғловчи М-58 магистрал йўли ҳисобланади.

Транс-Канада шоссеси, Канада

Транс-Канада шоссеси қурилиши 1950 йилда бошланган ва 1971 йилда у фойдаланишга топширилган. Йўлнинг умумий узунлиги 7 821 км.

Канадаликлар бу йўл қурилишига ўша пайтда 1 млрд доллар атрофида маблағ сарфлашади.

Транс-Канада шоссеси мамлакат ғарбидаги Британия Колумбияси провинциясидан бошланади. Сўнг ўнта провинция ҳудудидан ўтиб Канада шарқидаги Нюфаундленд оролида жойлашган Сент-Жонс шаҳригача давом этади.

Шоссе Канададаги барча йирик шаҳарлар атрофидан ўтиб, уларни ўзаро боғлайди.

Олтин йўл, Ҳиндистон

Ҳиндистондаги йўлнинг номи аслида Тўрт томонлама олтин йўл бўлиб, уни қисқартириб Олтин йўл деб аташади. Бу йўл қурилиши 2001 йилда бошланган ва 2012 йилда фойдаланишга топширилган.

Йўл тўрт қаторли қилиб қурилган. Унинг қурилишини тўртта компания амалга оширган ва ҳукумат қарийб 10 млрд доллар сарфлаган. Йўлнинг узунлиги 5 846 км.

Йўлни Ҳиндистон транспорт вазирлиги қошидаги йўлларни назорат қилиш миллий бошқармаси назорат қилади.

Олтин йўл Ҳиндистоннинг тўртта йирик шаҳри – Деҳли, Мумбай, Ченнаи ва Калкуттани ўзаро боғлайди.

Хитой миллий шоссеси

Хитой миллий шоссеси бошқа давлатлардаги узун йўллардан фарқли равишда тезюрар автомагистрал ҳисобланади.

У Хитой шимолий-шарқидаги Тунцзян шаҳридан бошланади ва мамлакат жанубидаги Хайнан (Хайнан ороли) провинциясида жойлашган Саня шаҳригача боради.

Хитой миллий шоссеси мамлакатнинг турли ҳудудларини ўзаро боғлайдиган 12 та йирик шосседан бири ва улар орасида энг узуни ҳисобланади. Шоссенинг узунлиги 5 700 км.

Хитой миллий шоссесининг қурилиши бошқа магистрал йўллар билан бирга 2000-йилларда бошланиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.

20-йўл, АҚШ

20-йўл деб номланадиган автомагистрал АҚШ шарқидаги Массачусетс штатида жойлашган Бостон шаҳридан бошланади. Мамлакатнинг ўртасидан ўтиб унинг ғарбий чеккасигача боради ва Орегон штатидаги Нюпорт шаҳригача давом этади.

Бу йўл илк бор 20-аср бошларида қурила бошланган ва 1926 йилда фойдаланишга топширилган. 1940-йилларда кенгайтирилган ва 20-асрнинг иккинчи ярмида тўлиқ битказилган.

20-йил АҚШдаги йирик магистрал йўлларнинг энг узуни ҳисобланади. Унинг узунлиги 5 415 км (3 365 мил). Умумий ҳисобда 20-йўл ўн иккита штат ҳудудидан ўтади.

6-йўл, АҚШ

Бу йўлни Америкада Республика буюк армияси шоссеси деб аташади. У жаҳонда саккизинчи ўринда, АҚШда эса 20-йўлдан сўнг иккинчи энг узун йўл ҳисобланади. Унинг узунлиги 5 158 км.

6-йўл ҳам 20-йўлга ўхшаб АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидан, Массачусетс штатидаги Провинстаун шаҳридан бошланади. Сўнг 14 та штат ҳудудидан ўтиб АҚШ ғарбида жойлашган Калифорния штатидаги Бишоп шаҳригача боради.

Бу йўлнинг Республика буюк армияси шоссеси деб ном олишига 1860-йилларда бўлиб ўтган фуқаролар уруши пайтида ундан Республикачилар армияси фойдалангани сабаб бўлган.

1920-30 йилларда йўл кенгайтирилиб, унга асфалт ётқизила бошланган. 1920-йилларда бу йўл Рузвелт шоссеси (Теодор Рузвелт шарафига), 1930-йилларда Мидленд-Трейл шоссеси деб номланган. Кейинчалик йўл миллий магистраллар рўйхатига киритилиб, унга олтинчи рақам берилган.

90-автомагистрал, АҚШ

90-автомагистрал ҳам худди 20-йўл ва 6-йўл каби АҚШ шарқидан ғарбигача чўзилиб кетган. Фақат мамлакатнинг марказий қисмидан эмас, шимолий қисми бўйлаб ўтади.

Автомагистрал Массатусетс штатидаги Бостон шаҳридан Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳригача боради. Йўлнинг узунлиги 4 860 км бўлиб, унинг асосий қисми пулли.

Бу йўлнинг айрим қисмлари 20-асрнинг биринчи ярмида, қолгани Иккинчи жаҳон урушидан кейин 1950-йилларда қурилган. 1985 йилда автомагистрал тўлиқ қуриб битказилган.

80-автомагистрал, АҚШ

80-автомагистрал ҳам АҚШнинг шарқий қисмларини ғарби билан боғлайди. У Калифорния штатидаги Сан-Франциско шаҳридан бошланиб, Ню-Жерси штатидаги Тинек шаҳригача боради. Йўлнинг узунлиги 4 666 км.

Бу йўл Америкада кўпроқ Христофор Колумб шоссеси номи билан машҳур. Машҳур сайёҳ шарафига унга норасмий тарзда шу ном берилган.

80-автомагистрали 1956 йилда қурила бошланган. Унинг сўнгги қисми, Солт-Лейк Сити яқинидан ўтган қисми 1986 йилда қуриб битказилади. Йўл жами 11 та штат ҳудудидан ўтади.

АҚШдаги биринчи йўл – 19-асрда қурилган Линколн шоссеси 80-автомагистралининг бир қисми ҳисобланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид