Иқтисодиёт | 09:30 / 24.10.2019
42846
3 дақиқада ўқилади

Ўртача даромад бўйича юқори кўрсаткичлар қайд этилган вилоятлар маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг январь-сентябрь ҳолатига аҳоли умумий даромадлари 251,8 трлн. сўмни, номинал ўсиш суръати 22,3 %ни ташкил этди.

Давстатқўм хабарига кўра, аҳоли даромадлари бўйича реал ўсиш суръатларини ҳисоблашда нарх омиллари таъсирини чиқариб ташлаш мақсадида инфляция кўрсаткичларининг асосий турларидан бири - истеъмол нархлари индексидан (ИНИ) фойдаланилади. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 7,1 %ни ташкил этди. 

2019 йилнинг январь-сентябрь ҳолатига аҳоли жон бошига умумий даромадлари 7,5 млн. сўмни, номинал ўсиш суръати 20,0 %ни, реал ўсиш суръати эса 5,2%ни ташкил этди. 

Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида (14,7 млн сўм) ҳамда Навоий (11,6 млн сўм), Бухоро (9,4 млн сўм) ва Хоразм (7,9 млн сўм) вилоятларида қайд этилганлиги кузатилди. 

Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (5,4 млн сўм) ҳамда Наманган (5,9 млн сўм) ва Фарғона вилоятларида (5,8 млн сўм) қайд этилди. 

Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Тошкент шаҳри (12,2 %) ва Андижон вилоятига (7,1 %) тўғри келади. Шунингдек, Навоий (6,9 %), Қорақалпоғистон Республикаси (6,6 %), Сирдарё (5,6 %) ҳамда Наманган (5,7 %) вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиши республика даражасидан юқорини ташкил этган. 

Аҳоли умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 69,5 % улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 25,1 %ни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган. 

Ҳудудларнинг аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг (ёлланиб ишловчиларнинг иш ҳақи ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) энг юқори улуши Навоий (83,4 %) вилоятида кузатилди. Аксинча, Тошкент шаҳри, Хоразм, Қорақалпоғистон Республикасида, Самарқанд, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди. Шунингдек, Хоразм вилоятида трансфертлардан олинган даромадлар аҳоли умумий даромадларига нисбатан 30 %дан юқори улушни ташкил этди. 

Мавзуга оид