Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Дўстлик” божхона постидаги тирбандликларнинг сабаби нимада?
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган “Дўстлик” чегара божхона постидан айрим кунлари суткасига 20 минггача фуқаро ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири билан суҳбатда Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Фарҳод Каримов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда вилоят божхона бошқармаси таркибида жами 7та божхона пости мавжуд бўлиб, фуқаролар ҳаракати, биринчи навбатда, “Дўстлик”, сўнгра “Маданият” ва “Андижон аэропорти” чегара божхона постлари орқали ўтади.

“Қорасув шаҳридаги “Туратали” бозорида улгуржи савдо бўладиган кунларда “Дўстлик” божхона пости орқали одамлар оқими суткасига 20 минг нафаргача етди ва бу божхона постининг кучайтирилган тартибда ишлашига сабаб бўлмоқда”, деди Каримов.
Айрим “уддабуронлар” гуруҳлар тузиб олган бўлиб, бир-икки киши божхоначиларни чалғитишга, учинчиси эса юкларни олиб ўтишга ҳаракат қилади.
“Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, шу йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшни давлатлардан божхона орқали олиб келинаётган товарларнинг миқдори қисқарди ҳамда чегараланди. Эндиликда 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис техникалари 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин. Бироқ айримлар бу тартиб-қоидани четлаб ўтишга уриниб, кўп миқдорда сотиб олган маҳсулотларини олиб ўтиш учун бошқа шахслардан фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳаттоки ўқ-дорилар, ов қуроллари олиб ўтишга уриниш ҳолатлари ҳам содир бўлди. Масалан, постнинг кириш пиёда йўлаги орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароси Х.Д. га тегишли бўлган қўл ва бошқа юклари рентген аппарати ёрдамида божхона кўригидан ўтказилганида унинг қўл юклари орасига яширилган 1 литрли ҳажмдаги елим идишда 6,3 кг овчиларнинг патрон ўқини тайёрлашда ишлатиладиган қўрғошин шарчаларни олиб кирмоқчи бўлганлиги божхона ходимлари томонидан аниқланди”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, қўшни давлат томонда фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтаётган юклари назорат текширувидан ўтказилмайди, Ўзбекистон томонда эса юклар назоратдан ўтказилади. Фуқаролар ўзлари билан олиб ўтаётган кўплаб юклари билан ўтиш йўлини тўсиб қўйишмоқда, навбатга туриш одобига амал қилишмаяпти, шовқин-сурон, тўполон орқали тезроқ ўтиб кетишга ҳаракат қилишмоқда. Айнан ана шундай шахслар сабабли Қорасув бозорида улгуржи савдо бўладиган кунлари божхона постида тирбандликлар юзага келмоқда.

“Одамлар тартиб сақлашса, бир-бирларига ҳурмат билан ёндашадиган бўлишса, чегара постидан 15 дақиқа ичидаёқ ўтишлари мумкин. “Дўстлик” чегара божхона пости очилишидан асосий мақсад аслида халқимизнинг қўшни мамлакатдаги ота-онаси, ака-укаси, яқинлари билан эркин борди-келди қилиши учун имконият яратиш эди. Юртдошларимиздан ана шу имкониятни суиистеъмол қилмасликларини сўраган бўлардим”, - деди Фарҳод Каримов.
Мавзуга оид
18:10 / 20.09.2025
“Юк машиналари сабаб ҳаловат йўқ” – чегара қишлоқдаги тартибсизликлар қачон барҳам топади?
17:12 / 05.11.2024
Андижондаги “Дўстлик” чегара божхона постида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади
11:20 / 15.08.2021
ТИВ: Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшаган. Афғонистонликларнинг асосий қисми кўприкни тарк этган
14:13 / 16.03.2021