Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида жойлашган “Дўстлик” божхона пости яқинида яшовчи фуқароларнинг неча йилдирки ҳаловати йўқолган. Юк машиналарининг божхона текширувидан ўтиш учун асосий қатнов йўлини тўсиб қўйиб кмлаб масофани эгаллаб туриши, 10 йиллардан бери битмаётган янги йўл аҳолининг хақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Kun.uz мухбири бу борада таҳририятга мурожаат қилган Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Янги Фарғона ҳамда Тўраобод маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ва расмийлар билан суҳбатлашди.

Ўқувчиларнинг йўлдан ўтиши ҳам анча хавфли. Мактабга ўтиш йўлагида на белги ва на йўл чизиғи бор. Шунда ҳам улар мактабга бориш учун ҳаётини хавф остига қўйиб йўлни эгаллаб олган юк машиналари оралаб ўтишларига тўғри келади. 2013 йилда бошланган йўл қурилиши ишларининг сифатсиз бажарилаётгани эса алоҳида бир мавзу. Ерости бетон йўлагининг бир қисми ўпирилиб аҳоли яшаш хонадонларидан бирини босиб қолган экан.

“Юк машиналарининг йўлимизни тўсиб қўйиши бизни чарчатди. Турнақатор навбатлар то Гагарин қишлоғигача боради. Юк машиналари ҳафтада икки кун нисбатан камроқ бўлади. Қолган кунлари ҳар куни мана шу аҳвол. Айниқса шанба ва якшанба кунлари кўчада юришнинг иложи йўқ.

Шарифа Солиева

Яқинда шу катта машиналарнинг бири танишимни уриб юборди. Аптекага ўтган экан, қайтаётганда уриб юбориб, ўлиб қолди ўша ерда. Мактабга болаларимизни қўйиб юборгани ҳам қўрқамиз, кўча мана бу аҳвол бўлса. Катта йўл. Тўсатдан келиб қолади юк машиналари.

Кўряпсиз-ку, белги ҳам йўқ йўлларда. Шўрлик мактаб болаларига ҳам қийин бўлди. Мактабга ўтувчи йўл чизиғи ҳам йўқ. Маҳаллага, йўлга шароит қилиб қўйиш керак-да. Йўлда қурилиш бошланганига 10 йил бўлди ахир.  Ҳали битмайди”, дейди Шарифа Солиева. 

“Фураларни қаторлатиб қўйиб кетишади. На йўлдан ўта оласан, на машинангни бемалол ҳайдайсан. Юк машиналари йўлнинг бир томонини тўлиқ эгаллаб олгандан кейин ҳайдовчилар чорасизликдан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланишга тўғри келяпти. Кечаси билан сигнал чалиб чиқишади. Ҳайдовчиларнинг бақир-чақирига ухлай олмаймиз, Хитойдан келган ҳайдовчилар бақирганда қўявераверасиз. Қирғизистондан ўтган ҳайдовчилар ҳам худди яйловга чиқиб қолгандек қийқиришади. Инспекторлар келиб сигналини чалиб сиренасини қўйиб олади. Одамлар дам олаётгандир, деб  ўйлайдиган одамнинг ўзи йўқ. Ҳеч кимнинг иши йўқ. Қачонгача шу аҳволда яшаймиз, билмайман.