Ўзбекистон | 18:41 / 28.03.2026
2867
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон расмийлари ва муфтий Швеция парламентида диний соҳадаги ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Мусулмонлар идораси раиси шайх Нуриддин Холиқназар ва Диний қўмита расмийси Даврон Мақсудов Швеция парламентида чиқиш қилди. Улар Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш йўлидаги ўзгаришлар ҳақида гапириб, хорижлик мутахассислар билан «қизғин савол-жавоблар» ўтказган.

Жорий йил 24 март куни Швеция парламентида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда бағрикенглик, миллатлараро ҳамжиҳатлик борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Стокҳолмдаги тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов ва Ўзбекистондаги диний конфессия етакчилари, элчихона вакиллари қатнашди. Швеция томонидан парламент аъзолари ва бошқа расмийлар иштирок этган.

«Тақдимотда давлатимиз томонидан диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстликни янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар, ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ҳамда илгари сурилган эзгу ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганига урғу қаратилди», дейилади диний идора хабарида.

Шунингдек, семинарда Ўзбекистонда сўнгги йилларда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу йўлда аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.

Мусулмонлар идорасига кўра, семинар хорижлик мутахассислар ва иштирокчилар билан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтган, лекин, диний идора тадбирда кўтарилган саволлар ва масалаларга ҳақида маълумот бермаган.

Бундан ташқари, 24 март куни иккита алоҳида учрашувлар бўлиб ўтди. Дастлаб Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Динлараро мулоқот бўйича махсус вакили, элчи Кристиан Камил ҳамда вазирликнинг Марказий Осиё ва Яқин Шарқ йўналиши масъуллари билан мулоқот ўтказилди.

Унда Ўзбекистон расмийлари «мамлакатда «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар, динлараро бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берган».

Швеция томони Ўзбекистоннинг турли конфессиялар вакиллари учун ягона оила муҳитини яратиш ва минтақа давлатларини бирлаштиришдаги етакчилик ролини юқори баҳолаб, диний соҳадаги очиқ ва эркин мулоқотга тайёрлигини билдирди.

Иккинчи мулоқотда эса Швеция Парламенти вице-спикери Юлия Кронлид билан учрашув ўтказилган. «Мулоқот чоғида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда эътиқод эркинлигини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган тарихий ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Швецияда истиқомат қилаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг «маънавий эҳтиёжларини таъминлаш, уларга соф ислом маърифатини етказиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Швециянинг тегишли ташкилотлари ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи» муҳокама қилинди.

Стокҳолмдаги масжид имоми ва ватандошлар билан учрашув

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек Стокҳолмдаги «Зайд ибн Султон ал-Наҳайён» масжид-мажмуасида Швеция диний пешволари билан ҳам учрашув ўтказган.

Диний идорага кўра, муфтий бошчилигидаги суҳбат швецияликларда қизиқиш уйғотган. «Айниқса, юртимиз масжидларида мўмин-мусулмонлар учун қилинган шароитлар, турли ҳудудларда Қуръон курслари фаолият кўрсатаётгани, минтақада ягона бўлган Фатво маркази хизмат кўрсатиши, имомлар ва қориларнинг хориж сафарлари швециялик соҳа вакилларида катта қизиқиш уйғотди», дейилади хабарда.

Муфтий швецияликларни янги қурилган Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий масжид-мажмуаси билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.

«Ал-Наҳайён» масжиди бош имоми Маҳмуд Халфий эса Ўзбекистоннинг тарихи буюклиги, бу диёрдан етишиб чиққан мутафаккирлар дунё ривожига улкан ҳисса қўшгани, бугун ҳам бу диёр тараққий этаётганини эътироф этган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси сафари доирасида 25 март куни Швеция, Норвегия ва Данияда ўқиш ва иш билан бўлиб турган 200 нафардан зиёд ватандошларимиз билан ҳам учрашув ташкил қилинди.

Тадбирда Швециядаги ватандошлар жамоаси томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, хусусан, миллийликни сақлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, спорт мусобақалари ва таълим-тарбия ишлари тўғрисида тақдимот қилинди. Муфтий Ватан ва унга бўлган муҳаббат ҳақида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва мўътабар манбалар асосида маъруза қилиб берган.

«Шунингдек, бугунги мураккаб ва қалтис даврда ҳар қачонгидан ҳам огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш зарур бўлаётгани, ҳар қандай диний масалада савол ёки мурожаатлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво марказига боғланиш бўйича маълумотлар берилди», дейилади идора хабарида.

Идора хабарига кўра, «асли ўзбекистонлик ватандош – фан доктори Муҳиддин Ширинов Собиқ иттифоқ даври билан бугунги кунни қиёсланса, жуда катта ўзгаришлар бўлгани, хусусан, Швеция парламентида чиқиш қилиш ҳам Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги нуфузи ортиб бораётганига бир мисол бўлишини» таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси томонидан ватандошларнинг илм-фан, маданият, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, спорт соҳасидаги ютуқлари юқори баҳоланди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид