Ўзбекистон | 15:19 / 09.10.2025
6593
2 дақиқада ўқилади

Ёшларга “2+6” дастури асосида субсидия ажратилади

Ҳукумат қарори билан, ўқув марказида чет тилини ўрганмоқчи бўлган ёшларга ойига 400-800 минг сўмдан субсидия ажратиладиган бўлди. Талабгорлар ўрганаётган тилини минимал даражада бўлса ҳам билишини тасдиқловчи сертификатга эга бўлиши ва ўқув курсининг дастлабки 2 ойини тўлиқ ўз ҳисобидан тўлаши керак, ана шунда давлат фақат кейинги 6 ойгача бўлган ўқиш пулининг бир қисмини қоплаб беради. Субсидия бир йилда кўпи билан 20 минг кишига берилади.

Ҳукумат қарори билан, “Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

"2+6" дастури белгиланган хорижий тилларни билиш бўйича баллнинг (даражанинг) камида минимал кўрсаткичли сертификатига эга бўлган ариза берувчи ўқув маркази томонидан унга хорижий тилни ўқитиш хизматини кўрсатгани учун дастлабки 2 ойлик ўқиш харажатини ўз ҳисобидан тўлаганда, кейинги 6 ойгача ўқиш харажатини давлат қоплаб беради.

"2+6" дастурига мувофиқ, ёшларга ҳар ой якуни бўйича қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:

🔹 Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 2 бараваригача; 
🔹 Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 1,5 бараваригача; 
🔹 туман (шаҳар)ларда – БҲМнинг 1 бараваригача.

Субсидия Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратилади.

Агентлик томонидан 2025–2026 йилларда ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган 20 минг нафаргача, 2031 йилга қадар ҳар йили 20 минг нафаргача ёшларга ўқиш харажатлари учун субсидия ажратилади.

Бунда тегишли йилда субсидия ажратилган ёшлар сони 20 минг нафардан ошган тақдирда, ўша йил учун субсидия ажратиш кейинги йилга қадар тўхтатилади.

Ариза берувчиларнинг хорижий тилни ўқитиш харажати учун:

▪️ ўқув марказларининг рейтингини шакллантириш учун белгиланган тартибда электрон платформа орқали рўйхатдан ўтган;
▪️ ариза берувчиларнинг ўқув машғулотларида қатнашганини  кунлик электрон назорат қилиш имконини берувчи электрон платформага интеграция қилинган ўқув марказларига "2+6" дастури доирасида субсидия ажратилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид