Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада банкир, Жиззахда ҳокимлик мансабдори пора билан ушланди
ДХХ ўтказган тезкор тадбирда Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги мансабдор ходими тадбиркордан 500 доллар талаб қилиб, пул маблағини олган вақтида қўлга олинди. Фарғонадаги тадбирда эса банк хизматлари маркази раҳбари 10 минг доллар билан ушланди.
Фото: ДХХ ахборот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах ва Фарғона вилоятларида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
ДХХ ахборот хизматига кўра, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги мансабдор ходими хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда тадбиркорнинг ишончига кирган. Хусусан, ҳокимлик ходими тадбиркорга туман мелиорация бўлими балансида бўлган 45 сотих ер майдонини ўзининг яқин алоқалари орқали олиб бериш ҳамда унинг 24 ёшли танишини МЧЖга ишга киритиб қўйишни айтади. Буларнинг эвазига тадбиркордан 500 доллар талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ҳокимият вакили ушбу масалаларни ҳал қилиб бериш баҳонасида аввал ҳам 3,5 млн сўм олиб, шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлиги аниқланди.
Бошқа ҳолатда эса Ўзбекистондаги тижорат банкларидан бирининг Фарғона банк хизматлари маркази раҳбари ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига киради.
Мансабдор шахс банкнинг бош офисидаги танишлари орқали унга 2,5 млрд сўм миқдорида кредит ажратиб бериш эвазига кредитнинг 5 фоизини, яъни 125 млн сўм талаб қилади.
ДХХ ва прокуратура департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда банк мансабдори сўралган пул маблағи ҳисобидан 10 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Идора, фуқаролар шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганида, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беришни сўраган. Хабар берган шахснинг маълумотлари сир сақланиши кафолатланади.
Мавзуга оид
23:10 / 30.05.2026
Навоийда минг доллар порани рад этган ЙПХ ходими мукофотланди
08:29 / 26.05.2026
Қашқадарёда ИИБ ходими пора билан ушланди
17:24 / 21.05.2026
Дубайга олиб кетилаётган қарийб 2 кг олтин тўхтатиб қолинди
08:25 / 21.05.2026