Ўзбекистон | 19:32 / 30.03.2021
5071
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда Венгрия компанияси билан ҳамкорликда кунгабоқар мойи ишлаб чиқариш заводи қурилади

Ўзбекистоннинг «BMB trade group» ва Венгриянинг «Kish group» компаниялари ҳамкорлигида кунгабоқар мойи ишлаб чиқариш заводи очилади. Лойиҳа қиймати 90 миллион доллардан зиёд экани айтилмоқда. 

«BMB trade group» компанияси тижорат директори Мирғулом Усмонов 29 март куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида мазкур корхона ҳақида маълумот берди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, завод 2022 йилда қуриб битказилиши ва ишга туширилиши кутилмоқда.

«Ўзбекистоннинг «BMB trade group» ва Венгриянинг «Kish group» компаниялари ҳамкорликда кунгабоқардан мой ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳа қиймати 90 миллион доллардан ортиқни ташкил қилади. Шундан 52 миллион АҚШ доллари завод қурилиши ва Венгриядан ускуналар олиб келиниши учун сарфланади. 40 миллион доллардан зиёд маблағ эса кунгабоқар пистасини етиштириш ва заводни хомашё билан таъминлаб беришга йўналтирилади», - деди Мирғулом Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, завод Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қурилиши кўзда тутилган. Республиканинг кунгабоқар етиштирилувчи ҳудудларидан эса хомашё етказиб берилади.   

«Бундан ташқари, қуриладиган заводда ишлатиладиган ускуналар ҳам Венгриядаги ҳамкорларимизнинг «Kish engineering» номли шуъба корхонасида ишлаб чиқарилади.

Бу лойиҳа тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда. Бизнинг компания эса фақатгина кунгабоқар писталарини хомашё сифатида етказиб бериш билан шуғулланади.

Ҳозирда Ўзбекистонга кунгабоқар мойи асосан импорт қилинади. Шу туфайли ишлаб чиқарилган дастлабки маҳсулот Ўзбекистон бозорига ва ундан кейинги босқичларда қўшни давлатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Завод 2022 йилда ишга тушиши режалаштирилган», – деди у.

Аввалроқ Венгрия бош вазири Виктор Орбан 29 март куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани, ташриф доирасида Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган 10дан ортиқ ҳужжат имзолангани хабар қилинганди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттиргани ҳам маълум қилинган.

Мавзуга оид