Спорт | 20:30 / 08.04.2019
18659
10 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» ўйинида яна ҳакамлар мавзуси, Фарғонада пенальтилар, Олмалиқда эса голлар ёмғири – Суперлигада тур якунлари

4-7 апрель кунлари Ўзбекистон Суперлигасида 3-тур ўйинлари ўтказилди. Бу тур давомида футбол мухлислари кўплаб қизиқарли ўйинларга гувоҳ бўлишди. «Пахтакор» яна ғалаба қозонди ва турнир жадвалидаги пешқадамликни давом эттирди. «Бунёдкор» эса учинчи уринишда ғалаба қозониб, очколар ҳисобини очди. Қуйида турнинг энг қизиқарли воқеаларини эслаймиз.

«Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси

3-турнинг марказий баҳси Тошкентда ўтказилди. «Пахтакор» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилди. Бу жамоалар иштирокидаги ўйинлар доим қизиқарли кечган. «Насаф» ўтган мавсумларда кўплаб етакчиларини бошқа клубларга кузатганига қарамай, Рўзиқул Бердиев яна рақобатбардош жамоа туза олди. «Сўғдиёна»га қарши тотал устунликдаги ғалабадан сўнг «Насаф» Тошкентдаги катта ўйинда ҳам «Пахтакор»га жиддий қаршилик кўрсатиши кутилганди.

Амалда шундай бўлди ҳам. «Пахтакор» жуда кучли таркибга эга бўлса ҳам, асосан 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат «Насаф» Шота Арвеладзе жамоасига жиддий қаршилик кўрсатди. «Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси анчадан буён эсланмаётганди. Қолаверса, жорий мавсумда «шерлар» ҳар доимгидан кучли кўрина бошлади. Бироқ 3-турга келиб яна «Пахтакор» ва ҳакамлар мавзуси «очиқ деб эълон қилинди».

Ўйинни бошқариб борган Азиз Асимов аввалига йўқ жойдан «Пахтакор» дарвозасига пенальти белгилади. 10-дақиқа ўтиб бораётганда Жалолиддин Машарипов чап қанотдан олдинга борди ва тўпни жарима майдончасига узатди. Тўп ҳимоячи Ғолиб Ғайбуллаевга тегиб, майдонни тарк этди. «Насаф» футболчилари хотиржам бурчак тўпи тепилишига тайёрланаётган бир вақтда Асимов тўп ҳимоячининг қўлига тўп текканини қайд этиб, «Насаф» дарвозасига пенальти белгилади.

Ваҳоланки, тўп Ғайбуллаевнинг қўлига эмас, қорнига текканди. Championat.asia сайти ўша ҳолатда тўп футболчининг қорнига текканини исботлайдиган видеони ҳам эълон қилди.

Бу вазиятда тўп қўлга тегмаганини билиш учун одам минг йилдан буён ҳакамлик қилаётган ва мультфильмлардаги суперқаҳрамонлар каби кўзга эга бўлиши шарт эмас. Шунчаки оддий физика қонунларидан хабардор бўлса кифоя.

«Пахтакор»нинг иккинчи голи ҳам можароли бўлди. Бироқ Кримецнинг голида тўп чиндан ҳам «Насаф» ҳимоячисидан Кримецга боргандек кўринди. Шу сабаб иккинчи гол «тоза» урилди, деган хулоса ўринлироқ.

Хуллас, «Пахтакор» яна ҳакамлар «иштироки»да ғалаба қозонди. Асимов «Пахтакор» иштирокидаги навбатдаги ўйинда қўпол хатога йўл қўйди. «Бунёдкор» билан ўйинда ҳам Камолиддин Тожиев яққол офсайддан гол урганини эсласангиз керак. Ўша ўйинда ҳам ҳакам Азиз Асимов эди...

Бешта гол урган ва «Роналдуга голни нишонлаши ўргатган» Полвонов

Олмалиқнинг ОКМК жамоаси мавсумни ёмон бошлади. Ўз майдонида «Бухоро» билан 0:0 ўйнаган олмалиқликлар иккинчи турда «Қизилқум»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлишди. Осиё Чемпионлар Лигаси ҳамда Ўзбекистон Суперкубогидаги муваффақиятсизликлар Миржалол Қосимовнинг жаҳлини чиқаргани аниқ. Чунки Қосимов мағлубиятларга кўниб кетадиган мураббий эмас.

ОКМК 3-турда «Қўқон-1912»ни қабул қилиб, ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонди – 7:1. Бу эса олмалиқликларнинг ўйинга қандай кайфиятда тушганини кўрсатади. Ўйинда тажрибали ҳужумчи Зафар Полвонов оз эмас, кўп эмас, бешта гол урди. Бунақаси ўзбек футболида 2006 йилдан буён бўлмаганди. Полвонов голини Криштиану Роналду услубида нишонлади. Бу борада Қосимов ҳазиллашиб, шундай деди: «Роналду голни бундай нишонлашни Зафардан ўрганган». Полвонов бир ўйиндаёқ Суперлига тўпурарлар рўйхатида биринчи ўринга чиқиб олди.

Бир ўйинда 4та пенальти ва Абрамовнинг илк ғалабаси

Вадим Абрамовнинг мураббийликка қайтгани мухлисларни хурсанд қилди. Чунки бу мураббий миллий терма жамоадаги фаолияти сабаб кўпчиликнинг ҳурматини қозонган. Уни пароканда бўлиб кетган «Бунёдкор» кутиб турганди. Жамоада раҳбарият ўзгарган, кўпдан-кўп қарзлар, легионерлар билан мууммолар, тайин стадион йўқ, етакчилар кетган. Аммо Абрамов «Бунёдкор»нинг ёш футболчилари билан яхши жамоа туза олди.

Суперлиганинг дастлабки икки турида мағлуб бўлган «қалдирғочлар» устози жамоа тезроқ ғалаба қозониши керак эканини айтганди. 3-турда «Бунёдкор» жиддий ўйинда майдонга тушди. Абрамов жамоаси Фарғонада «Навбаҳор» билан ўйнади. Турнинг энг қувноқ ўйинида расмий меҳмон мақомидаги жамоа 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Бу ўйинни мухлислар 4та пенальти белгилангани билан эслаб қолишади. Илгиз Танташев ҳар икки жамоани ҳам «хафа қилмай» жамоаларнинг дарвозасига иккитадан, жами тўртта пенальти белгилади. Хуршид Ғиёсов иккита пенальтидан ҳам гол урди, «Навбаҳор» ҳужумчиси Александр Касян эса битта пенальтидан аниқ фойдаланиб, иккичисида хато қилди, унинг зарбасини Мурод Зуҳуров бартараф этди.

Танташев пенальтиларни жуда кичик контактлар учун ҳам белгилагани эътиборни тортди. Ҳакам ҳар икки жамоа учун ҳам тенг миқдорда пенальти белгилаганига қарамай, ўйин охирида «Истиқлол» стадионига йиғилган мухлисларнинг «ширин сўзлари» билан «сийланди».

Фарғонада кечган баҳсда «қалдирғочлар» ҳақли ғалабага эришди. Буни Андрей Канчельскис ҳам тасдиқлади: «Биз рақибни менсимадик ва мағлуб бўлдик». Энди «Бунёдкор»ни менсимаслик керак эмаслигини билиб олишди. Чунки бу жамоанинг 17 ёшли футболчилари ҳам гол уришмоқда.

Вадим Абрамов ўйиндаги пенальтилар бўйича муносабат билдириб ўтди: «Мен майдонда туриб кузатдим, вазиятни тўлиқ кўрмасдан ҳозир бир нарса дейишим қийин. Агар пенальтига тортадиган вазият бўлса, тўртта эмас олтита ҳам белгилаш мумкин. Асосийси, ўша вазият ҳақиқатдан ҳам пенальти белгиланиши учун  асос бўлиши керак».

«Сурхон» дадил одимламоқда

15 йилдан сўнг юқори дивизионга қайтган «Сурхон» дастлабки икки турда ҳам ёмон таассурот қолдирмаганди. 3-турда Микляев шогирдлари Жиззахда «Сўғдиёна» меҳмони бўлишди. Таркибида яхши футболчилар жамланган термизликлар ярим соатнинг ўзида ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйишди. Шавкат Саломов иккита, Шерзод Ҳакимов битта гол уриб, ҳисобни 3:0 кўринишига келтиришди.

Айниқса, Шавкат Саломовнинг биринчи голи жуда чиройли чиқди. Бу ғалабадан сўнг «Сурхон» очколари сонини 7тага етказиб, турнир жадвалида иккинчи ўринга чиқиб олди. 4-турда етакчи «Пахтакор» айнан «Сурхон» меҳмони бўлади ва бу ўйин жуда қизиқари кечиши кафолатланган.

Истеъфо яқин...

3-тур ўйинларидан сўнг икки жамоа мураббийи истеъфо ҳақида гапирди. «Қўқон-1912» Олмалиқда 7та гол ўтказиб юборгач, жамоа мураббийи Нўъмон Ҳасанов раҳбарият олдида бирор вариант бўлса, истеъфога чиқишга тайёрлигини айтди. Ҳасанов матбуот анжуманида жуда тушкун ҳолатда бўлгани бу гапларни шунчаки айтмаганини билдиради. Балки, Ҳасанов тез орада истеъфога ҳам чиқар, балки унга имкон берилар.

Бу турда «Сўғдиёна» ҳам йирик ҳисобда мағлуб бўлди. «Сурхон»га қарши ўйиндан сўнг жиззахликлар бош мураббийи Сергей Лушчан ҳам истеъфо ҳақида гапирди. Бироқ «Сўғдиёна» уни ишдан бўшатгани ҳақида расман маълумот бергани йўқ.

Агар «Сўғдиёна» Лушчанни истеъфога чиқарса ҳам, ўз майдонида «Сурхон»дан, меҳмонда «Насаф»дан учралган жорий мавсумдаги мағлубиятлар сабаб истеъфога чиқармайди. Клуб Лушчанга ўтган мавсумдан буён имкон бериб келмоқда ва жамоа аутсайдерлар қаторидан чиқиб кета олмаяпти.

Ҳафта ғалабаси. «Динамо» 90+3-дақиқада 3 очкони илиб кетди

3-турда Самарқанднинг «Динамо» клуби мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди. Ўз майдонида Бекободнинг «Металлург» жамоасини қабул қилган самарқандликлар 90+3-дақиқада ғалабани илиб кетишди. «Динамо» ярим ҳимоячиси Ихтиёр Тошпўлатовнинг голига бекободликлар сафида Музаффар Музаффаров жавоб берганди. Ўйинда 1:1 ҳисоби сақланиб қоладигандек кўринган бир вақтда «Динамо» ҳимоячиси Миркомил Локаев жамоасига ғалаба келтирди.

Ўнг қанот ҳимоясида ўйновчи Локаев бўйи баланд футболчи эмас. Шундай бўлса-да, 90+3-дақиқада у жарима майдончаси чизиғида, дарвозадан 16 метр масофада туриб тўпни дарвоза тўрига жойлади. Бу вазиятда бекободликлар посбони Зафар Сафоев сирпаниб кетганди.

Ҳафта қаҳрамони – Зафар Полвонов

Ўтган икки турда легионер футболчилар Драган Черан ҳамда Элгужа Григалашвиллини ҳафтанинг энг яхши футболчси деб топгандик. Бу турда эса маҳаллий футболчини бу номга муносиб кўрдик. Бир ўйинда 5та гол урган Зафар Полвонов шубҳасиз, энг яхши бўлишга муносиб эди. 12 йилдан буён ўзбек футболида бу ишни эплаган футболчи топилмаганди.

Миллий терма жамоа мураббийлари доим бизда яхши ҳужумчи кўп эмаслигини айтишган. Масалан, Купер Осиё Кубогига биттагина номинал ҳужумчи билан борди. Жаноб Купер энди ОКМКнинг ўйинларини эътибор билан кузатса ҳам зарар қилмайди. Ахир бизда ҳар куни ҳам битта ўйинда 5та гол урадиган футболчи чиқавермайди-ку...

Мавзуга оид