Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Axios: Трамп Нетаньяҳуни сулҳни бузганликда айблади
АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу билан телефон орқали суҳбатда Ливанга берилган зарбалар ва Яқин Шарқдаги ўт очишни тўхтатиш келишувининг издан чиқиши юзасидан кескин норозилик билдирган. Бу ҳақда Axios нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбат давомида Трамп Нетаньяҳунинг ҳаракатларини қаттиқ танқид қилган ҳамда уни “ақлдан озган” деб атаган. Шунингдек, АҚШ раҳбари Исроил бош вазирига коррупция иши бўйича қамоқ жазосидан қутулишида ёрдам берганини эслатган.
Axios манбаларига кўра, Трамп Ливанга берилган зарбалар туфайли Нетаньяҳу халқаро майдонда тобора кўпроқ танқидларга учраётганини ва бу Исроилнинг янада яккалаб қўйилишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
1 июнь куни Нетаньяҳу Ливан пойтахти Байрутнинг жанубий ҳудудларига зарба беришга буйруқ берган. Исроил бу қарорни Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан тўқнашувлар кучайгани билан изоҳлаган. Шунингдек, Исроил армияси Ливандаги қуруқликдаги операцияларини ҳам кенгайтирган.
Axios маълумотига кўра, Трамп суҳбат чоғида Ливанда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони ортиб бораётганидан хавотир билдирган. У, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” қўмондонларини йўқ қилиш операциялари вақтида турар жой биноларининг бузилаётганини ҳам танқид қилган.
Бу орада Эроннинг Tasnim агентлиги Теҳрон ва Вашингтон ўртасида воситачилар орқали олиб борилаётган музокаралар тўхтатилганини маълум қилди. Бироқ Трамп бу хабарларни рад этиб, музокаралар “жуда тез суръатларда давом этаётгани”ни айтди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Исроил ва Ливан ўртасида ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича келишувга эришган ва бу Эрон билан мулоқотларни давом эттириш имконини берган.
Мавзуга оид
17:02
Тарихий қалъа эгалланиши ва Эроннинг норозилиги. Ливанда нималар бўлмоқда?
09:20
Трампнинг яқин иттифоқчиси Миллий разведкага раҳбарлик қилади
21:07 / 02.06.2026
АҚШ Эрон билан музокара ўтказишнинг асосий шарти сифатида Ҳўрмуз бўғозини очишни талаб қилмоқда
20:29 / 02.06.2026