Ўзбекистон | 23:08 / 03.01.2026
16653
4 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар яна калтакланди. Бир ўзбекистонлик вафот этди

Россиянинг Хабаровск шаҳрида бир ўзбекистонлик кучишлатар тузилмалар томонидан калтакланганидан кейин вафот этгани айтилмоқда. Ўзбекистон холис тергов сўраб, нота юборди. Депутат Алишер Қодиров РФдаги ватандошларни у ердан кетишга чақирди. Бу воқеа билан деярли бир вақтда Хабаровскда ўзбеклардан ташқари, ўнлаб қирғизлар ҳам калтакланган.

Депутат Алишер Қодиров Россиядаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқиб, уларни Россиядан тезроқ кетишга даъват қилди. Унинг бу мурожаати Хабаровск шаҳридаги машъум воқеа билан билан боғлиқ.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, 2025 йил декабр ойи ўрталарида Узоқ Шарқдаги Хабаровск шаҳридаги кафелардан бирида кучишлатар тузилмалари ўтказган рейдда марказий осиёлик муҳожирлар калтакланган. Натижада икки ўзбекистонлик комага тушиб қолиб, улардан бири вафот этгани айтиляпти.

2 январ куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан холис ва қонуний тергов ўтказишни сўраб, Россия томонига нота юборилганини маълум қилди. Ҳозирда вафот этган ўзбекистонликнинг жасадини ватанга қайтариш чоралари кўриляпти.

Вазирлик хабарида ватандошнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида расман тасдиқланган маълумот йўқлиги айтилган. Комага тушиб қолгани айтилган иккинчи ўзбекистонлик ҳақидаги маълумот эса тасдиқланмади, дейилади ТИВ ахборотида.

Олий Мажлис депутати, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров бу воқеадан кейин Россиядаги ватандошларга мурожаат қилиб, уларни Россиядан тезроқ кетишга чақирди.

“Ишонинг, вазият ой сайин фақат ёмонлашади.

Рус махсус хизматлари марказий осиёликларни Россияда кутилаётган нотинчликларнинг фаол иштирокчиси сифатида тахмин қилмоқда, шу сабабли улардан келадиган фойдадан аллақачон кечиб бўлинган.

Ақлингизни ишлатинг, Россиядан тезроқ кетинг! Ҳеч қандай даромад ота-оналар ва фарзандларингизнинг кўз ёшига арзимайди!” – деб ёзди Алишер Қодиров ўз Telegram-каналида.

Қайд этиш керак, декабр ойи ўрталарида Хабаровскда Қирғизистон фуқаролари ҳам ОМОН ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. “Озодлик” радиоси гаплашган қирғизларнинг айтишича, 12 декабр куни кучишлатар органлар ходимлари автопаркда рейд ўтказиб, автобус ва микроавтобус ҳайдайдиган 80 га яқин қирғизистонликни қўлга олган ва уларни бир неча соат давомида калтаклаган.

“Ҳамма ҳайдовчиларни қўлга олишди. Ҳужжатларимизни олиб қўйиб, эрталабгача калтаклашди. Паспортим йўқлиги учун мени касалхонага қабул қилишмади. Ҳозир уйда ётибман, аҳволим оғир: қовурғам синган. Юзимда жароҳат излари йўқ, лекин бутун аъзойи баданим кўкариб кетган. Хонага ўн кишидан олиб кириб, уч ходим дубинка билан калтаклади. Ҳаммаси ниқобда эди. Айримларни миграцион варақаларни чайнаб, сув билан ютишга мажбурлашди”, – деган 7 ойдан бери Хабаровскда ишлаётган қирғизистонлик Самарбек Осмон ўғли.

Ўшанда Қирғизистоннинг Хабаровскдаги консули Қодирбек Мирзабоев 17 нафар ватандошдан шикоят тушгани учун Россия Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва Федерал хавфсизлик хизматига нота юборганини маълум қилган. Консулнинг сўзларига кўра, унга мурожаат қилган қирғизистонликлар танасидаги жароҳатларни кўрсатиб, тез ёрдамдан маълумотнома ҳам олиб келишган. Айни пайтда Қирғизистон расмийси жўнатган нотага Россия идоралари қандай жавоб бергани маълум эмас.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид