Ўзбекистон | 20:28 / 12.01.2026
23286
6 дақиқада ўқилади

Антикоррупция агентлиги ҳукуматдан Озодбек Назарбековга чора кўришни сўради

Тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, ўзига қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалгач, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилди. Агентлик бу ҳолатда вазир давлат хизматчиси этикасини бузганини қайд этган.

Фото: Видеодан кадр

Маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни қабул қилгани – давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини бузиш ҳисобланади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳолат юзасидан Kun.uz сўровига жавобида келтирилади.

Агентлик «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан тасдиқланган давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 13-бандида давлат фуқаролик хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланганини эслатган.

Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларининг 3-бандига кўра, давлат хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиши лозим.

Шу қоидаларнинг 7-бандига кўра, давлат хизматчиси ўзг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриши, асосли ва конструктив танқиддан ўз фаолиятидаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этиш йўлида фойдаланиши лозимлиги қайд этилган.

Шу билан биргаликда, мазкур қоидаларнинг 29-бандида давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлиши белгиланган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасига вазир Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва уни келгусида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши лозимлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича сўровнома юборилган.

Келгусида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари Агентлик томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилиши қайд этилган.

Ўзи нима бўлганди?

Январ ойи бошида ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ ижро этаётгани ва унга қистирилган пулларни қабул қилаётгани акс этган видео тарқалди.

Ушбу видео тармоқ фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Айримлар Озодбек Назарбеков санъат вакили экани, шу сабабли тўй-тадбирларда мухлислар даврасида қўшиқлар айтишда ва концерт беришда давом этиши кераклигинини билдиришган, шу билан бирга, у вазир сифатида тўйлардан даромад топиши нотўғри эканини таъкидлаганлар ҳам кўп эди.

Маълум бўлишича, ушбу ҳолат Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яёҳбек Мўминов ўғлини уйлантирган тўйда рўй берган. Октябр ойида бўлиб ўтган ўша тўйда вазирдан ташқари кўплаб таниқли қўшиқчи ва артистлар – Юлдуз Усмонова, Зоҳиршоҳ Жўраев, Жаҳонгир Позилжонов, Дилноза Кубаева, Рихситилла Абдуллаев, Элмурод Исломов ва бошқалар иштирок этган.

Вазирлик изоҳи

Маданият вазирлиги ахборот хизмати изоҳ беришича, видеолардаги ҳолат 2025 йил 25 октябр куни, вазирлик ходимининг никоҳ тўйида бўлган. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Сирожиддин Ўсаров бундай «қистир-қистир»лар асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва орзу-ҳавас ҳисобланишини қайд этганди.

«Видеода вазир Озодбек Назарбековга мухлислар томонидан пул узатилгани акс этган. Шу билан бирга, вазир ушбу ҳолатни олдиндан режалаштирмагани, юзага келган вазиятда фуқароларнинг хоҳиш-иродасини рад этиш уларни омма олдида ноқулай аҳволга солиб қўйиши, камситиш ёки менсимаслик сифатида нотўғри талқин қилиниши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда, ҳолатга ижобий муносабат билдирилганини кузатиш мумкин.

Тўй маросимларида хонандаларга пул узатиш ёки узатмаслик амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бўлиб, бу ҳолат халқимиз орасида асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат ва қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекона анъаналарда бундай жараёнлар “орзу-ҳавас” сифатида эътироф этилиб келинади», дейилган изоҳда.

Озодбек Назарбеков – нафақат маданият вазири, балки таниқли ўзбек хонандаси, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон халқ артисти, шунингдек Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими ҳисобланиши, унинг касбий фаолияти бевосита миллий қўшиқчилик санъати билан боғлиқлиги сабабли, тўй маросимида кузатилган ҳолат вазирнинг касбий фаолияти билан боғлиқ вазият сифатида баҳоланиши лозимлиги қайд этилган.

«Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсон эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ўз танлаган касбидан айро бўла олмайди. Мазкур ҳолат ҳам айнан шу нуқтайи назардан келиб чиққан», дейилган изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам Озодбек Назарбеков эркаклар кийимлари дўконини реклама қилиб чиққани жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлганди. Маданият вазирлиги матбуот хизмати эса у рекламада тушиш орқали моддий манфаат кўзламаганини маълум қилганди.

Шунингдек, 2025 йилда Озодбек Назарбеков хусусий университет рекламасида ҳам кўриниш берган. Вазирлик ахборот хизмати ушбу ҳолат юзасидан берган изоҳида вазирнинг видеодаги тавсиялари «ижтимоий фойдали ахборот» бўлиб, «даромад олишга қаратилмагани»ни таъкидлаганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид