Жаҳон | 19:36 / 22.03.2019
30819
8 дақиқада ўқилади

Жўлан тепаликлари кимга тегишли? Трампнинг баёнотини Исроилдан бошқа ҳеч ким маъқулламаяпти

Фото: Jalaa Marey/AFP/Getty Images

Куни кеча Америка президенти Дональд Трамп АҚШ учун Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини тан олиш вақти келганлигини билдирди.

У Twitter саҳифасида Жўлан тепаликлари ўта муҳим стратегик аҳамиятга эга эканлигини, Исроил давлати ва минтақавий хавфсизлик учун муҳимлигини эътироф этди.

Фото: Alex Wong/Getty Images

Ўз навбатида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Трампга Жўлан тепаликлари устидан яҳудий давлатининг суверенитетини тан олишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.

Трампнинг баёноти Биньямин Нетаньяхунинг АҚШга ташрифи ва Исроилда бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида янгради.

Жўлан тепаликларининг Исроилга тегишли эканлигини тан олиш ҳақидаги мазкур баёнот бошқа мамлакатлар томонидан салбий қарши олинди.

Россия: "Россия ҳеч қачон буни тан олмайди"

Кремль Дональд Трампнинг бу баёнотини салбий баҳолади.

"Шубҳасиз, бундай чақириқлар Яқин Шарқда шусиз ҳам кескин бўлиб турган вазиятни издан чиқариши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай фикр Яқин Шарқда барқарорликни таъминлаш борасидаги мақсад ва вазифаларни амалга оширишга хизмат қилмайди, бунинг акси бўлади", — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

У Москва бу "шунчаки чақириқ бўлиб қолишига" умид қилаётганини қўшиб қўйди.

Россия Жўлан тепаликлари Исроилга тегишли эканлигини ҳеч қачон тан олмайди, деди Россия Федерация кенгаши халқаро қўмитаси аъзоси Олег Морозов.

"Россия ҳеч қачон буни тан олмайди", - таъкидлади Морозов.

Унинг айтишича, "Трамп жаҳон ҳамжамияти ва араб дунёсини гижгижлашга уринмоқда".

"Бундан учта мақсад кўзланган. Биринчиси – бу масалада АҚШни нафақат асосий, балки ягона иттифоқчи сифатида кўриши керак бўлган Исроилни ўзига янада боғлаб олиш. Иккинчи мақсад – араб дунёсини парчалаб ташлаш. Кимдир бўйсунади ва жим бўлади. Бу эса уни АҚШга яқинлаштиради ва араб дунёсининг бу масаладаги бирлигини заифлаштиради. Учинчи мақсад – Сурияга ва унинг Россия билан ҳамкорлигига зарба бериш", - деди сиёсатчи.

Москва АҚШ президенти Дональд Трампнинг Жўлан тепаликлари ҳақидаги баёнотини масъулиятсизлик деб ҳисоблайди, деди Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова.

Фото: Владимир Гердо/ТАСС

Захарованинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамиятининг асосий вазифаси "янги урушлар пайдо қилиш ёки мавжуд низоларни чуқурлаштиришда давом этиш эмас, балки минтақага барқарорликни қайтариш ва тинчликка олиб борувчи мустаҳкам йўлга тушиб олиш"дир.

"Россия Федерацияси Жўлан тепаликлари Сурия Араб Республикасига тегишлилиги масаласида принципиал қарашга эга. Бу БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1981 йилдаги 497-резолюцияси билан тасдиқланган. Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини ўрнатиш тўғрисидаги ҳуқуққа зид тусдаги қарори борасида фикримиз ўзгармайди", - деди Захарова.

Унинг сўзларига кўра, Жўлан тепаликлари мақомининг Хавфсизлик кенгашини айланиб ўтган ҳолда ўзгартирилиши БМТ қарорининг тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади.

Евроиттифоқ: "ЕИ фикри ўзгаргани йўқ"

Евроиттифоқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотига қарамасдан, илгаригидек Жўлан тепаликларини Исроилнинг ҳудуди деб тан олмайди, деди ЕИ дипломатик хизмати вакили Майя Косьянчич.

"ЕИ фикри ўзгаргани йўқ. Евроиттифоқ халқаро ҳуқуққа мос равишда 1967 йилда босиб олинган ҳудудлар, жумладан Жўлан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олмайди ва уларни Исроил ҳудудининг бир қисми деб кўрмайди", - деди Косьянчич.

Араб давлатлари лигаси: "Жўлан тепаликлари - Суриянинг босиб олинган ҳудуди"

Араб давлатлари лигаси Исроил босиб олган Жўлан тепаликларига нисбатан Суриянинг ҳуқуқини тўлалигича қўллаб-қувватлайди, деди ташкилот бош котиби Аҳмад Абул Ғайт.

Унинг сўзларига кўра, Сурияга тегишли Жўлан устидан Исроил суверенитетининг тан олиниши бунинг бошқалар учун ҳам мажбурий эканлигини англатмайди.

"Араб давлатлари лигаси Исроил босиб олган Жўлан тепаликларига нисбатан Суриянинг ҳуқуқини тўлалигича қўллаб-қувватлайди, бу масалада резолюцияларга асосланган аниқ қарашимиз мавжуд", - деди Абул Ғайт.

У Жўлан тепаликлари халқаро ҳуқуқ, БМТ, Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига мувофиқ Суриянинг босиб олинган ҳудуди ҳисобланишини айтди.

Эрон: "Исроил ҳеч бир араб ва ислом ҳудуди устидан суверенитетга ҳақли эмас"

Фото:EPA-EFE

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Дональд Трампнинг бу баёнотини қоралади ва Исроил арабларнинг ҳеч бир ҳудудига ҳақли эмаслигини билдирди.

"Сионистик режим босқинчи режим сифатида ҳеч бир араб ва ислом ҳудуди устидан суверенитетга ҳақли эмас. Бу режимнинг зўравонлиги ва босқинчилигига зудлик билан чек қўйиш зарур", - дейилади Эрон ТИВ вакили Баҳром Қосимийнинг баёнотида.

У Трампнинг баёнотини Жўлан тепаликлари масаласига аралашув деб атади ҳамда Америка президентининг бундай ҳаракатлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияси, халқаро ҳуқуқ ва принципларни бузиш, АҚШ сиёсати эса тинчликка таҳдид эканлигини қайд этди.

Хитой: "Барча манфаатдор томонлар БМТ резолюцияларига риоя қилишлари лозим"

Жўлан тепаликлари кимга тегишлилиги масаласида барча манфаатдор томонлар БМТ резолюцияларига риоя қилишлари лозим, деди Хитой ТИВ расмий вакили Гэн Шуан.

"Босиб олинган араб ҳудудлари, жумладан Жўлан тепаликлари борасида БМТнинг тегишли резолюцияларида аниқ ёзиб қўйилган, Хитой барча манфаатдор томонлар БМТ резолюцияларига, халқаро ҳуқуққа риоя қилишлари лозим деб ҳисоблайди", - деди дипломат.

Туркия: "АҚШнинг баёноти минтақани янги инқироз ёқасига олиб келади"

Фото: EPA-EFE/TOLGA BOZOGLU

АҚШнинг Голан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олиш зарурлиги тўғрисидаги баёноти минтақани янги инқироз ёқасига олиб келади, деди Туркия президенти Таййип Эрдўған.

"Бу муваффақиятсиз баёнот Яқин Шарқ минтақасини янги инқироз ёқасига олиб келади", - деди Эрдўған Истанбулда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ижроия қўмитасининг фавқулодда йиғилишида.

У Исроилнинг Жўлан тепаликларини босиб олишини қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.

Трамп: "АҚШнинг ҳеч қайси президенти буни қилмаганди"

Трампнинг ўзи ушбу қарорга келиш борасида узоқ ўйланганини айтди.

"Мен бундай қилиш тўғрисида узоқ ўйландим, бу АҚШнинг барча президентлари учун оғир қарор бўлган, ҳеч қайси президент буни қилмаганди", - деди Трамп FOX Business телеканалига берган интервьюсида Жўлан тепаликлари тўғрисидаги баёноти ҳақидаги саволга жавоб бераркан.

Голан тепаликлари 1967 йилгача Сурия таркибига кирган. Олти кунлик уруш давомида Исроил қўшинлари бу ҳудудни босиб олган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрда Дональд Трамп Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олганди.

Мавзуга оид