"Реклама орқали наф олиш кўзланмаган" — Маданият вазирлиги Озодбек Назарбековнинг реклама ролигида чиққанига муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентдаги кийим дўконларидан бирини реклама қилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Вазирлик расмий муносабат билдириб, Назарбековнинг бундан ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаганини маълум қилди. Рақобат қўмитаси эса ҳолатни ўрганяпти.

Фото: Видеодан кадр
Аввалроқ Kun.uz маданият вазири Озодбек Назарбеков Тошкентдаги эркаклар кийим дўконини реклама қилгани ҳақида ёзганди. Ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Ҳолат юзасидан маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди. Вазирликка кўра, Озодбек Назарбеков “The Voice of Uzbekistan” лойиҳаси ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида “Kingsman Uzbekistan” кийимлар дўконига ташриф буюриб, лойиҳанинг навбатдаги сонини тасвирга олиш жараёнида қатнашиш учун лойиҳа имижмейкерлари билан биргаликда либос танлаган.
"Либос танлаш жараёнида лавҳада айтиб ўтилганидек, О.Назарбеков миллий бренд ривожи учун ўзининг шахсий фикрларини билдириб, тавсия бериб ўтган. Бу орқали мамлакатимизда яратиб берилган қулай бизнес муҳити туфайли фаолиятини самарали йўлга қўйган, хорижникидан асло қолишмайдиган сифатли маҳсулотлар тайёрлашга интилаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Яъни бундан Назарбековнинг ҳеч қандай моддий манфаатдорлиги ёки реклама орқали наф олиш мақсади кўзланмаган"- дейилади расмий хабарда.
Баёнотда Озодбек Назарбеков Маданият вазири, қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти ва давлат хизматчиси сифатида Ўзбекистон Республикасининг барча қонунларини ҳурмат қилиши ва уларга қатъий риоя этиши қўшимча қилинган.
"Шу ўринда, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликдан ҳолатга холисона баҳо беришларини, жараённи ноўрин айбловлар билан ёритмасликларини сўраб қоламиз", - дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу ҳолатнинг “Реклама тўғрисида”ги қонунга мослиги ўрганилишини маълум қилган.
Мавзуга оид

16:17 / 03.05.2025
Тошкентда рухсатсиз ўрнатилган реклама, баннер ва пешлавҳалар олиб ташланмоқда

16:31 / 28.04.2025
Умрага оид реклама қонунчилигини бузганлар жазоланди

23:07 / 17.04.2025
АҚШ суди Googleʼни онлайн реклама бозорида монополист деб топди

08:40 / 26.03.2025