Ўзбекистон | 09:05 / 15.06.2020
144744
14 дақиқада ўқилади

Карантин қонунсизлик дегани эмас: жарима майдонига қўйилган автомобиллар қўйиб юборилиши керак

Карантин 1 августгача узайтирилиб, 15 июндан яна қатор енгилликлар берилди. Бироқ Республика комиссияси белгилаган янги чора-тадбирлар орасида аввалроқ карантин қоидаларини бузгани учун жарима майдонига қўйилиб, карантин тугагунига қадар ушлаб турилиши лозим бўлган автомашиналар ва уларнинг эгалари тақдирига оид бирор янгилик айтилмади.

Маълумки, карантин вақтида стикерсиз ёки рухсат этилмаган вақтларда транспорт воситаларидан фойдаланган шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан маъмурий жарима қўлланмоқда.

Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг 4 апрелдаги қарорига асосан, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарларнинг транспорт воситалари ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан карантин даврида ушлаб турилиши белгиланди.

Халқ қабулхоналарида ҳам ҳал бўлмаётган мурожаатлар

Куни кеча Telegram`даги расмий саҳифамизда берилган эълонга мувофиқ, ҳолат бўйича таҳририятга кўплаб мурожаатлар келиб тушди.

Қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз.

Ургут туманида яшовчи Фахриддин Нажмиддинов ўз бошидан ўтган воқеани қуйидагича сўзлаб берди:

«Онам касал, доимий дори-дармон билан парваришлаймиз. Яшаш манзилим атрофида аптека йўқлиги сабабли туман маркази томон ҳаракатландим. Йўлда мени ЙПХ ходимлари тўхтатиб, Ургут тумани «қизил ҳудуд»га киритилганини айтиб, мендан ҳаракатланиш учун махсус стикер талаб қилишди.

ЙПХ ходимлари хужжатларимни олиб маҳалла нозирига беришди, нозир ўзини таништириб ҳам ўтирмай, менга карантин қоидаларини бузгансан, деб маъмурий баённома расмийлаштирди. СЭСдан ҳеч ким йўқ эди. Автомашинамни жарима майдонига қўйилгани ҳақида менга ҳеч қандай топшириш-қабул қилиш далолатномасиям беришмади. Ҳатто маъмурий баённомани расмга туширганиям қўймади.

Хуллас, менга ортиқча тушунтириш бериб ўтирмай, машинамни олиб қўйиб, ўзимни кўчага чиқариб юборишди».

Тошкентлик Илёс исмли фуқаро қуйидагича ҳикоя қилади:

«Карантин вақтида тегишли рухсатномасиз машина бошқарган эдим, машинам олиб қўйилиб, Чорсудаги жарима майдончасига қўйилди. Жарима пулини тўлашга имконим йуқ. Машинам арендага олинган эди. Жарима пулини тўлолмай турган бир пайтимда жарима майдончаси учун тўланадиган пул миқдори ҳам ўсиб бормоқда. Буларни қандай тўлашга ҳам ҳайронман, жуда қийин аҳволда қолдим».

Пойтахтнинг Яшнобод туманида яшовчи талаба:

«9 март куни ишончнома муддати тамом бўлиб қолгани учун «штрафной»га қўйишганди, бир ҳафтадан кейин карантин бошланди ва машинам жарима майдонида қолиб кетди. ГАИга, жарима майдонига қайта-қайта мурожаатларимиз бефойда бўлди. Талабаман, жаримадан ташқари, шу ҳолимга жарима майдонига ҳам 3 ой учун 1 080 000 сўм пул тўлашим керак экан».

Ушбу маълумотларни текшириш учун автомобиллар сақланаётган Чорсу бозори яқинидаги кўп қаватли жарима майдони билан боғланиб, ростдан ҳам автомобил сақланган ҳар бир сутка учун 12 000 сўм хизмат ҳақи олинишига ишонч ҳосил қилдик. Жарима майдони ходими фуқароларга транспорт воситаларини чиқариб бериши учун тегишли мансабдор шахснинг ёзма рухсатномаси ва кўрсатилган хизмат ҳақини тўлаб қўйиш кераклигини таъкидлади.

Таксичилик билан шуғулланувчи ҳамюртимиз Шавкат Алимов шундай дейди:

«Таксичилик қиламан. 9 май куни онамга дори-дармон олиб келиш мақсадида машина миниб чиққандим. ЙПХ мени ушлаб, ярим минималка жарима ёзаман, деб машинамни жарима майдонига жўнатишди. Кейинчалик билсам, мени путёвкасиз чиққан, деб баённома тузишибди ва 4 минималка жарима ёзишган. Менда жарима тўлашга бунча пул йўқ, ёлғиз боқувчиман, даромадим фақат таксидан эди. Карантинда учта ёш боламни боқишим керак, онам эса касал, унга дори-дармон керак. Машинам эса жарима майдонида тургани учун кунига 14 минг сўмдан ҳисоблаб бориляпти. Бу вазиятдан чиқишга қандай йўл топишни билмай бошим қотган».

«Еffective Engineering» МЧЖ директори Авазбек Хусаинов порталга юборган шикояти жавобсиз қолганини айтади:

«Менинг автомашинам 2020 йил 5 апрел кунидан буён жарима майдонида ётибди, бугунги кунга кадар бир неча марта pm.gov.uz (Президентнинг виртуал қабулхонаси – таҳр.) портали орқали шикоят қилган бўлсам-да, на жавоб хати олдим ва на машинамни».

Таҳририятга бу каби масалаларда мурожаат йўллаган фуқаролар билан боғланиб, шунга амин бўлдикки, улар маъмурий ишларни кўриб чиққан ваколатли шахслардан автомобилларини олиб чиқишга рухсатнома беришни сўрашган бўлса-да, карантин тугамагани важи билан машинаси жарима майдонидан чиқарилишига рухсат берилмаяпти.

Айрим мурожаатларда, жарима тўловлари тўланган бўлса-да, мансабдорлар ҳайдовчилардан аввал маъмурий жаримани тўлаб қўйишни талаб қилишмоқда.

МЖтКнинг 291-моддаси, шунингдек Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 36-бандида ҳуқуқбузарлик содир этилганда, транспорт воситаси ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий иш кўриб чиқилгунга қадар ушлаб турилиши мумкинлиги қайд этилган.

Юқоридаги қоидадан шуни тушуниш мумкинки, ушбу вазиятда ушлаб туриш сабаби бартараф этилганидан, масалан тонировкали ойнадан тонировкани олиб ташлаш ёки ҳайдовчи суғурта полисини ишни кўриб чиқувчи мансабдор шахсга кўрсатгандан сўнг автомашина жарима майдонида чиқариб юборилиши лозим.

Маъмурий иш кўриб чиқилганидан сўнг транспорт воситасини ушлаб туриш вақти тугайди ва у эгасига қайтариб берилиши шарт. Ушбу ҳолатда транспорт воситасини жарима майдонидан чиқариш учун ҳайдовчидан маъмурий орган белгилаган жаримани тўлашни талаб қилиш ҳам ноқонуний ҳисобланади.

Автотранспорт воситасининг жарима майдонидан қўйиб юборилмаслиги маъмурий жаримани ундиришнинг осон ва ишончли механизмига айлантириб олинган. Аслида маъмурий иш кўриб чиқилганидан сўнг ҳайдовчи жаримани тўламасдан ҳам транспорт воситасини олиб кетишга ҳақли. Жаримани эса ҳуқуқбузар белгиланган вақт ичида ихтиёрий равишда тўлайди. Ихтиёрий тўланмаган жарималар эса махсус ваколатли орган – мажбурий ижро бўлимлари томонидан ундирилиши лозим.

Транспорт воситасини қайтариб бериш жараёни қонун ҳужжатлари бузилгани учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10 ва 11-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Яъни, ваколатли мансабдор шахс транспорт воситаси ушлангани сабаблари бартараф этилгандан кейин тўхташ жойига жойлаштирилган транспорт воситасини ҳайдовчига (эгасига, эгасининг вакилига) беришга ёзма рухсатнома беради. Шундан сўнг, транспорт воситасини олиб келиш ва сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлангандан кейин жарима майдонининг тегишли ходими ушбу ёзма рухсатномага асосан транспорт воситаси ҳайдовчисига (эгасига, эгасининг вакилига) транспорт воситасини қайтариб беради.

Ушланганлиги сабаблари бартараф этилганлиги – жарима тўланганлиги деб тушунилмаслиги керак.

Бироқ амалиётда юқорида келтирилган қонун ҳужжатларининг барчаси Махсус комиссиянинг биргина қарори олдида ожиз қолмоқда: карантин қоидаларини бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқарган шахсларга катта миқдорда жарима қўлланганидан ташқари уларнинг транспорт воситалари ҳамон эгаларига қайтарилмай, жарима майдонларида сақлаб келинмоқда.

Депутатлар наздида ноқонуний, Адлия вазирлиги ходими ва Ички ишлар вазирлиги учун эса акси

Ушбу ҳолатга нисбатан жамоатчиликда пайдо бўлган кескин эътирозларга жавобан Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорига асосан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ қонунийлиги айтиб ўтилган.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев карантин қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига қўйилишини ноқонуний деб ҳисоблаши ҳақида пост қолдирган эди.

Қонунчилик палатасининг яна бир депутати Дониёр Ғаниев ҳам ҳамкасбининг фикрларига қўшилиб, транспорт воситаларини карантин тугагунча ушлаб туриш қонунчиликка зидлиги, транспорт воситалари махсус рухсатномасиз бошқарилган тақдирда 4 млн 460 минг сўмдан 6 млн 690 минг сўмгача миқдордаги маъмурий жаримани қўллаган ҳолда, транспорт воситаси фуқароларнинг ўзига қайтариб берилиши лозимлигини, зеро бундай катта жариманинг ўзи ҳам катта тарбиявий, профилактик таъсирга эга бўлиб, ҳуқуқбузарлик давом эттирилишининг олдини олиш учун етарли эканини айтганди.

Дарҳақиқат, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида саналган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар турлари қаторида Комиссия қарорлари тилга олинмаган.

Кези келганда айтиш керакки, биз шу бугунгача Комиссиянинг бирорта қарори матнини ўз кўзимиз билан кўрганимиз йўқ.

Бундан ташқари, юқоридаги Қонуннинг 28-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши кераклиги, расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган.

Шунингдек, ушбу моддага кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди ҳамда эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Ушбу Қонуннинг 29-моддасида эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар сифатида «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) ва бошқа бир қатор манбалар келтирилган. Аммо негадир улар қаторида Telegram`даги бирорта канал кўрсатилмаган.

Шулардан хулоса қилиш мумкинки, МЖтК 291-модда 1-қисмининг «а» кичик бандида тилга олинган «қонун ҳужжатлари»дан мурод – бу айнан юқорида келтирилган тартибда эълон қилинадиган расмий ҳужжатлардир.

Бироқ юрист Ғайбулло Примов МЖтКнинг 291-моддасида қонун ҳужжатларида тўғридан тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш мумкинлигини таъкидлаганди.

Агар Ғайбулло Примов таъкидлаганидек, МЖтКнинг 291-моддасидаги «қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда» деган жумла ўзида Комиссия қарорларини ҳам қамраб оладиган бўлса, унда нега Комиссия қарорлари расмий нашрлар ёки қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳисобланган lex.uz сайтида эмас, Telegram`даги каналда эълон қилинмоқда?

Агар Комиссия қарорлари «қонун ҳужжатлари» ҳисобланса, нега қонун талабига кўра, барча реквизитлари билан ҳужжат шаклида тўлиқ матнда эълон қилинмаяпти?

Қонун устуворлиги принципига кўра, Комиссия қарори қандайдир расмий характерга эга бўлгани билан, унинг амал қилиш кучи Кодексдан устун турмайди. Комиссия қарорида белгиланган қайсидир қоида Кодексга зид келяптими, демак қарорга эмас, Кодексга амал қилиш керак.

Боз устига, биз Комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарори матнини ҳали бирор ерда кўрмадик. Шунчаки Telegram`даги каналдан ва телевидениеда узатилган брифинглардан транспорт воситалари «истисно тариқасида» карантин даврида ушлаб турилганини билмоқдамиз, холос.

Келинг, ушбу қоидани қонуний деб ҳисоблайлик ҳам. Бир неча ой аввал бутун республика миқёсида қатъий карантин чоралари амал қилаётган даврда ушбу қарор асосида транспорт воситалари жарима майдонида сақлаб турилгани тўғри қарор бўлганига ўзимизни ишонтириб ҳам кўрайлик. Аммо айни кунларда карантин чоралари юмшатилиб, махсус рухсатномасиз ҳам барча турдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилган бир замонда бир неча ой олдин жарима майдончаларига жойланган транспорт воситаларининг ҳамон эгаларига қайтариб берилмаётганини қандай тушуниш мумкин?

4 миллион сўмдан ошиқ жарима тўлагани етмагандай, жарима майдонида сақлаганлик учун ҳар кунлик тўловларни ҳайдовчи елкасига юклаш кимга керак?

 

Одил судлов вакили қандай фикрда?

Айни масалада Миробод туман Маъмурий суди раиси Юлдошев Сухроб Шарифович ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Сухроб Юлдашевнинг фикрига кўра, агарда МЖтК 54-моддасининг 2-қисми бўйича санитария-эпидемиология назорати инспектори томонидан баённома тузилган ва жарима жазоси белгиланган бўлса, ушбу ҳолатда МЖтК 291-моддасининг талаби бўйича маъмурий иш кўриб чиқилган ҳисобланади ва шу ондан бошлаб, маъмурий жарима тўланмаган бўлса ҳам транспорт воситаси жарима майдонидан чиқариб юборилиши керак.

Қонун талабига кўра, бу вазиятда санитария-эпидемиология назорати инспектори жарима майдонига жойлаштирилган транспорт воситасини ҳайдовчига (эгасига, эгасининг вакилига) беришга ёзма рухсатнома ёзиб бериши шарт.

«Ўлганнинг устига тепмайлик!»

Мана шундай мавҳумлик ортидан юзлаб, балки минглаб транспорт воситалари жарима майдонларида қолиб, шундоқ ҳам карантин даврида силласи қуриган халқнинг бир дардини ўн азобга айлантирмоқда.

Бундан фақат ва фақат бўш ер майдонидан пул қилувчи жарима майдони эгаларигина манфаат кўрмоқда, холос. Жабрини эса ҳар доимигидек оддий халқ тортмоқда.

Шундай экан, жарима майдонларида ётган автомашиналарни ўз эгаларига қайтаришни, қайтарилганда ҳам ушлаб туриш сабаби бартараф этилган ёки маъмурий иш кўриб чиқилган вақтдан бошлаб ушлаб турилган давр учун жарима майдони тўловларини ундирмасликни назарда тутувчи кўрсатма берилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мақсадимиз – кимнидир айблаш эмас, балки карантин вақтида оғир вазиятда қолган фуқароларнинг моддий аҳволини янада оғирлаштирадиган мазкур тартибнинг ҳам қонунга, ҳам адолатга зидлигини кўрсатиб бериш, ушбу масалага расмийлар эътиборини қаратиб, вазиятнинг халқ фойдасига адолатли ечим топишига эришишдан иборатдир.

Зеро транспорт воситаси жарима майдонида ушлаб турилган ҳайдовчилар орасида ўз улови ортидан рўзғор тебратадиганлари ҳам талайгина.

Дилшод Абдуқодиров
Аббос Салайдинов

Мавзуга оид