Жамият | 12:26 / 10.05.2026
3685
6 дақиқада ўқилади

 “Характер тўғри келмади” – оилавий ажримларнинг ҳақиқий сабаблари қаерда?

Расмий статистика оилавий ажримлар сони ортганини кўрсатмоқда. Лекин рақамлардан ҳам хавотирлироқ жиҳатлар бор. Хўш, ажримларга нима сабаб бўляпти? Чиндан ҳам кўпчилик “характер тўғри келмаётгани” учун ажрашяптими? Ёки оила бузилиши кўпроқ учинчи шахс аралашуви туфайлими? Kun.uz соҳа мутахассисларига микрофон тутди.

Характер мос келмади” – жавобми ёки жавобдан қочиш?

Ўзбекистонда 2025 йил ҳолатига кўра ҳар 1000 та оиланинг 175 таси ажрашган. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда ажримларнинг 54 фоизи “характерлар тўғри келмаслиги” ортидан юз бергани қайд этилган. Психология фанлари доктори, профессор Хўжагелди Алимовга кўра, бу ибора кўп ҳолларда аниқ сабабларни тушунтириш ўрнида қўлланмоқда:

“Характер бу ажралишга арзийдиган сабаб. Куёвдан характер ўзи нима деб сўрасак, жавоб бера олмайди. Келин ҳам жавоб бера олмайди. Уларга ўзингиз билмаган нарса сабабли ажралиш кулгили эмасми деймиз.

Ўша характерлар тўғри келмайди деган сўзнинг замирида ўзлари ҳам гоҳида англамаган сабаблар ётади ва мана шу характерлар тўғри келмади деган ибора билан ўша ўзлари кўрмаган сабабларни ёпиб қўйишади.

Аввалги муомала, боболаримиз давридаги психология қарийб йўқолди ва оилага бўлган муносабат анчагина ўзгарди”.

Ажримни қийинлаштириш ечимми?

Оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида яраштириш муддатини 6 ойдан 1 йилгача узайтириш таклифи илгари сурилди. Бироқ ҳуқуқшунослар бу масалага бир томонлама ёндашмаслик кераклигини таъкидлайди. Юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова таъкидлашича, ажрашишлар фақат ёшлар ўртасида эмас, балки катта ёшдагилар орасида ҳам кўп учрамоқда:

“Бир томондан қараш керак эмас, фақатгина ёшлар эмас, неваралилар ҳам ажрашяпти. Ажримлар бўйича 40 000 дан ошиқ мурожаатлар бор. Буларга нима бўляпти десангиз, учинчи шахс аралашуви чиқиб қоляпти. Учинчи шахс ким? Ёшлар айтади: “қайнона-қайнота”. Ёши катталардан сўрайдиган бўлсангиз: “турмуш ўртоғим ёш хотин хоҳлаб қолибди” деган тушунчалар келиб қоляпти. Уларга кетма-кет яраштириш муддат беришяпти, аслида умуман бирга яшашмайди. Келин кетганига уч-тўрт йил бўлган, боласи билан онасининг уйида яшайди. Кимнингдир уйида ишлайди, зўрға пул топади. Эркак ҳам алимент тўламайди, ҳам қарамайди, бошқа билан яшайди”.

Шу билан бирга, расмий статистикага кирмаган ҳолатлар, яъни расман ажрашмаган, лекин алоҳида яшаётган оилалар сони ҳам анча кўп. Агар улар ҳам ҳисобга олинса, вазият янада жиддий кўриниш олиши мумкин.

Муҳиддиновага кўра, ажрашишни сунъий равишда кечиктириш ҳар доим ҳам ижобий натижа бермайди. Айрим ҳолатларда бу оғир оқибатларга, ҳатто фожиаларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашув зарур.

Судларда “формал ёндашув” муаммоси

Амалиётчи ҳуқуқшунос Ирода Қаҳҳорова ажрим ишларида тизимли муаммолар борлигини таъкидлади.

“Биринчи ўринда бизда судяларда иш ҳажми жуда катта. Айниқса фуқаролик йўналишида ишлайдиган судялар бир кунда элликталаб иш кўришади. Шу сабаб улар ҳар битта ишга индивидуал ёндашмайди. Бунга яна битта нарсани келтиришим мумкинки, бизнинг қонунчилигимизда оилаларни, яъни никоҳни бекор қилиш жараёни фақатгина ўша моддаларимизда ёзилгандек қилиб кўришади.

Аслида шу оила нега ажрашаётгани, нега шу жараёнга етиб келгани эмас, биз фақат оқибатини кўриб чиқамиз холос. Шунгача етиб келган жараён-чи? Балки оилада зўравонлик бўлгандир, балки ҳақиқатан характерлар тўғри келмагандир. Ҳеч нарса кўрилмайди. Бизда асосан никоҳнинг неча йил давом этгани, фарзандлар нечталиги, низолар бўлган-бўлмагани, ҳимоя ордери олган-олмагани каби саволлар холос.

Ҳаммада ҳам ҳуқуқий саводхонлик етарли эмас. Улар ҳар доим ҳам ҳимоя ордери олиш кераклигини, қаергадир мурожаат қилиш кераклигини билишмайди. Билганлар ҳам маҳалла-кўй дейди, уялади. Майли кўчага чиқмасин жанжалимиз, дейди. Шу билан ичига ютиб юради.

Ўзбек аёллари сабрли, анча йиллардан бери чидаб келаётган ҳолатлар бўлиши мумкин. Амалиётдан бир ҳолатни айтаман. Ҳимоя ордерлари олинган, зўравонлик факти тасдиқланган ҳолатда суд никоҳни бекор қилишни рад этди. Бўлмаса қонунчилигимизда бор, зўравонлик факти тасдиқланса, муддат бермасдан ажрашиш керак. Лекин биз ҳозир энди апелляцияга бердик. Аммо ўша жараён ҳақиқатда борлигини кўриб туриб ҳам судялар оилани сақлаб қолишга ҳаракат қиляпти. Нега? Чунки оилани сақлаб қолиш бизда приоритет даражасига қўйилган. Тўғри, қайсидир ҳолатларда оилани сақлаб қолишимиз керак, болалар етим бўлмаслиги лозим. Чунки болаларга бу руҳий тарафдан зарба бўлади. Тарозини тўғри қўя олиш керак. Баъзи ҳолатда оилани сақлаб, ҳар куни отаси онасини уриб турган вазиятни кўрганда фарзанд яхши яшайдими? Ёки молиявий тарафдан етишмовчилик орқасидан жанжал ҳолатида бола ўқишини ўйлай оладими? У фақат хаёлида бугун уруш бўлмасин, бугун жим яшайлик, бугун овқатимиз бўлармикин, билан яшайди. Бундай оилада ўсиб-унган ёш авлод эртага жамиятга қанақа ёрдам беради? Бизда ўша охирроғи, узоқроғи кўрилиши керак”.

Қаҳҳоровага кўра, ажримларда индивидуал ёндашув ва қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдирадиган нормалар киритиш керак.

Болалар — асосий жабрланувчи

Мутахассислар ажримларда энг катта зарарни болалар кўраётганини таъкидлайди. Ота-оналар ўртасидаги низоларда болалар баъзан “қурол”га айлантирилади – уларни кўрсатмаслик, алимент орқали босим ўтказиш ҳолатлари учрайди. Бундан ташқари, оилавий жанжаллар муҳитида ўсган болаларнинг психологиясига жиддий таъсир кўрсатилиши қайд этилмоқда. Бу эса келажакда янги ижтимоий муаммоларга олиб келиши мумкин.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид