Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистон Ўзбекистондан ҳарбий вертолётларни қайтаришни яна бир бор сўради
2021 йил августида толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганида, олдинги режим ҳарбийлари Ўзбекистонга 46 та ҳарбий самолёт ва вертолётда қочиб ўтган эди. «Толибон» вакиллари ушбу техникаларни қайтаришни бир неча бор сўраган. Ўзбекистон ушбу самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки ҳисобланиши ва уларни қайтариб бўлмаслигини таъкидлаб келмоқда.
Амир Хон Муттақий / Фото: TOLOnews
Афғонистоннинг «Толибон» ҳукуматидаги ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Ўзбекистон ва Тожикистонни 2021 йил август ойида афғон учувчилари мамлакатдан олиб қочган ҳарбий вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Tolonews нашри хабар берди.
«Биз тўрт йил аввал сиёсий воқеалар натижасида вертолётларимизнинг бир қисмини олиб қўйган ва қўшни давлатларга топширган давлатлардан ушбу вертолётларни афғон халқига қайтаришни сўраймиз, улар гуманитар мақсадларда ишлатилади», деди Муттақий Кобулда дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда.
8 сентябр куни Afghanistan International нашри ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон яқин кунларда Афғонистонга 2021 йилда мамлакатдан олиб чиқиб кетилган 57 та ҳарбий вертолётни қайтариши ҳақида хабар берган эди. 11 сентябр куни The Kabul Times газетаси Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг Ўзбекистон авиатехникаларни қайтаришга рози бўлганини айтган сўзларидан иқтибос келтирди.
Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов афғонистонлик расмийнинг сўзларини рад қилди.
«Бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзбекистоннинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда, тарқатилаётган хабарлар эса фейк», деб таъкидлади Бурхонов.
Расмий маълумотларга кўра, 2021 йил августида толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганида, олдинги режим ҳарбийлари Ўзбекистонга 46 та (22 та ҳарбий самолёт ва 24 та вертолёт) ҳаво кемасида қочиб ўтган.
Ўтган вақт мобайнида Афғонистоннинг муваққат ҳукумати вакиллари бир неча бор ҳарбий техникаларни қайтаришни талаб қилиб чиққан.
Ўзбекистон томони эса ушбу самолёт ва вертолётлар АҚШ мулки ҳисобланиши ва уларни қайтариб бўлмаслигини таъкидлаб келади.
2024 йил августида Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник самолёт ва вертолётлар Ўзбекистонда қолдирилиши, икки мамлакат расмийлари бу борада келишувга эришганини маълум қилди. У «ушбу техникалар ҳеч қачон афғонларники бўлмагани»ни эслатди.
2025 йил февралида берилган маълумотларга кўра, Black Hawk русумли 7 та вертолёт Ўзбекистон томонидан аллақачон Қўшма Штатларга қайтарилган, ўнлаб бошқа техникалар Ўзбекистонда қолдирилган.