Ўзбекистон | 13:00 / 15.10.2018
106128
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ИИБнинг янги бошлиғи ва вилоятнинг янги прокурори тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазири ўринбосари Тоҳир Тўлқинович Арипов Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттиради. Бу маълумот «Kun.uz» манбаси томонидан тасдиқланди.

Тоҳир Арипов
Фото: ИИВ ахборот хизмати

У 14 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган селектор давомида ишдан олинган Абдумалик Алламуродовнинг ўрнида иш бошлайди.

Полковник Тоҳир Арипов шу йилнинг май ойи охирида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланганди. У 2017 йилнинг июлидан 2018 йил майигача ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи бўлган.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг янги прокурори ҳам маълум. «Kun.uz» манбаси маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари Салом Исматович Самадов вилоят прокурорига айланган.

Салом Самадов
Фото: Бош прокуратура

У бу лавозимда ўз аризасига биноан ишдан бўшатилган Шавкат Раҳматов ўрнида иш бошламоқда.

Салом Самадов 1963 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 1990 йилда Харьков юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 1990 йилда Бухоро вилояти Ф.Хўжаев туман прокуратурасида бошлаб, Бухоро ва Навоий вилоятлари прокуратуралари органларида турли лавозимларда, 2005 йилдан бошлаб, Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари, Хатирчи ва Кармана туманлари прокурори, Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти прокурори, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Салом Самадов 2017 йилнинг ноябрида Ўзбекистон Республикаси президенти фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид